Ўлган юртидан бошқа юртга дафн этилишни васият қилиш (2)

0

12. Бошқа юртга дафн этилишни васият қилиш 

(Давоми)

Ибн Ҳумом Ҳанафий «Фатҳул қодийр» китобида айтади: “Агар дафндан ёки қабрга ғишт қалашдан аввал уни кўчиришни хоҳлашса, бир-икки чақирим масофали жойга кўчиришнинг зарари йўқ. Мусанниф «Тажнис»да: «Чунки қабристонлар орасидаги масофа шу миқдорда бўлиши мумкин», деган”.

Сарахсий айтади: «Муҳаммад ибн Саламанинг ушбу гапи маййитни бир юртдан бошқа юртга кўчириш макруҳ эканига далолат қилади. Ҳар ким ўзи ўлган юртнинг қабристонига дафн этилиши эса мустаҳабдир». Иқтибос тугади.

Ибн Ҳумом сўзида давом этади: “Сўнг Мусанниф айтадики: «Агар бир юртда вафот этса, уни бошқасига кўчириш кареҳ кўрилади. Чунки у бефойда иш билан машғул бўлиб, яна камига дафнни кечиктириш ҳам бор. Мана шу кареҳ кўрилиш учун етарлидир». Иқтибос тугади.

Бизга саҳобалардан (розияллоҳу анҳум) бирортаси вафотидан кейин бир юртдан бошқа юртга кўчирилгани нақл қилинмаган.

Фақатгина Саъд ибн Абу Ваққос билан Саид ибн Зайднинг Ақиқдан Мадинага кўчирилганлари ҳақида ривоят бор[1].

Шунингдек, Ибн Уяйна Ибн Умар розияллоҳу анҳумо Маккада вафот этганини, лекин у ерда кўмилмаганини, чунки Сариф деган жойда кўмишларини васият қилганини зикр этган. Зеро, бу икки жой бир-бирига яқин жойлашгандир. Шу билан бирга, Ойша розияллоҳу анҳо акасини Ҳубшийдан Маккага кўчирилишини маъқул кўрмаган, ваҳоланки Ҳубший ҳам Маккага яқин жой эди”[2].

Шайх Али Маҳфуз Ҳанафий Мисрий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Маййитни вафот этган ёки қатл қилинган жойидаги қабристонларга кўмиш суннат бўлиб, уни бир-икки чақирим жойга кўчиришнинг зарари йўқ. Чунки юртдаги қабристонлар шунчалик масофада бўлиши мумкин. Бундан ортиқ масофага кўчириш кареҳ кўрилади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд жангида қатл этилган кишиларни ўзлари ётган жойга кўмишни буюрганлари саҳиҳ ҳадисларда келган[3].

Қўшимчасига, Мадина қабристони Уҳудга яқин жойда эди. Шунинг учун ҳам Дамашқ фатҳида шаҳид бўлган саҳобалар шаҳар дарвозаси яқинига кўмилганлар”[4].

Шайх Абдулазиз ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади: “Инсон вафот этган маконида дафн этилиши суннатдир, Макка ёки бошқа бирор жойга кўчирилиши эмас. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари шундай қилар эдилар. Зеро, уларнинг баъзилари Кўфада, яна баъзилари Шомда, яна бирлари эса Басрада, бошқалари эса яна бошқа жойларда вафот этган, кейин Макка ёки Мадинага кўчирилмаган, буни васият ҳам қилмаганлар. Бунинг сабаби шуки, умид қилинадиган нарса амалдир, макон эмас.

Шунингдек, кўчиришда шаръий сабаб тақозо қилмаган машаққат бордир. Агар кўчириш машруъ амаллардан бўлганида, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни васият этар, у киши шундай қилганларида саҳобалар буни бизларга етказар, ушбу хабарлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ эканини баён қилган бўлар эдилар…

Агар Ислом юртида вафот этган бўлса, ўша ерга дафн этилиши машруъдир. Бошқа юртга кўчирилиши машруъ эмас. Бу каби васият қилган одамнинг васиятини меросхўрлари бажаришлари ҳам шарт бўлмайди. Зеро, бу иш умматнинг салафлари тутган йўлга хилоф бўлиб, қўшимчасига, ортиқча сарф-ҳаражатни ҳам ўз ичига олади”[5].

Саудия Арабистонидаги доимий фатво бериш қўмитаси айтади: «Агар маййит муайян юрт ёки муайян жойга кўмишларини васият қилса, уни бажариш шарт эмас. Уни қаер қулай бўлса, ўша ерга мусулмонлар ёнига кўмилади»[6].

Яна айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаларнинг даврида ўликлар ўлган юртидаги қабристонларга қўйилиши, шаҳидлар эса, вафот этган жойларига кўмилиши амалий суннат эди.

Ҳадисда ёки бирор саҳиҳ асарда саҳобалардан бирортаси ўзи ўлган юртидаги, ёки унинг ён-атрофидаги, ёки унга яқин бўлган жойдаги қабристонлардан бошқа жойга кўмиш учун кўчирилгани собит бўлмаган.

Шунинг учун ҳам уламолар жамоаси: “Жиддий бир сабабсиз маййитни  ўлган юртидан бошқа жойга обориб дафн этиш жоиз эмас. Масалан, ўлган жойига дафн қилинганда, душманлари қабрига раҳна солиши хавфи бўлса, ёки хусумат, менсимаслик, ё бепарволик натижасида ҳурмати оёқости қилиниши эҳтимоли бўлса, уни тинч жойга кўчириш вожиб бўлади. Ушбу ва шунга ўхшаш сабаблар билан бир қаторда, уламолар унинг жасадида ўзгариш хавфи туғилмаслиги ва маййитнинг ҳурмати оёқости бўлмаслигини шарт қилганлар. Агар кўчиришга арзигулик сабаб бўлмаса ёки юқорида ўтган шартлар бажарилмаса, уни кўчириш жоиз эмас”, деганлар”[7].

[1]Бу ҳақда Имом Молик «Муватто»да (624), Байҳақий «Сунанул кубро»да (7074) ривоят қилган.

[2]Муҳаммад ибн Иброҳим Оли Шайх, «Фатово ва расоил» (3/226-227, 933-рақамли фатво).

[3]Жобир ибн Абдулоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Уҳуд куни ўликларни кўмиш учун кўтариб кетаётган эдик. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жарчиси келиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўликларни ётган жойларига кўмишингизни буюряптилар», деди. Сўнг биз уларни жойларига қайтардик”. Абу Довуд (3165) ривоят қилган, Нававий «Мажмуъ»да (5/194) саҳиҳ деган.

[4]Шайх Али Маҳфуз Ҳанафий Мисрий, «Ал-ибдоъ фи мазоррил ибтидоъ», 228-бет.

[5]«Мажмуъул фатово вал мақолат» (13/216).

[6]«Доимий Фатво Бериш Қўмитаси фатволари» (20/226, 19895-рақамли фатво).

[7]«Фатово исломийя» (2/31-32).

Кувайт давлатидаги фатво бериш идорасининг шаръий маслаҳатчиси Шайх Ҳасан Манноъ айтади: «Маййит дафн этилгандан кейин уни кўчиришга келсак, фақиҳ уламоларнинг деярли барчалари дафндан сўнг кўчириш жоиз эмаслигига ижмо қилишган».

(Кувайтдаги «Ал-ваъюл исломий» журнали, 331-сон, 128-бет, 1413-ҳижрий йил, рабеъул аввал ойи).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг