Болалар учун Ислом тарихидан ҳикоялар (6)

0

Уҳуд тарафдан…

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушрикларга қарши жанг қилиш учун Бадрга чиққанларида у зот билан бирга бўлган мусулмонлар ҳам бордилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч юз ўндан ортиқроқ саҳоба билан чиқдилар, кўп мусулмонлар бундан бехабар қолишди.

Баъзи мусулмонлар туясини боқиш учун чиқиб кетган бўлса, баъзилари экинзорини суғориш учун кетган эди, яна баъзилари боғини қўриқлаш ёки дўконига савдо қилиш учун чиққан эди. Хуллас, барчалари ўзларининг эҳтиёжлари юзасидан тарқалиб кетишган эди. Чунки улар ғайратли, меҳнаткаш кишилар эдилар.

Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадрга кетганларини ҳам билмай қолишди. Анас ибн Назр исмли саҳобий ҳам ўзининг иши билан қаергадир кетган эди. Шунинг учун ҳам у бугун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Бадрга чиқишларидан хабарсиз қолди, агар буни билганида у зотдан узоқлашмаган, олдларидан бир қадам ҳам жилмаган бўлар эди.

Дарҳақиқат, у Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишга жуда иштиёқманд эди.

Дарҳақиқат, у Аллоҳ йўлидаги шаҳидликка ташна эди.

Аллоҳ мусулмонларга Бадрда ғалаба ато этди, улар мушрикларни ўта шармандали мағлубиятга учратдилар.

Аллоҳ мусулмонларга кетма-кет келувчи мингта фаришта билан мадад берди.

Мусулмонлар мушриклардан етмиштасини қатл қилдилар, яна етмиштани асир олдилар.

Бу жангда Абу Жаҳл ибн Ҳишом, Утба ибн Рабеъа каби мушрикларнинг катталари ўлдирилди, Валид ва Шайбалар ҳам қатл этилди.

Бадр куни ҳақ билан ботилнинг орасини ажратувчи – Фурқон куни бўлди, у кун кофирлар учун ўта машаққатли кечди.

Аллоҳ таоло Бадрда қатнашган саҳобалардан рози бўлди ва уларга Ўзининг мағфират ҳамда буюк ажру савобларини ато қилди.

Анас ибн Назр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадрда мушрикларга қарши жанг қилганларини, мусулмонлар ҳам у киши билан чиқиб, биргаликда мушрикларга қарши жанг қилганларини, Бадр куни «Фурқон» куни – Раҳмоннинг дўстлари билан шайтоннинг дўстлари ўртасини ажратиб берган кун бўлганини, мусулмонларнинг юзлари қувончдан порлаб, мушрикларнинг юзлари аламдан қорайиб кетган кун эканини билгач, бу жангда қатнашолмай, қолиб кетгани учун жуда қаттиқ маҳзун бўлди.

Кейин хафалик ва надомат билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Расулуллоҳ, мушрикларга қарши урушган илк жангингизда қатнашолмадим. Агар Аллоҳ мени мушрикларга қарши бошқа бир жангда иштирок эттирса, нима қилишимни Аллоҳнинг Ўзи кўради», деди.

Анас бу гапни маҳзунлик ва шижоат қоришган бир овозда айтди.

Бу овоздан иймон ва Аллоҳга бўлган таваккул уфуриб турар эди.

Мўминлар орасида шундай кишилар борки, агар улар Аллоҳ номига қасам ичсалар, Аллоҳ уларнинг қасамларини рўёбга чиқаради. Ўзлари ҳақида сўзласалар, У Зот уларни ёлғончи қилиб қўймайди. Анас қалбига шифо бўладиган, Раббини рози қиладиган ўша кун келишини интизорлик билан кутар эди.

Кунлар ўтар, Анасга эса овқат ҳам, сув ҳам татимас, дўстлар даврасию аҳли оиласи ҳам жонига оро кирмас эди.

Мушриклар Бадрдан етмиштаси ўлган, яна етмиштаси асирга олинган ҳолатда қайтиб келишди.

Улар Маккага қайтиб келишар экан, дунё кўзларига қоронғу бўлиб, улар учун ер ҳам торайиб кетгандек эди.

Маккага қайтишар экан, хижолатдан бошларини кўтара олишмас, чунки Бадрда жуда ҳам уятли мағлубиятга учрашган эди.

Энди одамлар Қурайш ҳақида нима дейди? «Ажабо, бор-йўғи уч юз ўн тўрт киши қурайшлик мингта чавандозни енгиб қўйибди!» дейишмайдими?!

«Қурайшнинг шижоати, чавандозлиги, улуғворлигию шон-шавкати ҳақида эшитганларимиз қаерда қолди?!» дейишмайдими?!

Бу гапларнинг бари самоларга учди, қабилалар орасида яшиндек тарқади, йиғинларда одамлар шу ҳақда гаплашишар эди.

Ахир, Бадрдек ҳодиса қандай қилиб одамлардан махфий қолиши мумкин?! Абу Жаҳл ва Утбанинг ўлдирилганини қандай қилиб қабилалар билмай қолиши мумкин?!

Энди ҳаж мавсумида Қурайш одамларни қандай қилиб қаршилайди, Минода уларга нима деб мақтанади?!

Кечагина ўзларининг қўшинини шармандали мағлубиятга учратган Муҳаммад ва унинг асҳоблари ҳақида одамларга нима дейди?!

Қурайш ушбу муаммодан халос бўлишга қарор қилди.

Бадрнинг қасосини олишга, ўзларидан мағлубият шармандалигини ювишга қаттиқ аҳд қилди.

Зеро, ягона ечим ҳам, энг тўғри йўл ҳам улар учун фақатгина мана шу эди.

Мушриклар Маккадан йўлга чиқишгани ҳақидаги хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб келгач, у зот асҳобларини тўпладилар ва улардан: «Нима дейсизлар, Мадинада туриб урушамизми ёки уларнинг қаршисига чиқиб борамизми?» деб сўрадилар.

Ёши улуғ кишилар мусулмонлар Мадинада қолиб, мушрикларга қарши шу ерда урушиш керак, деб фикр билдирдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шу фикрда эдилар. Тўғри фикр ҳам аслида ана шу эди.

Ёшлар эса мусулмонлар Мадинадан ташқарига чиқиб, мушрикларга қарши жанг қилишни, уларга ўзларининг барқарор ва чидамли эканларини кўрсатиб қўйиш фикрини билдирдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёшларнинг фикрини қабул қилиб, Мадинадан ташқарига чиқдилар.

Йўлда кетаётганларида Абдуллоҳ ибн Убай исмли мунофиқ қўшиннинг учдан бир қисмини ўзи билан эргаштириб, ортга қайтиб кетди. Унинг фикрига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинадан чиқмаслиги керак эди. У: «Мен турганда бошқаларнинг фикрини қабул қилиб, менга қарши чиқасанми?» дер эди.

Шундай қилиб, мусулмонларнинг адади етти юзта қолди, улардан эллик нафари отлиқ эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам камончиларга Абдуллоҳ ибн Жубайр исмли саҳобийни бошлиқ қилиб тайинладилар. Улар эллик чоғли эдилар. У зот Абдуллоҳни ҳам, шерикларини ҳам жойларида маҳкам туриб, турган жойларидан бир қадам ҳам жилмасликка, ҳатто ўлаксахўр қушлар аскарларнинг жасадларига қўнишганини кўрсалар ҳам, жойларидан қимирламасликка буюрдилар.

Мушриклар мусулмонларнинг ортларидан келиб ҳужум қилмасликлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам камончиларга мушрикларга қараб ўқ узишни тайинладилар.

Байроқни Мусъаб ибн Умайрга, қиличларини эса Абу Дужонага бердилар. У довюрак, қаҳрамон киши эди.

Уруш шиддат билан бошланиб кетди…

(Давоми бор)

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг