Ҳаж ва умранинг таърифи ва ҳукми

0

 

Ҳаж ва умранинг таърифи:

Арабча ҳаж сўзи луғавий жиҳатдан “қасд”, “интилиш” маъноларини англатади.

Ҳажнинг шаръий маъноси эса, суннатда баён қилинган тартибда муайян амалларни бажариш орқали Аллоҳга ибодат қилишдан иборат[1].

Умра сўзининг маъноси “зиёрат қилиш” демакдир.

Ҳажнинг ҳукми:

Ҳаж бир бир мукаллаф (яъни балоғатга етган, ақлли мусулмон)га фарздир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уй, (яъни Каъба)ни ҳаж–зиёрат қилиш бурчи бордир” [Оли Имрон: 97]. Ҳаж ислом арконларидан бири. Бунга далил Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинган “Ислом беш (устун) устига қурилган…”[2] ҳадисидир.

Умр давомида бир маротаба ҳаж қилиш фарздир. Бунга далил Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга хутба қилиб шундай дедилар: “Эй инсонлар, Аллоҳ сизларга ҳажни фарз қилди. Шундай экан, ҳаж қилинглар”. Бир киши деди: “Ҳар йилими, эй Расулуллоҳ?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам индамадилар. Ҳалиги киши саволни уч марта такрорлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар мен “Ҳа”– десам (ҳар йили ҳаж қилиш) фарз бўлиб қолган ва сизлар бунга қодир бўлмаган бўлур эдингиз”. Сўнгра яна шундай дедилар: “Мен сизларни модомики (ҳеч нарсага буюрмай ёки бирон нарсадан қайтармай ўз ҳолингизга) ташлаб қўйган бўлсам, мен(дан савол сўрашн)и бас қилинглар. Чунки, сизлардан олдинги (уммат)лар кўп савол сўраш ва анбиёларига эътироз билдиришлари сабабли ҳалок бўлган эдилар. Агар сизларни бирон ишга буюрсам ундан кучингиз етгунича бажаринг, агар бирон нарсадан қайтарган бўлсам, албатта уни тарк қилинглар[3].

Уммат уламолари ҳажнинг фарз эканига ижмо қилганлар.

Умранинг ҳукми:

Уламоларнинг рожиҳ фикрига кўра, умр давомида бир марта умра қилиш вожибдир. Саҳобалардан Али, Ибн Аббос, Ибн Умар ва Ойша розияллоҳу анҳумлар шу  фикрда бўлганлар. Умранинг вожиблигига далолат қиладиган далиллардан бири Абу Разин Уқайлий ҳадисидир. Ҳадисда келишича, “Абу Разин Уқайлий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига келиб шундай дейди: “Отам ҳажга ҳам, умрага ҳам, сафарга ҳам ярамайдиган ёши ўтган кекса киши”. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Отангнинг номидан ҳаж ва умра қил”– дедилар[4].

“Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умра ҳажга кирди[5]–дедилар. Бу ҳадис умранинг ҳажга алоқадор экани, унинг бир бўлаги ва ҳукмда унга ўхшаш эканини кўрсатади. Шу боис, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Дарҳақиқат, Аллоҳнинг китобида умра ҳаж (билан ёнма-ён зикр қилинувчи у)нинг ҳамроҳидир”, –деган. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо эса: “Албатта ҳар бир кимсанинг зиммасида ҳаж ва умрани адо қилиш бор[6] –деган.

[1] Қаранг: “Ал-шарҳул мумтеъ” асари (7\7).

[2] Бухорий (8), Муслим (16), Термизий (2609) ва Насоий (8\107) ривоят қилган.

[3] Муслим (1337) ва Насоий (5\ 110-111) ривоят қилган.

[4] Саҳиҳ. Абу Довуд (1810), Термизий (930), Насоий (5\117) ва Ибн Можа (2906) ривоят қилган.

[5] Ушбу ҳадисни уламолар турли хил тушунганлар. Умрани вожиб деган аксар уламолар бу ҳадисни тушунишда икки хил фикрга бордилар. Биринчиси: “Умра ҳажга кирди” дегани “умрани ҳаж ойлари мобайнида ҳам қилиш жоиз”, яъни умрани адо қилиш вақтлари ҳажни адо қилиш вақтларига кирди, деганидир. Негаки, жоҳилият аҳли ҳаж ойларида умра қилишни жоиз эмас, деб эътиқод қилишар эди. Иккинчиси:  “Умра ҳажга кирди” дегани умра амаллари ҳаж амалларининг ичига кирди, деганидир. Чунки “ҳажжи қирон”, яъни ҳаж ва умрани ният қилиб эҳром боғлаган кишининг қилган битта тафови, битта саъйи ҳар иккисига тегишли бўлади. Энди умрани суннат деган уламоларга келсак, улар “Умра ҳажга кирди” деган гапдан мақсад, “ҳаж ибодатини адо этиш билан умранинг фарзлиги соқит бўлди”, деганидир, дейишади.

[6] Бухорий (3\ 197) “муаллақ” ҳолда ривоят қилган ва Дорақутний (2\ 285) ҳадиснинг ровийлар шажарасини  охиригача улаган. Шунингдек, ҳадисни Ҳоким (3\ 471) ривоят қилиб, унга саҳиҳ деб ҳукм қилган. Ҳоким ривоят қилган матн қуйидагича: “Албатта, йўл харажатига қодир бўлган ҳар бир кимсанинг зиммасида вожиб бўлган ҳаж ва умра бор”.

Изоҳ қолдиринг