Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Бузоха жанги ва Тулайҳа қўшини тор-мор этилиши

0

Бузоха жанги

Шундан сўнг Холид ибн Валид йўлида давом этди ва Тулайҳа Асадий қўшини билан Бузоха деган жойда тўқнашди. Жуда кўп аъробий қабилалар тараддудда қолган, жангда ким ғалаба қозонишини кутиб туришар эди. Тулайҳа ўз қавми ҳамда уларга қўшилган бошқа қавмлар билан бирга келди. Унинг ёнида Бани Фазоралик Уяйна ибн Ҳисн ҳам қавмидан етти юз аскар билан ҳозир бўлди. Қўшинлар саф тортди. Тулайҳа ўзини пайғамбар кўрсатиб, ваҳий келишини кутаётгандек, либосига ўраниб ўтириб олди. Уяйна урушганича урушди, сўнг чарчаб унинг ёнига келди. У ҳамон либосига ўраниб ўтирарди. Уяйна ундан: “Жаброил бирон ваҳий келтирдими?” деб сўради. У: “Йўқ, келмади”, деди. Уяйна яна бир қанча вақт урушиб, толиққач, унинг ёнига келиб, яна: “Жаброил келдими?” деб сўради. У яна: “Йўқ”, деб жавоб берди. Учинчи марта келиб сўраганида: “Ҳа, келди”, деди. “У сенга нима деди?” деб сўради. “У менга: “Сенда худди унинг тегирмонидек тегирмон бўлади ва асло эсингдан чиқмайдиган бир ҳадис (гап) айтилади” деди”, деб жавоб берди. Уяйна деди: “Аллоҳ сен учун асло эсингдан чиқмайдиган бир гап бўлишини билган, деб ўйлайман”. Сўнг ўзининг одамларига қараб: “Эй фазораликлар, юринглар, қайтиб кетамиз”, деди ва уларни олиб, ортига қайтиб кетди. Мусулмонлар бостириб келганида Тулайҳа ўзи учун олдиндан ҳозирлатиб қўйган бир отга минди, хотини Наворни туясига ўтқазди, сўнг у билан бирга Шомга қараб йўл олди. Унинг қўшини тирқираб кетди, Аллоҳ унга эргашган тоифани ҳалок қилди[1].

Холид ибн Валид Тулайҳа устидан ғалаба қозонгани ва қўшинини тор-мор қилгани ҳақида Абу Бакрга хабар йўллади. Абу Бакр Сиддиқ унга шундай жавоб юборди: “Аллоҳнинг сенга инъом этган бу ғалабалари яхшилигингни янада зиёда этсин. Сен ўз ишингда Аллоҳга тақво қил, зеро, Аллоҳ яхши амаллар қилган ҳолда Унга тақво қилувчилар билан биргадир. Сен ишингда ғоят жиддий бўл, кўнгли бўшлик қилма, мусулмонни ўлдирган бирон мушрикка раҳм этма ва жазосини бер”. Холид Бузохада Сиддиқнинг кўрсатмаларига амал қилиб бир ой турди. Қавм муртад бўлиб кетган пайтда ичларидаги муртад бўлмай динини ушлаб қолган мусулмонларни ўлдирган кимсаларни топиб, уларни қатл қилди, баъзиларини ёқиб юборди, баъзиларини тошбўрон қилдирди, айримларини тоғдан ташлаб ўлдирди. Бу ишларни у бошқа муртад бўлиб кетган араблар эшитиб, ибратланишлари учун қилди[2].

Бану Асад ва Ғатафон қабилалари Сиддиқ ҳузурига элчилар юбориши

Бани Асад ва Ғатафондан иборат Бузоха элчилари Абу Бакр ҳузурига сулҳ сўраб келишганида, уларга бор-будларидан маҳрум қилувчи уруш билан шармандали сулҳдан бирини танлаш ихтиёрини берди. Улар: “Бор-будимиздан маҳрум қилувчи урушни тушундик, шармандали сулҳ қандай бўлади?” деб сўрашди. “Қурол-яроқларингиз ва от-уловларингиз тортиб олинади. Сизлардан қўлга киритган нарсаларимиз бизга ўлжа бўлади, биздан қўлга киритган нарсаларингизни қайтариб берасизлар. Биздан ўлдирилганлар жаннатда, сизлардан ўлдирилганлар дўзахда эканига гувоҳлик берасизлар. Биздан ўлдирилган кишилар учун хун пули тўлайсизлар, сизлардан ўлдирилганлар учун хун пули тўланмайди. То Аллоҳ Пайғамбарининг халифасига ва мўминларга сизларни маъзур қиладиган ишларингизни кўрсатмагунича туяларнинг думига эргашиб (яъни туя боқиб) юрадиган қавм бўлиб қоласизлар”, деб жавоб берди. Сўнгра Абу Бакр Сиддиқ уларга айтган гапларини (саҳобаларга) айтганида Умар ибн Хаттоб ўрнидан туриб, шундай деди: “Менда бир фикр бор, маслаҳат тариқасида айтаман. Маҳрум қилувчи уруш билан шармандали сулҳ ҳақида айтган гапингиз жуда яхши гап бўлибди. Улардан олган нарсаларимиз бизга ўлжа бўлиб қолиши ва улар биздан олган нарсаларини қайтаришлари ҳақидаги гапингиз ҳам жуда яхши гап бўлибди. Энди биздан ўлдирилганларга хун пули беришлари, уларнинг ўлганлари дўзахда бўлиши ҳақидаги гапингизга келсак, биздан ўлганлар жанг қилиб, Аллоҳнинг амри устида ўлдирилдилар, уларнинг ажрлари Аллоҳнинг зиммасида, улар учун хун пули олинмайди”, деди. Абу Бакр Умарнинг сўзларини қабул этди[3].

Умму Зимл воқеаси

Бузоха урушида мағлубиятга учраган Тулайҳанинг ғатафонликлардан иборат бир қанча аскарлари Зафар деган жойда Умму Зимл Салмо бинти Молик ибн Ҳузайфа номли бир аёл атрофига йиғилдилар. Бу хотин онаси Умму Қирфа каби арабларнинг бообрў хонадони вакилларидан эди. Унинг онаси серфарзандлиги ҳамда қабиласи ва хонадони обрўйи учун курашиши билан зарбулмасал эди. Бу хотин ўз атрофига йиғилган қўшинни Холид ибн Валидга қарши урушишга даъват этди. Бани Сулайм, Той, Ҳавозин ва Асад қабилаларидан ҳам одамлар йиғилиб, анчагина катта қўшин жамланди. Холид ибн Валид бундан хабар топгач, улар устига юриш бошлади. Икки ўртада жуда қаттиқ жанг бўлди. Умму Зимл онасининг машҳур туясига миниб олган эди. Холид уларни мағлубиятга учратди, Умму Зимлнинг туясини сўйиб юборди, ўзини ўлдирди ва Абу Бакрга ғалаба ҳақида хушхабар йўллади[4].

 

[1] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (2/322).
[2] Ўша манба.
[3] “Найлул автор” (8/22). “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (2/223).
[4] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (2/323).

Изоҳ қолдиринг