Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Бузоха жанги оқибатлари ва Тулайҳанинг кейинги ҳаёти

0

 

Пайғамбарлик даъвосидаги кимсалардан бирининг қўшини енгилиб, тумтарақай бўлиб кетиши бир қанча араб қабилаларининг Исломга қайтишига сабаб бўлди.

Бузохадаги мағлубиятдан сўнг Бани Омир қабиласи бўйин эгиб келди ва динга қайтганларини эълон қилди. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Бани Асад, Ғатафон ва Той қабилаларидан қандай шарт билан байъат олган бўлса, улардан ҳам айни шарт билан байъат олди, яъни уларга ўз қабилаларидан кимда-ким муртад бўлиб, мусулмонларни ўлдирган бўлса, уларни унинг қўлига топширишларини шарт қўйди. Сўнг улар ичидан мусулмонларни мусла қилганларини (қулоқ-бурун каби аъзоларини кесганларини) мусла қилди, ўтда куйдирганларини ўтда куйдирди, тош билан уриб ўлдирганларини тош билан уриб ўлдиртирди, тоғдан ташлаб ўлдирганларини тоғдан ташлаб ўлдиртирди, хуллас, ҳаммасига қилмишларига яраша жазо берди.

Сўнг Бақара ибн Ҳубайра ва бир қанча асирларни Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳузурига жўнатди ва у зотга шу мазмунда мактуб ёзиб юборди: “Бани Омир бош эгиб келди ва Исломга қайтди. Мен бизга қарши урушган ё биз билан сулҳда бўлган қабилалардан бирон кишининг Исломини то улар мусулмонларга тажовуз қилиб, уларни ўлдирган кишиларини бизга топширмагунларича қабул этмадим, сўнг уларни аянчли суратда қатл эттирдим, Бақара ва шерикларини сизга юбордим”[1].

Асирлар ичида Уяйна ибн Ҳисн ҳам бор эди. Холид унга жазо бўлиши учун қўлларини қаттиқроқ боғлашни буюрди ва уни бошқаларга таъзир ва ибрат ўлароқ Мадинага қўлларини бўйнига боғланган ҳолда юборди. Шу ҳолда Мадинага кириб борганида болалар уни мазахлаб, устидан кулишди ва қўллари билан туртиб: “Эй Аллоҳнинг душмани, Исломдан қайтиб, муртад бўлдингми?” дейишди. Уяйнани Абу Бакр Сиддиқ ҳузурига келтиришгач, у халифадан ўзи кутмаган олийжанобликка йўлиқди. Сиддиқ унинг қўлларини ечишни буюрди, сўнг уни тавба қилишга чорлади. Уяйна чин кўнгилдан тавба қилганини билдирди ва ўзи тарафидан содир бўлган ишларга узр айтди, сўнг мусулмон бўлиб, исломи чиройли суратда давом этди[2].

Тулайҳа эса шу кетганича Нақаъ деган жойда Калб қабиласига тушди. Кейин Асад, Ғатафон ва Омир қабилалари Исломга қайтганини эшитиб, у ҳам Исломни қабул қилди ва ўша ерда яшаб қолди, Абу Бакр вафот этганида ҳам у шу ерда эди. Абу Бакр халифалиги даврида Тулайҳа умра қилиш учун Маккага қараб йўл олди. Мадина яқинидан ўтар экан, Абу Бакрга Тулайҳа шу ердан ўтаётганини айтишди. “Менинг у  билан нима ишим бор?! Уни ўз ҳолига қўйинглар, Аллоҳ Исломга ҳидоят қилибди”, деди Абу Бакр[3].

Ибн Касир шундай ёзади: “Тулайҳа ҳам шундан сўнг Исломга қайтди ва Сиддиқнинг халифалиги вақтида Маккага умра учун сафар қилди. Қилган ишидан юзи шувит бўлиб, Абу Бакр ҳаётлигида у билан учрашишга уялди. Сиддиқ муртад бўлиб қайтганларни Ироқ ва Шомдаги фатҳ ҳаракатларида иштирок этишларига изн бермади. Эҳтимол, у буни уммат манфаатидан келиб чиқиб, эҳтиёт юзасидан қилган бўлса керак. Чунки ўтмишида йўлдан озган ва мусулмонларга ёмонлик қилган кимсаларнинг Исломга қайтишлари мусулмонларнинг куч-қудратларидан қўрқиб, мажбурликдан бўлган бўлиши эҳтимолдан холи эмасди. Абу Бакр одамларга бу ҳаётда юрадиган йўлларини кўрсатиб берадиган, одамлар ишлари ва сўзларида ундан ибрат оладиган имомлардан эди. Шу боис у умматнинг манфаатига боғлиқ ишларда, гарчи бунда айрим кимсаларнинг обрў-эътиборлари пасайиши бўлса ҳам, эҳтиёт йўлини тутарди”[4].

Абу Бакр Сиддиқнинг бу ишида уммат пешволари учун катта дарс ва ўрнак борки, аввалда муртад бўлиб, динга душманлик қилиб, кейин Исломга қайтган кишиларга нисбатан доим эҳтиёт билан қарасинлар. Бундай кишиларга тўла ишонч билдириш ва уларни раҳбарлик ўринларига қўйиш умматни улкан зарарларга ва катта таҳликаларга олиб бориши эҳтимоли йўқ эмас. Бироқ ундайларга эҳтиёт бўлиб муомала қилиш уларнинг иймонларига ишонмаслик ва уларга буткул ишончсизлик кўрсатиш, деган маънони ҳам билдирмайди. Бу Сиддиқнинг ўшандай кишилар билан муомаладаги сиёсатидан бир кўриниш эди.

Шундан сўнг Тулайҳанинг мусулмонлиги чиройли давом этди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу вафотидан сўнг у Умар розияллоҳу анҳуга байъат бериш учун Мадинага келди. Умар унга: “Сен Укоша ва Собитнинг қотилисан, Аллоҳга қасамки, сени ёқтирмайман”, деди. У: “Эй амирул мўъминин, Аллоҳ таоло у иккисини менинг қўлим билан иззат-шарафга эриштирди, мени улар қўли билан хорликка гирифтор этмади”, деди. Шундан сўнг Умар розияллоҳу анҳу ундан байъатини қабул қилди. Кейин у қавмининг диёрига қайтиб, ўша ерда турди, ҳатто Ироқ фатҳларида иштирок этди ва умрининг охиригача мусулмон бўлиб яшади.

Фужоа воқеаси

Фужоанинг тўлиқ исми Иёс ибн Абдуёлайл ибн Умайр ибн Хуфоф бўлиб, Сулайм қабиласидан эди. У Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳузурига келиб, Исломни қабул қилганини айтди ва унга муртадларга қарши курашиш учун бир қўшин ҳозирлаб беришини сўради. Абу Бакр Сиддиқ унга қўшин ҳозирлаб берди. Аммо у йўлда бораркан, йўлида учраган кимса борки, мусулмонми, муртадми, суриштирмасдан ҳаммани ўлдириб, мол-ҳолини талашга киришди. Абу Бакрга унинг бу қилмиши хабари етгач, ортидан лашкар юборди ва уни қўлга олиб, Мадинага келтирди. Сўнг уни Бақеъга юбориб, қўлларини бўйнига боғлаттириб, қўл-оёғи боғланган ҳолда ёниб турган оловга ташлаб ўлдирди. Бу Фужоанинг хиёнаткорлигига ва бир неча марта мусулмонларни ўтда куйдириб ўлдирганига муносиб жазо бўлди[5].

 

[1] «Тарихи Табарий» (4/82).
[2] «Ас-сиддиқ аввалул хулафо» (87-бет).
[3] «Ат-тарихул-исломий» (9/59).
[4] «Ат-тарихул-исломий» (9/67).
[5] “Ҳаракатур-ридда” (185-бет).

Изоҳ қолдиринг