Ҳаж ва умра: Танъимдан умра қилиш ҳукми

1

Танъимдан умра қилиш ҳукми

Умра сафарига борган кишиларнинг Маккадалик чоғларида Танъимга бориб, қайта-қайта умрани ният қилиб, эҳром кийишларига гувоҳ бўламиз.

Тўғрироқ фикрга кўра, бундай қилиш ҳаммага ҳам жоиз эмас. Чунки бир сафарда бир неча бор умра қилиш на Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ва на саҳобалар розияллоҳу анҳумдан собит бўлган. Бу ишни жоиз, деган уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдураҳмон ибн Абу Бакрга Ойша розияллоҳу анҳони мингаштириб Танъимдан умра қилдиришга буюрганларини далил келтиришади. Бироқ бу иш Ойша розияллоҳу анҳога ҳамда ҳолати унинг ҳолатига ўхшаш кишиларга хосдир. Чунки, Ойша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ҳажга чиққач, Каъбани тавоф қилишдан олдин ҳайз кўради ва эҳромдан чиқмай туради. Арафа куни бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳолидан шикоят қилади. Шунда у зот: «Умрангни ташла (ёхуд умра амалларини тўхтат), сочингнинг турмакларини еч, ювиниб-таран ва ҳажни ният қилиб талбия айт», дейдилар. Ойша розияллоҳу анҳо айтади: «Ҳасба (яъни ўн тўртинчи зулҳижжа) кечаси бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга Абдураҳмонни қўшиб Танъимга юбордилар. (У ерга бориб тўхтатган) умрам ўрнига умрани ният қилиб (эҳром кийиб), талбия айта бошладим»[1].

Яъни Ойша розияллоҳу анҳо у ердан мустақил умрани ният қилган. Чунки рожиҳ фикрга кўра, Ойша розияллоҳу анҳо ҳажни умрага киритган ва натижада ҳажжи қирон қилган эди. Бироқ бунга кўнгли тўлмаган, алоҳида умра қилишни хоҳлаган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга бу иш учун рухсат берган эдилар.

Шу сабабли, ҳайз кўриб, то ҳаж амаллари бошлангунга қадар умра тавофини қилолмаган аёллар ҳаж амалларини бошлаб юборадилар. Улар ҳажни умрага киритган ҳажжи қирон соҳибалари бўладилар. Бундай аёллар худди Ойша розияллоҳу анҳо каби ҳаждан кейин мустақил умра қилишлари мумкин. Аммо бу ҳолатга тушмаган бошқа инсонлар Танъимга бориб такрор умра қилишлари машруъ – жоиз эмасдир. Мазкур фикрни қўллаб-қувватлайдиган яна бир далил шуки, Ойша розияллоҳу анҳога ҳамроҳлик қилган акаси Абдураҳмон тоат-ибодатга иштиёқли бўлишига қарамасдан, унга қўшилиб умра қилмаган. Шунингдек, бирон саҳоба шу амални қилгани ҳам собит бўлмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир сафарда фақат бир марта умра қилганлари нақл қилинган. Дарҳақиқат, у зот тўрт бор умра қилган бўлсалар, уларнинг барчаси зулқаъда ойида адо этилган. Агар бир сафарда бир неча бор умра қилиш жоиз бўлганида мазкур сафарлардан бирортасида бўлса ҳам, такрор умра қилган ёки бирор саҳоба шундай қилган бўлур эди.

[1] Бухорий (1783), Муслим (1211) ривояти.

Discussion1 dona sharh

Reply To Абдулфаттоҳ Cancel Reply