Умар розияллоҳу анҳу: Ибодатларга қаттиқ эътибори (2)

0

Умар розияллоҳу анҳу ярим кечаси туриб намоз ўқишни яхши кўрарди. Аллоҳ хоҳлаганича намоз ўқир, кечанинг сўнгги қисми кирганида аҳли оиласини “Намозга туринглар, намозга туринглар!” деб уйғотар ва ушбу оятни ўқир эди: “Аҳли оилангизни намозга буюринг ва намозни адо этишда сабрли бўлинг! Биз сиздан ризқ сўрамаймиз. Сизга Биз ризқ ато этамиз. Яхши оқибат тақводорлар учундир” (Тоҳа сураси, 132)[1].

Бир кеча намоз ўқиш учун турди, одамларнинг ишлари ҳақидаги ўй-ташвишлар қамраб олганидан намоз ўқий олмади, ухлай деса, уйқуси ҳам келмади. Сўнг: “Аллоҳга қасамки, на намоз ўқий оляпман, на ухлай оляпман, бир сурани бошласам, бошини ўқияпманми, охириними, билмай қоляпман”, деди. “Нега, эй амирул мўминин?” деб сўрашди. “Одамларнинг ғам-ташвишидан”, деб жавоб берди[2].

Тунда ўқиёлмаган намозини кундузи ўқиб қўярди. Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким тунги вирдини – ёки тунги (намоздан бўлган) вазифасини – ўқий олмаган бўлса, сўнг уни бомдод билан пешин орасида ўқиб олса, худди кечаси ўқигандек бўлади», деганларини ривоят қилган[3].

Муаззин бўлишни орзу қиларди. «Агар халифалик вазифасига қўшиб, муаззинлик ҳам қила олганимда, албатта, азон айтган бўлардим», деган эди[4].

Аллоҳга кўп ёлвориб, дуо-илтижо қиларди. Мана, унинг баъзи бир дуолари:

«Эй Аллоҳ, барча амалимни солиҳ қилгин, холис розилигинг учун қилгин, унда Ўзингдан бошқа бировга бирон нарсани қолдирмагин».

«Эй Аллоҳ, агар мени бахтсиз, деб ёзган бўлсанг, ўчириб, бахтли, деб ёзгин, зотан Сен истаган нарсангни ўчириб, истаган нарсангни ёзасан»[5].

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу: «Мен ижобатнинг эмас, дуонинг ғамини қиламан. Агар дуо қилишимга илҳом берилса, ижобати ўзи билан биргадир», деган эди[6].

Одамларни тоат-ибодатли зотларга яқин бўлишга тарғиб қилиб айтарди: «Тоат-ибодатли кишиларнинг оғизларига яқин бўлинглар ва уларнинг айтаётган сўзларини эшитинглар, зеро, уларга ҳақ-рост ишлар тажаллий этади»[7].

Умар розияллоҳу анҳу Аллоҳни эслатишларини яхши кўрарди. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга: «Эй Абу Мусо, бизга Аллоҳни эслатинг», дерди. Абу Мусо Қуръон ўқир, Умар ва атрофидагилар қулоқ солиб, йиғлар эдилар[8].

Аллоҳни зикр қилувчилар билан бирга ўтиришни хуш кўрарди. Абу Усайднинг мавлоси Абу Саид ривоят қилади: “Умар розияллоҳу анҳу хуфтондан кейин масжид ичида айланиб юриб, одамларни чиқариб юборар, фақат намоз ўқиётганлар қоларди. Бир куни бир неча саҳоба ўтирганини кўрди, ичларида Убай ибн Каъб ҳам бор эди. «Ким улар?» деб сўраган эди, «Бир неча биродарларингиз», дейишди. «Намоздан кейин нима қилиб ўтирибсизлар?» деб сўради улардан. «Аллоҳни зикр қилиб ўтирибмиз», дейишди. Умар ҳам ўтирди ва ёнида ўтирган одамга: «Дуо қил», деди. У дуо қилди. Сўнг ҳаммага бирма-бир дуо қилдириб чиқди. Охири менга навбат етиб келди, мен унинг ёнида ўтирган эдим. Менга: «Қани, ўқи», деди. Мен хижолат бўлиб, тилим тутилиб қолди. «Ҳеч бўлмаса: «Эй Аллоҳ, бизни кечиргин ва бизни раҳматингга олгин», деб айт», деди. Кейин Умар дуо қилишни бошлади, даврада ундан кўра кўпроқ кўзёши тўккан ва ундан қаттиқроқ йиғлаган киши бўлмади. Дуодан сўнг: «Қани, энди тарқалинглар», деди”[9].

Таровеҳ намози

Таровеҳ намозида биринчи бўлиб Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу одамларни бир жамоатга жамлаган эди. У бу ҳақда барча ўлкаларга мактуб йўллаган эди.

Абдураҳмон ибн Абд Қорий ривоят қилишича, Умар Форуқ рамазон кечаларининг бирида масжидга чиққанида одамларнинг алоҳида-алоҳида намоз ўқиб турганини кўрди. Кимдир ёлғиз ўзи, кимдир бир неча кишига имом бўлиб ўқир эди. Шунда Умар: «Менимча, уларнинг ҳаммасини бир қори ортига жамласам, яхши бўлади», деди. Сўнг уларни Убай ибн Каъбнинг ортига жамлади. Ровий айтади: Кейин бошқа бир кечада мен яна у билан чиққанимда одамлар бир қорига иқтидо қилиб намоз ўқишаётган экан. Умар: «Бу нақадар яхши бидъат бўлди. Бу ўқиётган намозларидан кўра кечанинг охирида туриб намоз ўқишлари яхшироқ», деди. Одамлар кечанинг аввалида намоз ўқиётган эдилар[10].

Бу ривоятдан, таровеҳ намозини Умар ташкил қилган экан-да, деган гумон келиши мумкин. Йўқ, ундай эмас, аслида таровеҳ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ҳам бор эди, лекин ҳар ким ёлғиз-ёлғиз ўқирди. Умар розияллоҳу анҳу ҳаммани бир қори ортига жамлаб ўқишини йўлга қўйди, холос. Таровеҳнинг асли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида борлигига далил шуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазон кечаларида одамларни намоз ўқишга тарғиб қилардилар, «Ким рамазонда иймон билан, савоб умидида тунги намозни адо этса, унинг ўтган гуноҳи кечирилади»[11], деганлар.

Урва ибн Зубайр Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилишича, бир кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб, масжидда намоз ўқидилар. Одамлар ҳам у зотга иқтидо қилиб намоз ўқишди. Тонг отгандан сўнг одамлар бу ҳақда гапиришди. Кейинги кечада бундан ҳам кўп одам тўпланиб, у зот билан намоз ўқидилар. Эртаси одамлар бу ҳақда ҳам гапиришди. Учинчи кеча масжидда одам кўпайиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб намоз ўқидилар. Одамлар у зотга иқтидо қилиб намоз ўқидилар. Тўртинчи кеча масжидга одамлар сиғмай кетди. У зот бомдод намозига чиқдилар. Намоздан сўнг одамларга юзланиб, шаҳодат калималарини айтдилар, кейин шундай дедилар: «Аммо баъд… Сизларнинг ҳолингиздан бехабар қолганим йўқ. Лекин бу намоз сизларга фарз қилинишидан ва сизлар унга ожиз бўлиб қолишингиздан қўрқдим». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида иш шу ҳолда эди[12].

Умар ибн Хаттобнинг: “Бу нақадар яхши бидъат бўлди”, деган гапига келсак, у луғавий маънодаги бидъат, яъни янгилик дегани эди. Чунки аввал қилинмаган ҳар бир янги иш луғатда бидъат (янгилик) дейилади. Форуқнинг одамларни таровеҳда бир имом ортига жамлаши ва буни барча вилоятларда жорий этиши эса унинг тартиб-интизомни яхши кўришига далолат қилади.

[1] “Маҳзус савоб” (2/635).
[2] Шарқовий, “Умар Форуқ” (214-бет).
[3] Муслим (747) ривояти.
[4] “Аш-шайхони мин ривоятил балозарий” (225-бет).
[5] «Фатово» (1/232), (14/275).
[6] «Фатово» (8/118).
[7] «Фатово» (15/60).
[8] «Фатово» (10/51).
[9] “Аш-шайхони мин ривоятил балозарий” (236-бет).
[10] Бухорий (2010) ривояти.
[11] Бухорий (2009) ривояти.
[12] Бухорий (2012) ривояти.

Изоҳ қолдиринг