Муслима аёлнинг бирламчи вазифалари (9)

0

Нафсни поклаш

(Давоми)

Нафсларимизни поклашнинг бошланиш нуқтаси ўзимизни тергаб, ҳисоб-китоб қилиш бўлса, ажаб эмас. Зеро, у амалларимизни тўғрилашимиз ва хатоларимизни муолажа этишимиз орқали ўзлигимизни жонлантиришимиз учун айни муддаодир. «Ҳисоб қилинишингиздан аввал ўзингизни ҳисоб-китоб қилинг» деб айтган улуғ саҳобий Умар ибн Хаттобдан Аллоҳ рози бўлсин!

“Ҳаммамизда қувват нуқталари бор, лекин ундан тўла-тўкис фойдаланмаймиз, мукаммал суратда ишлата олмаймиз. Шунингдек, мақсадни рўёбга чиқарадиган ҳаракатларга путур етказадиган, шахсий фаолиятни фалаж қиладиган заиф нуқталаримиз бор.

Ҳаётдаги ижобий ўзгариш сари йўл нафсни яхшилаб таниб олишдан бошланади. Нафсни таниб олингандан сўнг уни бўйсундириш, бошқариш, сиёсат қилиш, эзгу ва салоҳиятли ишларга йўллашга навбат келади”[1].

Кимнинг ғазаби тез бўлса, ўзини сарҳисоб қилиб, фазилат ва нуқсонларини батафсил ўрганиб чиқса, ана ундан сўнг бошқалар билан чиройли муомала қилолмаслигига амин бўлади, шундан кейин ўзини совуққонлик билан тутиб туришни ўргана бошлайди.

Шундай қилиб, Аллоҳнинг изни билан сабр ва қатъият орқали ўзи истаган мақсадига етишади. Айниқса, бунда шариат кўрсатмаларига биноан ҳаракат қилса, ғазабни сукут сақлаш ва совуққонликни ушлаш билан, агар тик турган бўлса, ўтириш, таҳорат олиш ва Аллоҳдан шайтон ёмонлигидан паноҳ сўраш билан муолажа қилса, нур устига нур бўлади. Ўзини ҳалимликка мажбурлаш ортидан киши гўзал хулққа эришади. Зеро, ҳалимлик ҳалимликни ўрганиш, машқ қилиш билан ҳосил бўлади.

Тез-тез ўзини тергаб, «Янада меҳрибонроқ ва юмшоқроқ бўлиш учун нима қилишим керак? Мўмина дугоналаримни бой бермаслигим учун улар билан қандай муомала қилсам, мақсадга мувофиқ бўлади?» дея сўраб туришни ҳам унутмаслик даркор.

Аҳдда қатъий туриш ҳамда соғлом эътиқод билан ёмон одатни юксак исломий одатга айлантириш мумкин.

Ҳақдан йироқ турганини кўрган одам ўзини таниб олиши учун узоқ фикр юритсин, гуноҳларга қарши курашиб, солиҳ амалларни маҳкам тутсин.

Нафсининг ҳамлаларини чамалаб, уни яхшилаб ўрганиб чиққан пайтида эса, қалб кўзи яхши кўрмаслигининг сабаби ахлоқсиз тасмалар ёки шаҳвоний суратлар каби нарсалар билан таъминловчи бадният ҳамроҳлари эканини тушуниб етади…

Ҳар бир ёмон ҳамроҳ душман бўлиб, фақат аҳмоқ одамгина душманига суянади.

Кимнинг нафси ялқов, жиддий-манфаатли ишларга бепарво бўлса ва эндиликда буни ўзгатиришни хоҳласа, унда нафсини жиддийлик билан овунишга, амал билан лаззатланишга ўргатиши керак. Бу жуда ҳам қийин иш эмас. Модомики, футболчилар ёки югуриш бўйича чемпион бўлганлар тинимсиз машқ қилиб, керакли қувватни ҳосил қилиш учун чеккан машаққатларидан роҳат олар экан, муслима аёл ялқовликдан четланиш ва нафсини жиддий ишлар учун чиниқитиришга улардан кўра ҳақлироқ эмасми?!

Истаклар, майллар ва қизиқишлар олий сифатларга айланиши мумкинлигини жоҳил одамгина рад қилади. Гоҳида ғазабланиш ғариза-майли эътиқод учун бўлади. Мол-дунё тўплаш майли эса фахрланиш эмас, балки Аллоҳнинг йўлида инфоқ-эҳсон қилиш учун бўлиши мумкин.

Шу йўсинда заифлик нуқталаримиздан тўла қутулиб олгунимизга қадар уларни бирин-кетин муолажа қиламиз.

Муҳими, нафсини бўйсундиргунга қадар аёл унга қарши курашиши керак. Чунки “дарҳақиқат, бирор қавм то ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ ҳам уларни(нг ҳолатларини) ўзгартирмайди…” (Раъд сураси, 11). Ва ҳисоб қилинишидан аввал ўзини сарҳисоб қилиб олиши керак.

Гўзал хулқлар, Ғаззолий зикр қилганидек, риёзат билан қўлга киритилади. Дастлаб содир бўлган ҳусни хулқлар кейинчалик кишининг табиатига айланиб қолиши учун унинг машаққатини елкага олиш айни риёзатдир. Бу иш қалб билан аъзолар, яъни нафс ва бадан ўртасидаги алоқанинг ажойиботларидандир. Чунки қалбда зоҳир бўлган ҳар қандай сифат аъзоларга таъсир қилади ва аъзолар ҳеч бир иложсиз шу сифатларга кўра ҳаракатланади. Аъзоларда жорий бўладиган ҳар бир ишнинг таъсири эса қалбга етиб бориши мумкин[2].

(Давоми бор)

[1] Др. Иброҳим ибн Ҳамад Қуаййид, «Ал-одотул ашру лиш-шахсиятин-ножиҳа» 167-бет.

[2] Иҳёу улумид-дин (3/96).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг