Аллоҳнинг исм ва сифатлари: Латиф исмининг маъноси (01)

0

Араб тилидаги маъноси

Латиф[1] сўзи араб тилида икки хил маънони англатади.

Биринчиси: мулойим ва юмшоқ муомалада бўлиш, яхшилик қилиш, илтифот ва меҳрибонлик кўрсатиш, иззат-икром қилиш. Бу маъно لَطَفَ، يَلْطُفُ، لُطْفًا ولَطَفاً феълидан олинган.

Иккинчиси: нозик ва ингичка бўлиш. Бу маъно لَطُفَ، يَلْطُفُ، لَطَافَةً феълидан олинган. Шунингек, моҳияти ноаниқ ва махфий нарсага ҳам латиф деб айтилади. Масалан, араблар маъноси махфий ва ноаниқ сўзга: لَطِيفٌ مِنْ الكَلَامِ (Латифун минал калом), яъни тушунарсиз ва чигал сўз, деб айтишади.

«Латиф» сўзи «латафа» (لَطَفَ) феълидан ясалган от-исмдир.

Қуръонда келган ўринлари

Аллоҳ таолонинг Латиф исми Қуръони каримда етти марта зикр қилинган:

  1. Кўзлар уни идрок эта олмас. У кўзларни (барча нарсаларни) идрок этур! У латиф ва (ҳар нарсадан) огоҳ зотдир” (Анъом, 103-оят).

  2. Албатта, Парвардигорим Ўзи хоҳлаган нарсасига латиф бўлган зотдир. Албатта, Унинг Ўзигина билим ва ҳикмат соҳибидир” (Юсуф сураси, 100-оят).

  3. (Луқмон деди): «Эй ўғилчам, шак-шубҳа йўқки, агар (банда қилган яхши ёки ёмон амал хартанг уруғидек (яъни зарра мисқолича) бўлса, бас, у (амал) бирон харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани-да Аллоҳ келтирур. Зеро, Аллоҳ латиф ва (барча нарсадан) хабардор зотдир” (Луқмон сураси, 16-оят).

  4. (Ахир) яратган зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?! У латиф ва (ҳар нарсадан) хабардор зотдир” (Мулк сураси, 14-оят).

  5. Аллоҳ осмондан сув-ёмғир ёғдириб, натижада, (бутун) ер кўм-кўк бўлишини кўрмадингизми?! Дарҳақиқат, Аллоҳ латиф ва огоҳ зотдир” (Ҳаж сураси, 63-оят).

  6. Аллоҳ бандаларига латифдир. У Ўзи хоҳлаган кишиларга (кенг-мўл) ризқ берур. У кучли, қудратлидир” (Шўро сураси, 19-оят).

  7. Уйларингизда Аллоҳнинг оятлари ва ҳикмат (яъни пайғамбар ҳадислари)дан иборат тиловат қилинадиган нарсаларни зикр-тиловат қилинглар! Албатта Аллоҳ латиф ва огоҳ бўлган зотдир” (Аҳзоб сураси, 34-оят).

Аллоҳ таолога нисбатан қай маънода қўлланиши

Қатода роҳимаҳуллоҳ айтади: “Қуръондаги: “Албатта, Парвардигорим Ўзи хоҳлаган нарсасига латиф зотдир. Албатта, Унинг Ўзигина билим ва ҳикмат соҳибидир”, деган оятнинг маъноси шуки, Аллоҳ таоло Юсуфга меҳрибонлик қилиб, уни зиндондан чиқарди, ота-онаси ва оила аъзоларини чўлу саҳродан олиб келди, қалбидан шайтон васвасасини ва ака-укалари орасига солган шайтон иғвосини чиқариб ташлади[2]. Қатоданинг фикрига кўра, ушбу оятда латиф исми меҳрибон ва яхшилик қилувчи маъносида қўлланган.

Ибн Жарир роҳимаҳуллоҳ оят тафсирида шундай дейди: “Латиф, яъни бандаларига меҳрибон, бандалари ва уларнинг амалларидан хабардор[3].

Хаттобий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Латиф – бандаларига меҳрибон, уларга ўйламаган тарафдан яхшилик кўрсатадиган ва кутмаган тарафдан манфаатларини муҳайё қиладиган зот демак. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ бандаларига латиф (яъни меҳрибон)дир. У Ўзи хоҳлаган кишиларга (кенг-мўл) ризқ берур. У кучли, қудратлидир”, (Шўро сураси, 19-оят)”.

Абу Умар[4] роҳимаҳуллоҳ Абул Аббос Саълаб орқали Ибн Аъробийдан[5] нақл қилиб айтади: “Латиф сўзи муҳтож бўлиб турган нарсангни сенга мулойимлик (мурувват) билан етказувчи, деган маънони англатади. “Аллоҳ сенга лутф айласин”, деган сўз ҳам шу маънода айтилади. Яъни яхши кўрган нарсангни сенга мулойимлик билан етказсин, дегани.

Шунингдек, латиф сўзи айрим ҳолатларда “Кўринишини идрок қилиш латиф” дея, яъни кўринишини идрок қилиш қийин маъносида қўлланилади.

Гоҳида юпқа ва ноаниқ маъносини ҳам билдиради. Мазкур маъно Аллоҳдан бошқа мавжудотга ишлатилса, жисми кичкина деган маънони билдиради. Бундай маъно бериш Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло шаънига тўғри келмайди[6].

Шавконий раҳимаҳуллоҳ “Албатта, Аллоҳ латифдир”, оятини тафсир қилиб шундай дейди: “Ҳеч нарса Унга махфий бўлмайди. Ҳар қандай махфий нарсани билади[7].

Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ “Нуния” номли шеърида Аллоҳнинг Латиф исмини таърифлаб, қуйидаги мазмунда мисралар битган: “Аллоҳнинг латиф сифати икки маънода бўлади. Биринчиси: махфий ишлар ва сирларни яхши билади. Иккинчиси: меҳрибонлик айлаб, яхшилик қилади”.

Абдураҳмон ибн Носир Саъдий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Латиф – илми барча сир ва махфий нарсаларни қамраб олган зот дегани. Шунингдек, яшириниб ётган, сир бўлган ва нозик (майда-чуйда) ишларни билувчи, деган маънони ҳам билдиради. Мўмин бандаларига меҳрибон, уларга манфаатларини Ўз лутфи ва карами ила ўзлари билмаган томондан етказади. Демак, латиф исми хабардор ва меҳрибон деган маъноларни англатади экан[8].

Юқоридаги маълумотларга кўра, Латиф исмининг маъноси қуйидагича бўлади:

  1. Ҳеч бир иш, қанча кичик, нозик ва арзимас бўлмасин, Унга махфий қолмайдиган, яъни илми ўткир зот.

  2. Бандаларига меҳрибон. Уларга ўзлари билмаган томондан илтифот ва меҳрибонлик кўрсатади, ўйламаган томонларидан ризқлантиради. Аллоҳ таоло айтади: “Ким Аллоҳдан тақво қилса, унга (қийинчиликдан) чиқадиган йўлни пайдо қилади. Ва уни ўзи кутмаган томондан ризқлантиради” (Талоқ сураси, 2-3 оятлар).

  3. Зотини идрок қилиб бўлмайди.

Биринчи ва учинчи маънога кўра, Латиф Аллоҳнинг зотига тааллуқли исм бўлади. Иккинчи маънога кўра эса, Аллоҳнинг иш-ҳаракатига тааллуқли.

(Давоми бор)

[1] Қаранг: Ибн Асир, “Ниҳоя”, (4\251), Ибн Манзур, “Лисонул араб”, (5\4036), “Зажжож, “Тафсирул асмо”, (44- бет) ва Роғиб Исфаҳоний, “Ал-муфрадот фи ғарибил Қуръон”, (450-бет).

[2] “Тафсири Табарий”, (13\47).

[3] Табарий, “Жомеул баён”, (5\29).

[4] Абу Умар – Муҳаммад ибн Абдулвоҳид ибн Абу Ҳошим. Зоҳид, буюк луғатшунос олим. Саълабнинг ғуломи номи билан машҳур бўлган. Ҳижрий 261 йилда туғилиб, 345 йилда вафот этган. Қаранг: Абул Баракот ибн Анборий, “Нузҳатул алиббо”, (206-бет).

[5] Ибн Аъробий – Муҳаммад ибн Зиёд. Забардаст луғатшунос олим, шеър илмида унга тенг келадигани бўлмаган. Ҳижрий 150 йилда туғилиб, 231 йилда вафот этган. Қаранг: Хатиб, “Тарихи Бағдод”, (5\282) ва Зириклий, “Аълом”, (6\131).

[6] Хаттобий, “Шаънуд-дуо”, (62-бет). Қаранг: Зажжож, “Тафсирул асмо”, (44-бет).

[7] Шавконий, “Фатҳул Қадир”, (4\239) ва Алусий, “Руҳул маоний”, (21\89).

[8] Саъдий, “Тайсирул-Каримур-Раҳмон”, (5\301).

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг