Намоз: Кийим, бадан ва намоз ўқийдиган жойнинг пок бўлишига доир мулоҳазалар

0

Кийим, бадан ва намоз ўқийдиган жойнинг пок бўлишига доир мулоҳазалар:

  1. Агар инсон кийимига нажосат текканини билатуриб, ўша кийимда намоз ўқиса, аксар уламолар фикрига кўра, намозни қайтадан ўқиши лозим. Аммо билмасдан ёки унутиб нажосат кийимда намоз ўқиса, намози дуруст бўлаверади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг билмасдан нажосат теккан шиппакда намоз ўқиганлари ҳамда Аллоҳ таолонинг «Эй Раббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, бизларни жавобгар қилма» (Бақара сураси, 286), деган сўзи шунга далолат қилади. Шунингдек, бошқа покиза кийим топа олмаган киши ҳам эгнидаги нажосат кийим билан намоз ўқийди, покиза кийим топганида намозни қайтадан ўқимайди[1].

Агар инсон намоз асносида кийимида нажосат борлигини билиб қолса ва уни кетказиш имкони бўлса, кетказади. Агар кетказиш имкони бўлмаса, у ҳолда кийимнинг поклиги шарт деган уламолар фикрига кўра, намози ботил бўлса, кийимнинг пок бўлиши вожиб, деганлар фикрига кўра, ўқиган намози дуруст бўлаверади. (Фақат вожибни тарк қилгани учун гуноҳкор бўлади.)

Нажосат жойга қамаб қўйилган инсон каби намоз ўқиш учун пок жой топмаган киши нажосат жойда намоз ўқийди ва пок жой топганида намозини қайтадан ўқимайди. Нажосат жойда намоз ўқиш тартиби бундай: агар нажосат қуруқ бўлса, одатдагидек намоз ўқийверади. Агар нажосат ҳўл бўлса, қиём, рукуъларни одатдагидек бажариб, қаъдага етганида нажосат тегмаслиги учун фақат оёқларини ерга теккизиб ўтиради ва бошини ерга теккизмасдан имо-ишора билан сажда қилади[2].

Бу каби ҳолатларга далил Аллоҳ таолонинг «Бас, Аллоҳдан қодир бўлганингизча тақво қилинг» (Тағобун сураси, 16), деган сўзидир. Демак, инсон имкон қадар нажосатдан сақланади, саждага келганда нажосатга тегмаслик учун имо-ишора билан сажда қилади.

  1. Агар кийимнинг қаерига нажосат текканини билмаса, тахмин қилиб ювади. Агар тахмин қилолмаса, у ҳолда кийимнинг ҳамма жойини ювиш вожиб бўлади.

  2. Агар тоза кийим билан нажосат кийим аралашиб кетса, қодир бўлганича тоза кийимни тахмин қилиб ажратади ва катта эҳтимолдан келиб чиқиб, тоза деб ўйлаган кийимида намоз ўқийди. Агар бошқа бир намозда ижтиҳоди-фикри ўзгарса, кейинги ижтиҳодига кўра пок деб ўйлаган кийимида намоз ўқийди, олдинги намозни қайтадан ўқиши шарт эмас.

  3. Ёш болани кўтариб намоз ўқилса, намоз дуруст бўлади. Рожиҳ фикрга кўра, модомики, нажосат борлиги аниқ бўлмаса, уларнинг кийимлари пок деб эътибор қилинади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умома бинти Абул Осни кўтарган ҳолларида намоз ўқиганлар.

  4. Таҳлил учун олинган сийдик ёки ахлат намуналарини кўтарган ҳолда намоз ўқиш намозни ботил қиладими, йўқми? Бу борада икки хил фикр бор. Яхшиси бу ишдан сақланган афзалдир.

  5. Агар инсон нажосат теккан гилам ёки тўшак устида намоз ўқиса-ю, бироқ унинг тоза томонида турса, намози дуруст бўлади. Шунингдек, оёқлари нажосат ерда турган сури устида ўқилган намоз ҳам дурустдир.

  6. Нажосат устига бирон пок нарса тўшаб намоз ўқилса, дурустдир. Чунки бундай инсон нажосатга теккан ёки уни кўтарган ҳисобланмайди.

  7. Кийимга ёки баданга бирон қуруқ нажосат тегса-ю, қоқиб ташланганда бирон асорати қолмаса, ўқилган намоз дурустлигига уламолар ижмо қилишган.

  8. Модомики, нажосат теккани аниқ бўлмаса, ҳайз кўрган аёлнинг кийими ёки жинсий алоқа асносида кийиладиган кийим устида намоз ўқишнинг бирон макруҳлиги йўқ. Шунингдек, уламоларнинг айтишича, модомики, нажосатлиги аниқ бўлмас экан, ёш болалар, кофирлар, қассоблар, ароқхўрлар ва шу каби кимсаларнинг кийимлари устида намоз ўқиш ҳам жоиздир. Бироқ, албатта, ундан бошқа пок матолар устида намоз ўқиш афзалдир[3].

[1] Айрим уламоларнинг фикрича, бундай киши нажосат кийим билан намоз ўқиса-да, покиза кийим топганида намозни қайтадан ўқийди. Бошқа бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, уни ечиб яланғоч ҳолда намоз ўқийди. Бироқ тўғрироғи нажосат теккан кийим билан намоз ўқиши ва тоза кийимга етишганида уни қайта ўқимаслиги ҳақидаги юқорида ўтган фикрдир. Чунки инсон бир намозни икки бор ўқишга буюрилмайди. Яланғоч намоз ўқиш эса, нажосат теккан кийимда намоз ўқишдан кўра ёмонроқдир. Қолаверса, уламоларнинг кийимдаги нажосатни кетказиш ҳукми тўғрисидаги ихтилофини айтиб ўтдик. Баъзи уламоларнинг фикрича, кийимдаги нажосатни кетказиш шарт эмас, яъни нажосат кийим билан ўқилган намоз ҳам дуруст бўлаверади. Аммо авратни тўсиш шартлигига барча уламолар ижмо қилишган.
[2] «Аш-шарҳул мумтеъ», 2/179.
[3] «Ал-мажмуъ», 3/164.

Изоҳ қолдиринг