Сафарда намозларни жамлаш боби (1)

0

Одатда, сафарда турли қийинчилик ва машаққатлар бўлади. Шу боис шариатимиз бандаларга енгиллик ва раҳм-шафқат қилиб, ибодатларда айрим енгилликлар берган. Шулардан бири йўлда кетаётган пайтида намоз вақти кириб қолган мусофир одам намозларни жамлаб ўқишига рухсат берилиши. Бу ҳолатда мусофир одам пешин билан аср намозини ё пешин, ё аср вақтида, шунингдек, шом билан хуфтон намозини ё шом, ё хуфтон вақтида жамлаб ўқишга рухсат берилади. Буларнинг барчаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган шариатнинг бағрикенглиги ва динда бирон қийинчиликка тушмаслигимиз учун Аллоҳ таоло бизга берган фазл-марҳаматидан саналади.

Юз йигирма саккизинчи ҳадис

عَنْ عَبْدِ الله بن عَبَّاس رَضِيَ الله عَنْهَما قال: “كَان رَسُولُ الله صلى الله عليه وسلم

يَجْمَعُ بَيْن صَلاَةِ الظُّهرِ وَالعَصْرِ إذَا كان عَلى ظَهْر سَيْر، وَيَجْمَعُ بينَ الْمَغْرِب وَالعِشَاء”.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда улов устида кетаётган бўлсалар, пешин билан аср намозини ва шом билан хуфтон намозини жамлаб ўқир эдилар” (Бухорий, 1107 ва Муслим, 705).

Шарҳ:

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда кетаётган бўлсалар, ўзи ва бирга бўлган мусофирларга қулай бўлиши учун пешин билан аср ва шом билан хуфтон намозларини ё жамъи тақдим[1], ё жамъи[2] таъхир қилиб ўқиш одатларидан эди. Шу боис икки намозни бирининг вақтида жамлаб (қўшиб) ўқишга сафарни сабаб қилдилар. Зеро, жамлаб ўқиладиган икки намознинг вақти сафарда ҳар иккисига яроқли саналади. 

Уламолар ихтилофи

Уламолар намозларни жамлаб ўқиш борасида турли фикрларни билдиришган. Кўпчилик саҳоба ва тобеинлар жамлашни жоиз деб билишган. Бу Шофеъий, Аҳмад ва Саврийларнинг мазҳаби саналади. Улар ўз фикрларга далил сифатида Ибн Аббос ва Ибн Умардан нақл қилинган ҳадисларни, шунингдек, Муоз розияллоҳу анҳунинг қуйидаги ҳадисини келтиришган. Муоз розияллоҳу анҳу айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кун заволга оғишидан олдин йўл юрадиган бўлсалар, пешин намозини то аср вақтигача кечиктириб, сўнг уларни жамлаб ўқир эдилар. Агар кун заволга оққандан кейин йўл юрадиган бўлсалар, пешин билан аср намозини жамлаб ўқиб, сўнг йўлга отланар эдилар. Шунингдек, шом вақти кирмасдан олдин йўл юрадиган бўлсалар, шом намозини то хуфтон вақтигача кечиктириб, сўнг уларни жамлаб ўқир эдилар. Агар шом вақти киргандан кейин йўлга чиқсалар, хуфтонни шом намозига қўшиб, эртароқ ўқир эдилар” (Аҳмад, (21589), Абу Довуд, (1220) ва Термизий, (553) ривояти).

Баъзи муҳаддис уламолар ушбу ҳадисни саҳиҳ дейишган бўлса, бошқа бир гуруҳ уламолар заиф дейишган. Мазкур ҳадис имом Муслим “Саҳиҳ” китобида ҳам ривоят қилинган. Аммо унда жамъи тақдим қилганлари зикр этилмаган.

Имом Абу Ҳанифа, унинг икки шогирди Абу Юсуф ва Муҳаммад, Ҳасан Басрий ва Нахаъий намозларни жамлаб ўқиш жоиз эмас, деган фикрни билдиришган. Пайғамбаримиз намозларни жамлагани ҳақида келган ҳадисларни, бу аслида жамъи суварий бўлган, деб изоҳлашган. Жамъи суварий – пешин намозини охирги вақтида (яъни икки ракаат фарзни ўқишга етарли муддат қолганда) ўқиб, сўнг кетидан аср намозини асрнинг аввалги вақтида ўқиш, дегани. Шом билан хуфтон намози ҳам худди шу тарзда бўлади.

Ҳадисларни бу тарзда тушуниш тўғри эмас ва жамлаш деган сўзнинг маъносига ҳам зид. Негаки, аслида жамлади деб бирининг вақтида иккинчисини жамлашга айтилади. Қолаверса, Пайғамбаримиз намозларни жамъи тақдим қилиб ўқиганлари ҳақида келган саҳиҳ ҳадислар мазкур изоҳга зид бўлиб, уни заифлаштиради.

Хаттобий ва Ибн Абдулбарлар айтишади: “Сафарда намозларни жамлаш шариатимиз бандаларга енгиллик яратиш мақсадида берган рухсатидир. Икки намоздан бирининг энг охирги вақтини, иккинчисининг энг аввалги вақтини топиб ўқиш эса ўта қийин. Ҳолбуки, буни намоз вақтларини тушунган кўпчилик мутахассилар ҳам аниқ билавермайди, авом мусулмонлар қаердан билсин?! Бунинг мусулмонлар учун енгиллиги қаерда қолади?!

Ибн Ҳазмнинг фикрича, шунингдек, Имом Моликдан нақл қилинган машҳур ривоятга кўра, сафарда жамъи таъхир қилиш жоиз, аммо жамъи тақдим қилиш жоиз эмас. Жамъи тақдим ҳақида келган ҳадисларни баъзи муҳаддис уламоларнинг фикрига таяниб, заиф деб эътибор қилишган.

(Давоми бор)

[1] Жамъи тақдим деб, жамлаш мумкин бўлган икки намозни биринчисининг вақтида жамлаб ўқишга айтилади. Масалан, пешин билан аср намозини пешин вақтида ўқиш.

[2] Жамъи таъхир деб, жамлаш мумкин бўлган икки намозни иккинчисининг вақтида жамлаб ўқишга айтилади. Масалан, пешин билан аср намозини аср вақтида ўқиш.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг