Саҳобий бўлинг: Нодир авлод (10)

0

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғайбдан хабар берганларида саҳобалар у зотни кўриб турганлари

(Давоми)

Саҳобалар ўз кўзлари билан бошқалар кўриши имконсиз бўлган нарсаларни кўрганлар. Шулардан бири саҳобаларга Бадр кунида кўринган фаришталардир.

«Саҳиҳи Муслим»да келган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Ўша кунда мусулмонлардан бир киши мушриклардан бирини қувиб кетар экан, тўсатдан тепасида қамчи зарбасини ва чавандознинг «Олға Ҳайзум» деган овозини эшитди. Шунда мушрикка қараса, у орқаси билан йиқилган, бурни синган, юзи қамчи изидан ёрилиб, кўкариб кетганини кўрди. Ансорий келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга буни сўзлаб берганда: «Тўғри айтдинг. У учинчи осмондан тушган мадад (фариштаси)дир», дедилар[1].

Жанг майдонида фаришталар билан бир сафда турган ушбу саҳобийнинг ҳиссиётларини тасаввур қилиб кўринг! Бадр жангида қатнашган Абу Довуд Мозиний розияллоҳу анҳу айтади: «Мен мушриклардан бирини ўлдириш учун ортидан борар эдим. Қиличим унга етишидан илгари тўсатдан унинг боши узилиб тушди. Шунда уни мендан бошқаси ўлдирганини аниқ билдим»[2].

Уни ким ўлдирган деб ўйлайсиз? Шубҳасиз, фаришталар-да.

Саҳобалар Жаброил алайҳиссаломни ҳақ-рост кўрардилар. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига инсон қиёфасида келар, фақат кетганидан кейингина саҳобалар ўзлари билан ўтирган зот фаришталарнинг энг буюги бўлмиш Жаброил алайҳиссалом эканини билар эдилар. Имом Муслим Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у киши айтади: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ўтирарганимизда, кутилмаганда олдимизга оппоқ либосли, сочлари тимқора, ҳеч ким танимайдиган, аммо мусофирлигини кўрсатадиган бирон белги бўлмаган киши кириб келди. Келиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундоқ рўпараларига ўтирди-да, икки тиззасини у зотнинг тиззаларига теккизиб, икки қўлини икки сонлари устига қўйиб шундай деди: «Эй Муҳаммад, менга Ислом тўғрисида маълумот беринг…» Ўртада бир қанча савол-жавоблар бўлиб ўтганидан сўнг (нотаниш кимса) чиқиб кетди. Орадан анча вақт ўтгач, Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: «Эй Умар, савол сўраган киши кимлигини биласанми?» Мен: «Аллоҳ ва Расули билувчидир», дедим. Пайғамбар алайҳиссалом: «У келган Жаброил эди, сизларга динингизни ўргатиш учун келибди», дедилар”[3]. Ушбу тажрибани тўла яшаб ўтган кишининг тиниқ васфига эътибор беринг!

Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кўркам кўриниши билан танилган саҳобий Диҳя Калбий розияллоҳу анҳунинг қиёфасида келар эди. Саҳобалар ҳам Жаброил алайҳиссалом унинг суратида келишини билардилар. Ушбу ҳодисани кўрмаганлар эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабарларидан Жаброил алайҳиссалом Диҳя Калбий суратида келишини билиб олганлар. Чунки улар Диҳяни яхши танир эдилар. Ушбу ҳодиса кўп бора такрорланган ҳодисалардан эди.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга Амр ибн Луҳай ҳақида сўзлаб берганларини тасаввур этинг. У араблар орасида бут-санамларга ибодат қилишни урфга айлантирган, Шомдан Маккага энг биринчи бут олиб келган киши эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга Амр ибн Луҳай ҳақида сўзлай туриб: «Кўрган кишиларим орасида унга энг ўхшайдигани Маъбад ибн Аксамдир», деганлар. Маъбад саҳоба эди. Ушбу хабарни эшитган саҳобий Амр ибн Луҳайни Маъбад ибн Аксамнинг тимсолида тасаввур қилгани аниқ. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу сўзларни айтган вақтларида Маъбад ибн Аксам розияллоҳу анҳу ҳам ўша даврада бор эди. Шунда у: “Эй Расулуллоҳ, унга ўхшашлигимнинг менга зарари борми?» деб сўрайди. Шунда у зот: «Йўқ, чунки сен мўминсан, у эса кофир», дейдилар[4].

Бундан ҳам каттароғи қиёматнинг муҳим аломатларидан бўлган Дажжол фитнаси ҳақидаги хабарлардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларига Дажжол ҳақида сўзлаб бераётганларини кўз олдингизга келтиринг. Биз ҳам бу ҳақдаги саҳиҳ ҳадисларни ўқиганмиз, аммо ўшанда Расулуллоҳ муҳим нуқтани қўшган, у зотнинг саҳобалари эса бундан фойда олган эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган эдиларки: «У (яъни Дажжол) бир кўзли, тепа кал, бўғзи кенг, бироз букрилиги бор. У бамисоли Қатан ибн Абдулуззога ўхшайди». Бошқа ривоятда: «У Абдулуззо ибн Қатан кабидир», дейилган. У киши саҳобалардан бўлиб, ўшанда: «Эй Расулуллоҳ, унга ўхшашлигимнинг менга зарари борми?» деб сўрайди. У зот: «Йўқ, сен мусулмон кишисан, у эса кофирдир», деб жавоб берганлар[5]. Яъни саҳобалар розияллоҳу анҳум Дажжол қандай суратда бўлишини билар эдилар. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зикр қилган ҳадислар орқали Дажжолни тасаввур қиламиз, аммо саҳобалар тасаввур қилишмас, Дажжолнинг юз ифодасини аниқ кўрган эдилар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг кўринишини саҳобалардан бирининг тузилишига ўхшатган, улар эса уни яхши танир эдилар. Бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари даражасини янада зиёда қилади.

[1] Муслим, 1763.
[2] Ҳайсамий «Мажмаъуз завоид»да (6/86) келтирган.
[3] Саҳиҳи Муслим (1/8).
[4] Саҳиҳи Ибн Ҳиббон (7490).
[5] Албоний «Силсилаи саҳиҳа»да (1/1714) келтирган.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг