Аллоҳнинг исм ва сифатлари: Хабийр исмининг маъноси (2)

0

(Давоми)

Хабийр исмига иймон келтириш самараси

  1. Аллоҳ таоло Хабийр – сир ва махфий саналган ҳамда бўлиб ўтган ва энди бўладиган ишларни билувчи, бирон нарсадан, у қанчалик кичик ва нозик бўлмасин, бехабар қолмайдиган зот. Бундай сифат фақат Аллоҳ таолога хосдир, бирон мавжудот бу хусусиятда Унга тенг эмас.

  2. Аллоҳ таолони Унинг Ўзидан кўра яхшироқ билувчи ҳеч ким йўқ. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло айтади: “У Раҳмондир. Бас, У зот ҳақида (барча нарсадан хабардор) хабийрдан сўранг!” яъни Раҳмон ҳақида Уни яхши танийдиган, исм-сифатларини мукаммал биладиган зот – Аллоҳдан сўранглар[1].

  3. Аллоҳ таоло бандаларининг амаллари, сўзлари ва қалбларида ўтаётган яхши-ю ёмон кечинмаларини билувчи ва улардан хабардор зот. Шу боисдан Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизларни Ундан тақво қилишга, У яхши кўрадиган амалларни бажариб, ғазабини келтирадиган барча ишлардан узоқ туришга буюрди.

Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад,) Парвардигорингизнинг Ўзи бандаларининг гуноҳларидан етарли хабардор, кўриб тургувчидир” (Исро сураси, 17-оят); “(Ахир) яратган зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) хабардор зотдир” (Мулк сураси, 14-оят).

Аллоҳ азза ва жалла бизларни тақвога ва эҳсонга, яъни Аллоҳ таолони кўриб тургандек ёки У зот кўриб турганинидек амал қилишга ундаб шундай дейди: “Агар барча ишларингизни эҳсон билан (яъни Аллоҳни кўриб тургандек ёки У зот сизларни кўриб тургандек) бажарсангиз ва Аллоҳдан тақво қилсангиз (ўзингизга яхшидир). Зеро, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор бўлган зотдир” (Нисо сураси, 128-оят);

Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” (Ҳашр сураси, 18-оят).

Ўзига ва Расулига итоат қилишга чорлаб шундай дейди: “Аллоҳга ва Расулига итоат қилинглар. Зеро, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор бўлган зотдир” (Мужодала сураси, 13-оят).

Ўзига, Расулига ва Китоби – Қуръонга иймон келтиришга буюриб шундай дейди: “Бас, сизлар Аллоҳга, Унинг пайғамбарига ва Биз нозил қилган Нурга — Қуръонга иймон келтиринглар! Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” (Тағобун сураси, 8-оят).

Нисо сурасининг 135-оятида Аллоҳ бизларни ҳақни яширишдан ва ёлғон гувоҳлик беришдан ёки гувоҳликдан бош тортишдан огоҳлантириб шундай дейди: “Эй мўминлар, адолат билан турувчи ҳамда ўзларингнинг ёки ота-она ва қариндош-уруғларнинг зарарига бўлса-да, Аллоҳ учун тўғри гувоҳлик берувчи бўлинглар! У (яъни гувоҳлик берилувчи) бой бўладими, камбағал бўладими, ҳар иккисига ҳам Аллоҳнинг Ўзи (сизлардан кўра) яқинроқдир. Бас, адолат қилмасдан нафси ҳавога эргашиб кетманглар. Агар тилларингни буриб (нотўғри гувоҳлик берсанглар) ёки (гувоҳлик беришдан) бош тортсанглар, албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор бўлган зотдир”, яъни Аллоҳ таоло ҳақни ўзгартириб, нотўғри гувоҳлик берганингиздан ва гувоҳлик беришдан бош тортиб, ҳақни яширганингиздан хабардор. Ўзларингизга зиён бўладиган бу қилмишларингизни сақлаб қўяди. Кейин ҳисоб-китоб кунида унга яраша сизларга жазо беради. Бас, шундай экан бу борада Раббингиздан тақво қилингиз.

  1. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Хабийр – барча нарсанинг моҳиятидан тўлиқ хабардор, ҳар қандай нарсанинг оқибати, ниҳояси ва охири нима билан якунланиши ҳақида хабар беришга қодир. Бўлиб ўтган, бўлаётган ва энди бўладиган барча ишларни биладиган зот.

Осмону ерларни олти кунда яратиб, сўнг аршга юксалгани ҳақида хабар бериб, Аллоҳ таоло шундай дейди: “У осмонлар ва ерни ҳамда уларнинг орасидаги барча нарсаларни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз аршига юксалган зотдир. У Раҳмондир. Бас, У зот ҳақида огоҳ — билимдон (кишилар)дан сўранг!” (Фурқон сураси, 59-оят).

Ҳеч ким билмайдиган беш нарсанинг калитини (яъни хабарини) Ўзигина билиши ҳақида билдириб айтади: “Дарҳақиқат, ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридагина (қиёмат) соати (қачон бўлиши тўғрисидаги) билим бордир. У (Ўзи хоҳлаган вақтда, Ўзи хоҳлаган жойга) ёмғир ёғдирур ва (оналарнинг) бачадонларидаги ҳомилаларини (ўғилми-қизми, расоми-нуқсонлими, бахтлими-бахтсизми эканини) билур. Бирон жон эртага нима иш қилишини била олмас. Бирон жон қай ерда ўлишини ҳам била олмас. Фақат Аллоҳгина билувчи ва хабардор зотдир” (Луқмон сураси, 34-оят).

Мазкур беш нарсанинг барчаси келажакда содир бўладиган ғайбий ишлардан саналади.

Қиёмат куни осмонлар бўлиниши ва ёрилиши, ер ларзага келиши ва зилзилалар содир бўлиши, тоғлар қўпорилиб, парча-парча қилиниши, дарё-денгизлар ўртасидаги тўсиқ-тўғонлар очилиши ва тандир каби қизитилиши каби даҳшатли кавний ҳодисалар рўй бериши ҳақида, шунингдек, бизни кутиб турган бундан бошқа мудҳиш воқеалар ҳақида ҳам Аллоҳ таоло хабар берган.

Ўша кунда иймон аҳли бу даҳшатлардан омонда ва хотиржам бўлиши, сўнг жаннатга соғ-омон кириши ҳақида билдирди. Шунингдек, кофир кимсалар у кунда Раҳмонни қўйиб, шайтонни дўст тутганилари ва унинг изига эргашганлари, саховатли ва марҳаматли Зотнинг сўзини тарк қилганлари учун жин-шайтон чалган одам сингари тирилишлари ҳақида хабар берди.

Аллоҳ азза ва жалла бундай улуғ кунда ушбу икки тоифа инсонлар нималарни бошидан кечиришини яхши биладиган зот. Аллоҳ таоло айтади: “Ахир у билмасмики, (Қиёмат қойим бўлиб,) қабрларнинг ичидаги нарсалар (жасадларга қайта жон ато этилиб, ташқарига) чиқарилганида. Ва диллардаги сирлар ошкор қилинганида. Ана ўша кунда шак-шубҳасиз Парвардигорлари улардан (яъни барча халойиқнинг ҳаёти дунёда қилиб ўтган ишларидан) огоҳ-хабардор-ку!” (Одиёт сураси, 9-11-оятлар).

Шубҳасиз, бу каби ишлар ҳақида Алийм ва Хабийр бўлган ёлғиз Аллоҳдан бошқа ҳеч ким хабар беришга қодир эмас. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад, дунё-ю охират ҳақида) ҳеч ким сизга хабардор Зот (яъни Аллоҳ) каби хабар бера олмас” (Фотир сураси, 14-оят). Яъни “Менчалик сизга ҳеч ким бу ҳақда хабар бера олмас. Негаки, Мен барча ишларни тўлиқ билувчиман”.

[1] Фурқон сураси, 59-оят. Баъзи уламолар оятда Раҳмон ҳақида сўрашга буюрилган зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, деган бўлса, айримлари, Жаброил алайҳиссалом, деган фикрни билдирган.

Изоҳ қолдиринг