Аллоҳ таолонинг барча исмлари гўзалдир

0

Аллоҳ таолонинг барча исмлари гўзалдир. У зот Қуръони Каримда тўрт ўринда ўзининг исмларини гўзал деб сифатлаган:

  1. Аллоҳнинг (Аллоҳ ва расули тарафидан баён қилинган) гўзал исмлари бор. У зотга ўша исмлар билан дуо қилинглар. Унинг исмларида ҳақдан оққан, (бу исмларнинг маъноларини ўзгартирган, баъзиларини инкор қилган ёки у исмларга ўзи тарафидан қўшимча қилган) кишиларни қўйинглар. Улар тез орада қилган амалларига яраша жазо оладилар” (Аъроф 180);

  2. Эй Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам, айтинг: Хоҳ Аллоҳга дуо қилинглар, хоҳ Раҳмонга дуо қилинглар. Қайси бирига дуо қилсангиз ҳам, (буларнинг барчаси Аллоҳнинг исмларидир. Яъни, сизлар битта илоҳга дуо қилмоқдасизлар). Зеро, Аллоҳнинг гўзал исмлари бор” (Исро, 110). Бироқ У зотнинг бир қанча гўзал исмлари бор, холос. Сизлар шу исмлар билан номланган ягона зотга дуо қилаяпсизлар;

  3. Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Унинг гўзал исмлари бор” (Тоҳа, 8);

  4. У Аллоҳ Холиқ (Яратувчи), Борий (йўқдан бор қилувчи) ва Мусаввир (барча нарсаларга шакл берувчи)дир. Унинг гўзал исмлари бор. Осмонлару ердаги барча нарсалар Унга тасбеҳ айтади. У Азиз (Қудратли) ва Ҳаким (Ҳикматли) зотдир” (Ҳашр, 24).

Бу оятларнинг барчасида Аллоҳнинг исмлари гўзал деб сифатланган. Аллоҳ таолонинг исмлари фақатгина айтилиши чиройли бўлгани учун эмас, балки чиройли маъноларга далолат қилгани учун ҳам гўзалдир.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг