Буюк имомларга қаратилган маломатларни бартараф этиш (7)

0

Юқорида ўтган ўнта сабаб очиқ кўринувчи сабаблардир.

Кўп ҳолатларда (мужтаҳид) олимнинг бирон ҳадисга амал қилмаслигига биз билмаган далил-ҳужжати бўлиши ҳам мумкин. Зеро, илм майдони жуда кенг, биз уламоларнинг ботинларидаги барча нарсани билавермаймиз. Олим далилини баъзан ошкор қилади, баъзан ошкор қилмайди. Ошкор қилгани бизга етиб келган бўлиши ҳам, етмаган бўлиши ҳам мумкин. Етиб келган бўлса, биз унинг далили тўғрими ё нотўғрилигидан қатъи назар, унинг ҳужжатликка келтирган ўрнини ё тушунамиз, ёки тушуниб етмаймиз. Бироқ, биз гарчи буни (яъни олимнинг биз билмаган бирон далил-ҳужжати бўлиши мумкинлигини) жоиз санасак ҳам, далили саҳиҳ ҳадис билан кўриниб турган ва аҳли илмлардан бир тоифаси қўллаб-қувватлаган бир сўзни ташлаб, бошқа бир олимнинг – ҳар қанча кучли бўлмасин – бу далилга қарши сўзини олишимиз дуруст бўлмайди. Чунки шаръий далиллардан кўра олимларнинг фикрларига хато кўпроқ сизиб киради. Зеро, олимнинг фикри эмас, балки шаръий далиллар Аллоҳнинг бандалари устидаги ҳужжатидир. Шаръий далил, агар унга бошқа бир далил қарши келмаса, асло хато бўлмайди. Олимнинг фикри эса ундай эмас. Агар юқорида айтилган жоиз санаш бўйича амал қилиш дуруст бўлса эди, қўлимизда бу каби далиллардан бирон нарса қолмаган бўларди. Лекин мурод шуки, олим ўша далилни тарк қилишида маъзур бўлиши мумкин, биз эса унинг тарк қилишини тарк қилишда маъзур бўламиз.

Аллоҳ таоло айтади: «Улар ўтиб кетган кишилардир. Уларнинг қилган амаллари ўзлари учун, сизларнинг қилган амалларингиз ўзларингиз учундир» (Бақара сураси, 134). Яна айтади: «Агар бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, уни Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз!» (Нисо сураси, 59).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларига бошқа бировнинг сўзини қарши қўйиш бирор кимсага мумкин эмас. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бир кишининг саволига ҳадис билан жавоб берганида у: «Абу Бакр ва Умар бундай деди», деди. Шунда Ибн Аббос: «Бошларингизга осмондан тош ёғилмаса эди! Мен: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар», десам, сизлар: «Абу Бакр ва Умар бундай деди», дейсизлар!», деди[1].

Агар (ҳадисни) тарк қилиш мазкур сабаблар туфайли бўлса, яъни бир саҳиҳ ҳадисда бирор нарсани ҳалол ё ҳаром дейиш ёки бирор нарсага ҳукм қилиш бўлса, ана шу ҳадисни юқоридаги сабабларга кўра тарк қилган бирорта (мужтаҳид) олимни ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол санагани ёки Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм этмагани учун иқоб-азобга тортилади, деб эътиқод қилиш жоиз эмас.

Шунингдек, агар ҳадисда бир ишни қилишга ваъид, яъни лаънат ё ғазаб ё азоб билан таҳдид қилинган бўлса, бу ишга рухсат берган ё уни қилган (мужтаҳид) олимни ўша ваъидга йўлиқади, дейиш ҳам жоиз эмас.

Бу нарсада уммат уламолари ичида хилоф борлигини билмаймиз, фақат Бағдод мўътазилаларидан Маррисий ва унга ўхшаган айрим кимсалар мустасно. Чунки улар мужтаҳид олим хатоси учун азобланади, деб даъво қилишади.

Зотан, ҳаром ишни қилган киши ваъидга дучор бўлиши учун у ўша ишнинг ҳаром эканини билиши ёки унинг ҳаромлигини билиш имконияти бўлиши шарт қилинади.

Бинобарин, саҳрода ўсган ёки Исломга яқинда кирган одам ҳаромлигини билмаган ҳолда бирон ҳаром ишни қилса, гарчи уни ҳалол дейишга шаръий далили бўлмаса ҳам, гуноҳкор саналмайди ва унга жазо ҳам берилмайди.

Модомики, иш шундай экан, энди қайси бир олимга бирон нарсани ҳаром қилувчи ҳадис етмаган ва у ўша нарсани ҳалол санашда шаръий далилга суянган бўлса, албатта, у маъзур саналишга лойиқроқдир. Шунингдек, у ижтиҳоди туфайли ажр ва мақтовга ҳам муносиб кўрилади.

[1] Аҳмад (1/337). Таҳовий, “Шарҳи маонил-осор” (2/179). Хатиб, “Ал-фақиҳ вал-мутафаққиҳ” (1/376).

Изоҳ қолдиринг