Охирзамон қирғинлари (8)

0

Яҳудийлар эътиқодига кўра, охирзамонда чиқиши кутилаётган Масиҳ келгач уларнинг ҳолатлари ҳимоядан ҳужумга ўзгаради. Чунки, даъво қилишларича, улар барча халқларга қарши уруш қиладилар. Баъзиларининг фикрига кўра, бу урушдан мақсад ўша миллатларга барҳам бериш бўлса, яна баъзиларининг фикрича урушдан мақсад уларни қул қилишдир.

Набавий ҳадисларда келишича, яҳудлар Дажжолнинг тобелари бўлиб, у билан бирга бутун ер юзига қарши жанг қилишади. Бу ҳолат улар то Қуддусни қамал қилишганига қадар давом этади, сўнг мусулмонлар қўлларида заволга юз тутишади[1].

Учинчидан: насронийлик динининг уруш тушунчасига бўлган муносабати.

Насронийлар уруш тушунчасига бўлган муносабат бобида яҳудийларга эргашадилар. Чунки улар Бани Исроил пайғамбарларига, Аҳдул қадим – Тавротга ва ундаги Аллоҳ таолонинг кофирларга қарши уруш қилиш тўғрисидаги Мусо алайҳиссаломга қилган амрига иймон келтирадилар[2].

Ҳозирда насронийлар қўлларида мавжуд бўлган инжилларга келадиган бўлсак, бу инжилларниинг баъзилари душманлар билан тинчлик ўрнатишга чақирса, баъзилари эса уруш, алоқани узиш ва душманларни қиличдан ўтказишга бўлган чақириқларни ўз ичига олган. Бинобарин, баъзи уламолар ва тадқиқотчилар инжиллардаги уруш ва тинчлик мавзусига оид оятларда қарама-қаршилик бор деган хулосага келганлар[3].

Тинчлик ўрнатишга чақирувчи Инжил оятларига келсак, Матта[4] инжилида Масиҳга нисбат берилган қуйидаги сўзлар шулар жумласидандир:

“9. Тинчлик ўрнатувчиларга жаннат бўлсин. Чунки уларга Худонинг ўғиллари дейилур. 10. Эзгулик йўлида қувғинга учраганларга жаннат бўлсин. Чунки осмонлар мулки уларникидир. 11. Мен туфайли одамлар сизларни ҳақоратласа, қувғинга солса, сизлар ҳақингизда ҳар қандай ёмон гапларни гапирса, сизлар бахтлисизлар! 12. Севининглар ва хурсанд бўлинглар, чунки сизларнинг осмонлардаги мукофотингиз буюкдир. Сизлардан аввал ўтган пайғамбарларни ҳам шундай қувғин қилганлар”[5].

Ҳатто улар, Матта инжилида келганидек, Масиҳнинг уларга шундай деганини ҳам даъво қилишади: “43. “Қардошингни севгин, душманингдан нафратлан“, деган гапни эшитгансизлар. 44. Лекин Мен сизга айтаман: «Душманларингизни севинглар. Сизларни лаънатлаганларни дуо қилинглар. Сизлардан нафратланганларга яхшилик қилинг. Сизларга ёмонлик қилган ва сизларни қувғинга солганлар учун ибодат қилинглар”[6].

Душманларга қарши уруш қилиш ва улар билан алоқани узишга чақирадиган Инжил оятларига келсак, уларда Масиҳга нисбат берилган қуйидаги сўзлар бўлиб, унда Масиҳ ер юзига тинчлик келтириш учун эмас, балки қилич келтириш учун келгани айтилади. Бу ҳақда Матта инжилида шундай дейилади: “34. Мени ер юзига тинчлик келтириш учун келган, деб ўйламанглар. Мен тинчлик эмас, балки қилич келтиргани келганман”[7].

Баъзи насронийлар мазкур бир бирига қарама-қарши Инжил оятлари ўртасини мувофиқлаштиришга уринганлар. Уларнинг айтишича, Масиҳ олиб келган тинчлик унинг даъватига эргашувчиларга хос тинчликдир. Бу даъватга қарши курашган ва унинг тобеларини қатағон қилганларга муносиб тарзда қарши уруш қилиш эса вожибдир[8].

Бироқ Инжил оятларидаги қарама-қаршиликни бу тарзда мувофиқлаштиришни бу оятлар қўллаб-қувватламайди. Чунки Масиҳнинг юқорида ўтган «Душманларингизни севинглар. Сизларни лаънатлаганларни дуо қилинглар» деган сўзларидан кўринадики, бу оятлардаги тинчлик душманларга қаратилган, тобеларга эмас!

Гапнинг хулосаси:

Аллоҳ йўлида жанг қилиш жоизлиги мусулмонлар ва аҳли китоблар иттифоқ қилган масалалардандир[9]. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўзининг йўлида жанг қилганларга Таврот, Инжил ва Қуръонда жаннат ваъда қилинганини хабар бериб шундай дейди: “Мўминлар Аллоҳнинг калимасини олий ва динини ғолиб қилиш учун Аллоҳнинг душманларига қарши жиҳодда жонлари ва молларини сарф қилишгани, кофирларни ўлдириб, ўзлари ҳам қатл қилинганлари учун Аллоҳ таоло уларнинг жонларини жаннат ва унда ҳозирлаб қўйган ноз-неъматлар эвазига сотиб олди. Уларга берилган бу жаннат ваъдаси (Мусо алайҳиссаломга нозил қилинган) Тавротда, (Исо алайҳиссаломга нозил қилинган) Инжилда, (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган) Қуръонда Аллоҳнинг зиммасидаги ҳақ ваъда бўлди. Аллоҳга берган аҳдига вафо қилган киши учун Аллоҳдан кўра аҳдига вафо қилувчироқ ҳеч ким йўқ. Шундай экан, эй мўминлар, Аллоҳ билан қилган бу савдоларингиздан ва Аллоҳнинг сизларга ваъда қилган жаннати ва розилигидан хурсанд бўлаверинглар. Мана шу савдо энг катта муваффақиятдир[10].

Ҳозирда аҳли китобларнинг қўлларидаги Таврот ва Инжилнинг ушбу раббоний ваъдадан холи бўлиши улар ўзларининг муқаддас китобларини ўзгартириб юборганига яққол далил бўлади[11].

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: «Илм аҳли бўлган кишиларда маълум бўлган нарса шуки, Аллоҳ Таврот нозил қилингандан кейин умматлар ичидаги пайғамбарларни ёлғончига чиқарган кишиларни Нуҳ, Од, Самуд, Лут, Фиръавн ва бошқа қавмларни ҳалок қилгани каби осмондан оммавий азоб юбориш орқали ҳалок қилмади. Балки Аллоҳ таоло Мусонинг тили билан Бани Исроилни зўравон қавмга қарши урушишга буюргани каби мўминларни кофирларга қарши жиҳод қилишга буюрди»[12],[13]. Уруш қилишдан мақсад уларни динга даъват қилиш ва шу каби ишлар эмас, балки Аллоҳ уларга ваъда қилган муборак ерни қайтариб олиш эди[14].

Бинобарин, Аллоҳнинг йўлида жанг қилиш ва жонни ҳимоя қилиш мақсадида душманларга қарши туришнинг фарз бўлиши Мусо алайҳиссалом замонасидан бошланди[15]. Мусо алайҳиссалом замонасидан олдин бу иш вожиб эмас эди. Лекин Тавротда Иброҳим Халилуллоҳ алайҳиссалом жиянлари Лут алайҳиссалом ва у кишининг тобеларини асир олган подшоҳларга қарши урушганлари, охир-оқибат Аллоҳнинг ёрдами билан уларни асирликдан халос этганларига ишора қилувчи сўзлар келган[16]. Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ: «Иброҳим Халилуллоҳ асҳобларидан зулмни даф қилиш учун жанг қилган эди»[17] дер экан ушбу ҳодисага ишора қилган эди. Эҳтимол Мусо алайҳиссалом замонасидан аввал қодир бўлган кишиларга душман тажовузини қайтариш мақсадида уруш қилишга изн берилган, сўнг бу иш Мусо алайҳиссаломнинг шариатида вожиб бўлган, сўнг Ислом шариатида бунга янги маъно қўшилиб, кофирларни якка Аллоҳнинг ибодатига даъват қилиш ёки уларни У Зотнинг ҳукмлари ва шариатига бўйсундириш учун жиҳод тушунчаси пайдо бўлган, валоҳу аълам.

[1] Қаранг: «Рисолат» (247-бет).

[2] Қаранг: «Ал-жавобус саҳиҳ» (5/236).

[3] Қаранг: «Ал-фисал фил милали вал аҳвои ван ниҳал» (2/103). Зайнаб Абдулазиз, «Ҳарбун салибийятун бикуллил мақойис» (119-бет). Собир Туайма, «Қироатун фил китобил муқаддас» (74-75-бетлар). Аҳмад Шалабий, «Масиҳийя» (275-276-бетлар). «Мийсоқун набиййин» (230-231-бетлар). Таҳтовий, «Насрония ва ислом» (161-162-бетлар).

[4] Насронийларнинг зикр қилишича, у ўн икки ҳаворийлардан бири бўлиб, Масиҳ алайҳиссаломга эргашишидан олдин румликларнинг ўлпон йиғувчиларидан бўлган. Масиҳ осмонга кўтарилгандан сўнг юрт кезиб одамларни насронийликка даъват қилган ва ниҳоят Ҳабашистонга бориб ўрнашган ва милодий 70-йилда ўша ерда вафот этган.

Қаранг: Матто Генри, «Муқаддас китоб (Янги Аҳд)нинг тўлиқ тафсири» (1/9). Эйсодурис, «Ал-харидатун нафийса фи тарихи каниса» (37-38-бетлар). Андро Миллер, «Қисқача черков тарихи (Miller’s Church history)» (50-51-бетлар).

[5] 5/9-12

[6] 5/43-44.

[7] 10/34

[8] Қаранг: «Канзул жалил фи тафсири Инжил» (1/162, 2/3480).

[9] Қаранг: Самъоний, «Тафсирул Қуръон» (2/350-351). «Ал-жомеъ ли аҳкомил Қуръон» (10/390-391). «Ал-истиқома» (2/203). Ибн Таймия, «Мажмуъул фатово» (1/59, 28/124).

[10] «Тавба» сураси, 111-оят.

[11] Қаранг: Мунқиз Саққор, “Ҳал аҳдул қадим калиматуллоҳ («Эски аҳд» Аллоҳнинг сўзими?)”, 5-бет.

[12] Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ Қуръонда Мусо алайҳиссаломнинг қавмига айтган ушбу сўзларига ишора қилади:

«Эй қавмим, Аллоҳ унга кириб боришингиз ва у ердаги кофирлар билан уруш қилишингизни ваъда қилган муқаддас – пок ерга, яъни Байтул Мақдис ва унинг атрофидаги ерларга киринглар ва зўравонларга қарши урушишдан (ортга) чекинманглар. Акс ҳолда, дунёю охират яхшилигини қўлдан бой берасизлар. Улар дейишди: «Эй Мусо, у ерда қудратли, кучли бир қавм борки, уларга қарши урушишга бизнинг куч-қувватимиз етмайди. Улар ўша ерда бўлар эканлар, биз у ерга асло кира олмаймиз. Улар чиқиб кетсалар, кейин кирамиз». Шунда Аллоҳдан қўрқадиган кишилардан бўлган, Аллоҳ Ўзига ва пайғамбарига итоат қилиш неъмати билан сийлаган икки киши Бани Исроилга деди: «Сизлар бу зўравон қавм устига шаҳарлари дарвозасидан сабабларни қилган ҳолда киринглар. Агар эшикдан кирсангиз, албатта ғолиб бўласизлар. Агар Унинг пайғамбари келтирган нарсаларга ишонувчи ва Унинг шариатига амал қилувчи бўлсангиз, Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига таваккул қилинглар!» Мусонинг қавми унга деди: «Модомики, ўша зўравонлар шаҳарда бўлар экан, биз унга ҳеч қачон кирмаймиз. Сен ва Раббинг боринглар ва улар билан урушинглар. Биз эса бу ерда ўтирамиз ва улар билан ҳаргиз урушмаймиз»” [Моида: 21-24 оятлар].

[13] «Ал-жавобус саҳиҳ» (2/251).

[14] Қаранг: «Ал-истиқома» (2/203-204).

[15] Қаранг: «Ал-жомеъ ли аҳкомил Қуръон» (10/ 392).

[16] Қаранг: «Яралиш китоби» (14/14-20).

[17] «Ал-жавобус саҳиҳ» (5/236).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг