Қиёматнинг белги ва аломатларига суннати набавиядан далиллар

0

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қиёмат аломатлари, белгилари зикр қилинган бир талай ҳадислар келган. Улардан бири «Жаброил ҳадиси» номи билан машҳур бўлган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ривояти бўлиб, унда Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Ислом, иймон ва эҳсон ҳақида сўраганидан сўнг: «Соат (яъни қиёмат) қачон?» деб савол беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У ҳақда сўралувчи сўровчидан кўра билувчироқ эмас», дейдилар. «Унда, унинг аломатлари ҳақида айтиб беринг», дейди. «Чўри ўзининг хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, қашшоқ қўйбоқарлар бинолар (қуриш)да бир-биридан ўзишганини кўришингиз…» дейдилар”[1].

Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда у киши шундай дейди: “Табук ғазотида эканимизда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келдим. У зот теридан бўлган қубба остида эдилар. Ўшанда у зот менга: “Қиёмат олдидан олтита нарсани сана: менинг ўлимим, Байтул-Мақдиснинг фатҳ қилиниши, ораларингизда худди қўйларнинг ўлатидек тарқаладиган ўлат, бировга юз динор берилса, ғазабланадиган даражада мол-дунёнинг тўлиб-тошиши, арабларнинг бирорта хонадонини қўймай кириб борадиган фитна, сизлар билан Банул-асфар[2] ўртасида бўладиган сулҳ, улар бу сулҳга хиёнат қилиб, саксонта байроқ остида сизларга бостириб келишади, ҳар бир байроқ остида ўн икки минг аскар бўлади”, деган эдилар”[3].

Ушбу мавзудаги ҳадислардан яна бири Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Токи икки улкан жамоа урушмагунича қиёмат қойим бўлмайди. Улар ўртасида шиддатли жанг бўлиб ўтади. Ҳар иккиси битта нарсани даъво қилади. Токи ўзини пайғамбар ҳисобловчи ўттизта ёлғончи дажжоллар чиқмагунича, токи илм олиб қўйилмагунича, зилзилалар кўпайиб, замон қисқариб, фитналар зоҳир бўлиб, ҳарж (қатл) кўпайиб кетмагунича қиёмат қойим бўлмайди. Токи орангизда мол дунё тўлиб-тошиб, ҳатто мол эгасига закотни оладиган киши(ни топиш) қайғу бўлмагунича Қиёмат қойим бўлмайди. Мол эгаси бировга закотини берса, у: «Бунинг менга кераги йўқ», деб айтмагунича, шунингдек, одамлар уй қуришда мусобақага киришиб, токи қабр ёнидан ўтаётган киши: «Қани эди, унинг ўрнида бўлсам», деб айтмагунича қиёмат қойим бўлмайди. Қуёш ғарбдан бош кўтармагунича қиёмат қойим бўлмайди. Қуёш ғарбдан бош кўтаргач, уни кўриб барча иймон келтиради. Бу илгари иймон келтирмаган ёки иймонида хайр-яхшилик касб қилмаган кишига иймони фойда бермайдиган пайтдир”[4].

Яна бир ҳадисни Ҳузайфа Ал-Ғифорий розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: “Биз гаплашиб ўтирган эдик, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимизга чиқиб келдилар. Шунда у зот: «Нима ҳақда гаплашяпсизлар?» дедилар.«Қиёмат ҳақида гаплашяпмиз», деб жавоб беришди. «Дарҳақиқат, ундан олдинги ўнта аломатни кўрмагунингизча қиёмат қойим бўлмайди», дедилар ва тутунни, дажжолни, добба-ер ҳайвонини, қуёшнинг кунботардан чиқишини, Исо ибн Марям алайҳимассаломнинг тушишини, яъжуж-маъжужни, учта ер ютиш – машриқдаги, мағрибдаги ва араб жазирасидаги ер ютишни ва охири Ямандан чиқиб, одамларни маҳшарлари томон ҳайдайдиган оловни зикр қилдилар”[5].

Яна шу каби бошқа ҳадислар жуда кўп.

Ушбу аломатлардан баъзилари қиёматга яқин содир бўлиб, улар «қиёматнинг катта аломатлари», деб номланади. Улар: Исо алайҳиссаломнинг тушиши, дажжолнинг чиқиши, қуёшнинг кунботардан чиқиши каби аломатлардир. Аломатлардан яна баъзилари аввалроқ содир бўлиб, улар «қиёматнинг кичик аломатлари» деб аталади.

Юқоридаги ҳадисларда келган ушбу аломатлар ва улардан бошқа бу ерда зикри ўтмаган аломатлар ҳақида келгуси бобларда батафсил сўз юритилади, иншааллоҳ.

[1]«Саҳиҳи Муслим» (8).

[2]Яъни, румликлар.

[3]Бухорий, 3176.

[4]Бухорий 6704.

[5]Муслим (2901), Термизий (2183), Абу Довуд (4311) ривоятлари.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг