Усмон розияллоҳу анҳу: Вилоятлар ва волийлар (3)

0

Олтинчи: Арманистон

Ислом қўшинлари илк бор Усмон розияллоҳу анҳу даврида Арманистон томон юриш бошлади. Ўшанда бу минтақага қараб биринчи исломий қўшин унга энг яқин вилоят саналган Шом диёридан йўлга чиқди. Саккиз минг атрофида жангчи бўлган ушбу қўшин  қўмондони Ҳабиб ибн Маслама Феҳрий эди. Қўшин Арманистонда қатор шаҳар-қишлоқларни фатҳ қилишга муваффақ бўлди. Бу орада румликлар мусулмонларга қарши урушда арманларга ёрдам бериш учун қўшин йиғиши натижасида исломий лашкар олдида хавф пайдо бўлди. Шу сабабли халифадан мадад кучлари юборишини сўрадилар. Халифа Усмоннинг буйруғи билан тахминан олти минг кишилик қўшин Салмон ибн Рабеа Боҳилий қўмондонлигида Кўфадан йўлга чиқди[1].

Аммо Ҳабиб ибн Маслама билан Салмон ибн Рабеа ўртасида низо келиб чиқди. Халифа шахсан ўзи бу низони бартараф этишга бош-қош бўлди ва уларга мактуб йўллаб, ўрталаридаги муаммони ҳал қилди[2]. Мактубда Усмон розияллоҳу анҳу Салмон ибн Рабеани қўшинга бош қўмондон ва Арманистонга амир этиб тайинлаган эди[3]. Шундан кейин Салмон ибн Рабеа Арманистонда, ундан сўнг Хазар юртида фатҳлар ва ғалабалар билан тобора ичкари кириб бораверди. Баъзи ривоятларда келганидек, охири унинг ўн минг кишилик қўшини билан Хазар подшоҳининг уч юз минг жангчидан ташкил топган қўшини ўртасида шиддатли жанг бўлди ва бу урушда Салмоннинг қўшини қирилиб кетди.

Кейин Усмон розияллоҳу анҳу Ҳабиб ибн Масламага мактуб йўллаб, уни яна бир бор Арманистонга юришга буюрди. Шундан сўнг у қўшинга бош бўлиб, шаҳар-қишлоқларни яна бирин-кетин фатҳ қила бошлади. Бу сафар мусулмонларнинг қадамлари бу ўлкага мустаҳкам ўрнашди, ерли халқлар билан баъзи битимлар ҳам имзоланди[4].

Сўнг Усмон розияллоҳу анҳу Ҳабиб ибн Масламанинг тажрибаси ва ҳарбий куч-қудратига ишониб, уни Жазиранинг[5] чегара ҳудудларига йўналтиришга қарор қилди. Ўрнига Арманистон волийлигини ҳам Озарбайжон волийси Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу ихтиёрига топширди.

Ҳузайфа Арманистондан Хазар юртига бир неча марта ҳарбий юриш қилди[6]. Бир йилга яқин муддатдан сўнг Усмон розияллоҳу анҳу уни бўшатиб, ўрнига Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳуни Арманистон волийси этиб тайинлади. У Усмон розияллоҳу анҳунинг вафотига қадар Арманистон ва Озарбайжонга волий бўлиб қолди[7].

Ушбу вилоят Ислом давлатига Усмон розияллоҳу анҳу тарафидан қўшилган бўлиб, унинг давригача фатҳ қилинмаган эди. Мусулмонлар уни фатҳ қилиш, бошқариш ва ишларини тартибга солишда анча-мунча қийинчиликка дуч келдилар[8].

 

 

[1] «Табақот», (6/131).

[2] Қудома ибн Жаъфар, «Ал-хирожу ва синоатил-китоба» 326-бет.

[3] Ибн Аъсам, «Ал-футуҳ» (2/112).

[4] «Ал-вилояту алал булдон» (1/177).

[5] Жазира – Фурот ва Дижла оралиғидаги ўлка.

[6] «Ал-вилояту алал булдон» (1/176).

[7] «Тарихул яъқубий» (2/168), «Ал-вилояту алал булдон» (1/177).

[8] «Ал-вилояту алал булдон» (1/177).

Изоҳ қолдиринг