Аллоҳнинг исм ва сифатлари: Латиф исмининг маъноси (02)

0

(Давоми)

Латиф исмига иймон келтириш самараси

  1. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бирон маълумотдан, қанча кичик ва нозик ёки қанча узоқ ерда яширин бўлмасин, бехабар қолмайди.

 Аллоҳ таоло айтади: “Ғайб калитлари Унинг ҳузурида бўлиб, уларни ёлғиз Ўзигина билур. У қуруқлик ва денгиздаги бор нарсаларни билур. Бирон барг (шохидан узилиб) тушмас, магар У билур. Ер тубларидаги ҳар бир дон, бор ҳўлу қуруқ нарса, албатта, Очиқ Китобда (яъни Лавҳул Маҳфузда) мавжуддир” (Анъом сураси, 59-оят).

Аллоҳ таоло Луқмон айтган сўзни келтириб шундай дейди: “(Луқмон деди): «Эй ўғилчам, шак-шубҳа йўқки, агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (бир зарра яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса, бас, у (амал) бирон харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани-да Аллоҳ келтирур. Зеро, Аллоҳ сергак ва огоҳдир” (Луқмон сураси, 16-оят).

Аллоҳ таолога бирон нарса махфий бўлиб қолмайди. Ҳатто кичкина ва вазни бўлмаган хантал дони ер остидаги тош ичида ёки осмонларнинг бир бурчагида бўлса ҳам, Аллоҳ таоло уни чиқариб, ошкор этади. Зеро, У барча нарсадан хабардор латиф Зотдир.

  1. Агар банда Рабби барча нарсаларни батафсил билиш сифатига эга эканини, катта-ю кичик ҳамма нарсалардан хабардорлигини билса, сўзи, амали, хатти-ҳаракати ва сукунатини ҳисоб-китоб қила бошлайди. Зеро, у ҳар вақт барча нарсадан хабардор Латиф зотнинг ҳузурида турганини ҳис этади. Аллоҳ таоло айтади: “(Ахир) яратган зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?! У латиф ва (ҳар нарсадан) хабардор зотдир” (Мулк сураси, 14-оят).

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло қиёмат куни бандаларни қилган амалларига яраша ҳисоб-китоб қилади. Агар яхши амал қилган бўлса, яхшиликка эришади. Борди-ю, ёмон амал қилган бўлса, амалига яраша азобланади. Аллоҳ таоло бандаларнинг бирон амалидан бехабар қолиб кетмайди. Яхши амал қилган банданинг зарра мисқолича яхшилигини, ёмон амал қилган банданинг зарра мисқолича ёмонлигини зое этмайди.

Аллоҳ таоло айтади: “Биз қиёмат куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бас, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хантал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшани-да келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилувчидирмиз” (Анбиё сураси, 47-оят).

Бас, ким (ҳаёти дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса, уни ҳам кўрур!” (Залзала сураси, 7–8-оятлар).

Ҳисоб-китобдан сўнг солиҳ бандаларининг ажр-савобини Ўз фазли-марҳамати ила истаганича кўпайтириб беради. Истаган бандаларининг гуноҳларини лутфи ва мағфирати ила кечиради. Истаган бандаларини адолати ила қилган гуноҳлари сабабли азоблайди. Зеро, Аллоҳ бандалари қилган барча амаллардан хабардор ва уларни кўриб турувчи Зот.

  1. Аллоҳ бандаларига латиф, яъни уларга ўта илтифотли ва меҳрибондир.

Ҳалимий[1] роҳимаҳуллоҳ Латиф исми маъноси ҳақида шундай деган: “Бандаларига яхшилик ва енгилликни истайдиган, уларга эзгулик ва яхшилик сабабларини ҳозирлаб қўядиган Зот[2].

Аллоҳ таоло бандаларга бўлган лутфи, яъни меҳрибонлигидан уларга ризқларини ва яшашлари учун керак бўлган нарсаларни етказиб туради.

Қуртубий роҳимаҳуллоҳ “(Луқмон деди): «Эй ўғилчам, шак-шубҳа йўқки, агар хантал (ўсимлигининг) уруғидек (бир зарра яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса…” оятини тафсир қилиб шундай дейди: “Луқмон ушбу сўзи билан Аллоҳ таолонинг қудрати нақадар буюклигини фарзандига билдириб қўйишни истаган эди. Буни фарзандига қўлидан келганича тушунтиришга ҳаракат қилди. Чунки хантал дони ўта енгил бўлиб, тарози палласини босмайди. Шу сабабли у ҳақда: “Сезиларли вазни йўқ”, деб айтишади.

Луқмоннинг мақсади шуки, инсоннинг хантал доничалик ризқи оятда айтилган жойларда бўлса ҳам, Аллоҳ таоло уни насибаси бўлган бандасига етказиб беради. Сен ризқ ғамида фарз амалларни адо қилишдан, Аллоҳга инобат этган бандалар йўлига эргашишдан чалғиб қолма[3].

Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу исмга бутун манфаатларнинг нозик ва махфий томонларини, кичик ва майда-чуйдаларини яхши биладиган, сўнг уларни ҳақдорларга қўполлик қилмай, юмшоқлик билан етказувчи зот ҳақли бўлади. Амалда (иш-ҳаракатда) юмшоқ бўлишга илмдаги латифлик, яъни барча нарсадан бохабар бўлиш қўшилса, лутф сўзининг тўлиқ маъноси гавдаланади. Бундай ҳолатни фақат Аллоҳ таолодагина тасаввур қилиш мумкин.

Аллоҳ таолонинг нозик ва махфий ишлардан қанчалик бохабар эканини таърифлашга тил ожиз. Махфий саналган ишлар Унинг учун худди маълум ишлар каби ойдек равшандир. Ҳар бир ишида юмшоқлиги ва мулойимлиги эса чексиздир. Негаки, Аллоҳ таоло қилаётган ишларни батафсил ва унда қанча меҳрибонлигини билган кишигина Унинг иш-ҳаракатда қанчалик мулойимлигини тушуниб етади. Банда буларни қанча кўпроқ билгани сари Латиф исмининг маъносини шунча яхши англаб бораверади. Уларни эса узундан-узоқ шарҳлаш мумкин. Улар ҳақида жилд-жилд китоблар ёзган тақдиримизда ҳам юздан бирини-да ифода этолмаган бўламиз. Унинг баъзи қисмига изоҳ беришимиз мумкин, холос.

Аллоҳ таоло Ўз лутфи ила ҳомилани она қорнида уч зулмат ичида яратиб, ўша ерда сақлади ва то оғзи билан овқат ея оладиган бўлгунча киндик орқали озиқлантириб турди. Туғилиши биланоқ, гарчи тунда бўлса ҳам, она кўкрагини оғзига солиб эмишга илҳомлантирди. Ҳолбуки, гўдакка буни на бирон киши ўргатди ва на ўзи бошқадан кўриб ўрганди.

Балки бундан-да ажабланарлиси, тухумни ёриб ичидан жўжани чиқарди ва ўша заҳотиёқ уни ердан дон чўқиб ейишга илҳомлантирди.

Сут билан озуқаланиш чақалоқни тишдан беҳожат қилгани боис, то тишга эҳтиёжи туғиладиган вақтга қадар унинг чиқишини кечиктирди. Бола каттариб, таомни тиш билан майдалашга эҳтиёжи туғилганда тишларни чиқарди. Жағ тишларни таом чайнаш (майдалаш) учун энли, қозиқ тишларни таомни синдириш учун учли, олдинги тишларни узиш учун ўткир қилиб тақсимлади. Шунингдек, энг кўзга кўринган вазифаси нутқ бўлган тилни курак сингари таомни тегирмонга улоқтирувчи асбоб қилиб қўйди.

Борди-ю, банда ҳеч қандай машаққат чекмай, осонгина еяётган биргина луқма нонини муҳайё қилишдаги Аллоҳнинг лутфини зикр қиладиган бўлсак, уни шу ҳолга келтиргунча саноқсиз одамларнинг меҳнати сингган. Ерни ҳайдаб, донни экиб, суғориб, сўнг ҳосилни йиғиб, тозалаб, сўнг ун қилиб, сўнг хамир қилиб, сўнг пишириб ва ҳоказо яна қанча меҳнат қилинган. Буларни санаб адоғига етиб бўлмайди[4].

[1] Тўлиқ исми Ҳусайн ибн Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Ҳалим Бухорий Жўржоний. Куняси Абу Абдуллоҳ. Шофеий мазҳаби уламоларидан, қози бўлиб ишлаган. Мовароуннаҳр диёрида муҳаддислар пешвоси бўлган. “Ал-минҳож фи шуабил-иймон” номли китоб муаллифи. Ҳижрий 339 йилда Жўржон шаҳрида туғилган ва 403 йил Бухорода вафот этган. Қаранг: Зириклий, “Аълом”, (2\235).

[2] “Ал-минҳож фи шуабил-иймон”, (1\202).

[3] “Ал-жомеъ ли аҳкомил-Қуръон”, (14\66).

[4] Абу Ҳомид Ғаззолий, “Ал-мақсадул-асно”, (62-63-бетлар).

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг