Умавийлар давлати: Уламоларнинг Аммор ҳақидаги ҳадисдан олган тушунчалари

0

 

а) Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ пайғамбарликларига аломат ва Али билан Аммор розияллоҳу анҳумонинг фазилатига ишора бор. Шунингдек, унда Али ноҳақ уруш олиб борган, деб айтадиган носибийларга раддия ҳам мавжуд”[1].

Яна айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Амморни боғий тоифа ўлдиради”, деган ҳадислари Али розияллоҳу анҳу ушбу урушлар борасида ҳақ эканига далил бўлади, чунки Алининг сафдоши бўлган Амморни Муовиянинг тарафорлари ўлдиришди”[2];

б) Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Саҳобалар Сиффин жангига Амморга эргашиб чиқишди, чунки ушбу ҳадис далолатига кўра, унинг адолатли тоифа билан бирга эканига ишонишарди”[3];

в) Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: “Али ва унинг асҳоби Муовиянинг асҳобидан кўра ҳаққа яқин эди, Муовия тарафдорлари уларга нисбатан боғий эди. “Саҳиҳи Муслим”да ривоят қилинишича, Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу шундай деди: “Менга ўзимдан кўра яхшироқ бир зот – яъни Абу Қатода – сўзлаб  беришича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Амморга: “Сени боғий тоифа ўлдиради”, деб айтган эканлар”[4].

Яна айтади: “Аммор ибн Ёсир мўминлар амири Али ибн Абу Толиб қўшини сафида эди. Уни шомликлар ўлдирдилар. Шу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Уни боғий тоифа ўлдиради”, деган сўзларида яширинган сир очилди ва бу билан Алининг ҳақ устида экани ва Муовиянинг боғийлиги маълум бўлди. Қолаверса, бу ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ пайғамбарликларига аломат ҳам бор”[5];

г) Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Улар Имом Алига боғийлик қилган бир тоифа мўминлар эди. Уларнинг боғий деб ҳукм қилиниши эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Амморга айтган: “Сени боғий тоифа ўлдиради”, деган сўзларига кўрадир”[6];

е) Қози Абу Бакр ибн Арабий раҳимаҳуллоҳ “Агар мўминлардан бўлган икки тоифа бир-бирлари билан урушсалар” (Ҳужурот сураси, 9), ояти тафсирида айтади: “Бу оят мусулмонлар ўзаро урушишлари мумкинлигига асл-асос ва таъвил қилувчиларга қарши урушишга ҳужжат бўлиб, саҳобалар шунга суяндилар, миллатнинг аъёнлари шунга мурожаат қилдилар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Амморни боғий тоифа ўлдиради” деган сўзларида шуни қасд қилгандилар”[7];

ж) Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу (яъни “Амморни боғий тоифа ўлдиради” деган сўз) Али розияллоҳу анҳунинг ҳақ имом (халифа) эканига ва унга итоат этиш вожиблигига, унга итоат этишга чақирган киши жаннатга чақиришига, гарчи таъвил билан бўлса-да, унга қарши урушишга чақирувчи эса дўзахга чақиришига далил бўлади. Шунингдек, бу Алига қарши урушиш ножоиз иш эканига, Алига қарши урушган одам агар таъвил билан урушган бўлса хатокор, таъвилсиз урушган бўлса боғий эканига далилдир. Шу энг тўғри сўздир ва бу Алига қарши урушганларни хатокор деб ҳукм қилишга етарлидир. Фақиҳ имомларнинг мазҳаби ҳам шудир, улар таъвил қилувчи боғийларга қарши уруш қилиш мумкинлигини шу асл-асосдан чиқардилар”[8];

з) Абдулазиз ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аммор ҳақидаги ҳадисларида “Амморни боғий тоифа ўлдиради”, деб айтган эдилар, уни Сиффин жангида Муовия ва унинг асҳоби ўлдирди. Демак, Муовия ва унинг асҳоби боғий бўлди, лекин улар мужтаҳид эдилар, Усмоннинг хунини талаб қилиб тўғри иш қиляпмиз, деб ўйладилар”[9];

и) Саид Ҳавво раҳимаҳуллоҳ айтади: “Боғий тоифа қўлида ўлдирилиши саҳиҳ ҳадисда хабар берилган Аммор ўлдирилганидан сўнг шу пайтгача иккиланиб турган кишиларга Алининг ҳақ устида экани ва у билан бирга жанг қилиш вожиб экани маълум бўлди. Шунинг учун Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ўзининг ушбу жангга чиқмаганига афсус қилган, бу иши билан бўйнидаги вожибни, яъни ҳақ имомга унга ноҳақ қарши чиққанларга қарши ёрдам беришни тарк қилганини эътироф этган эди”[10].

[1] “Фатҳул Борий” (1/646).
[2] “Фатҳул Борий” (13/92)
[3] “Таҳзибул асмо вал луғот”
[4] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (6/220).
[5] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (7/277).
[6] “Сияри аъломин нубало” (8/209).
[7] “Аҳкомул Қуръон” (4/1717).
[8] “Мажмуул фатово” (4/437).
[9] “Фатово ва мақолот мутанаввиа” (6/87).
[10] “Ал-асос фис-сунна” (4/1710).

Изоҳ қолдиринг