Етти ҳикоят: Иккинчи ҳикоят (1)

0

МУҲАББАТ, НАФРАТ, АДОЛАТ…

Канъон аҳлининг бу муборак хонадонга ҳурмати чексиз.

Нега ҳурмат қилишмасин? Ахир, хонадон соҳиби Ёқуб тўғрисўз, хушфеъл, хушхулқ инсон. Каттаю кичикни бир кўриб, ёшу қарини бирдай ҳурмат қиладиган, ҳеч кимдан яхшилигини аямайдиган, мурувватли, олийжаноб киши.

Канъон аҳлига ягона, чин маъбуд Аллоҳни ким танитган? Ҳақ дин, гўзал хулқ, фароғатли турмуш, тотли ҳаёт Канъонга қаердан келган?

Ҳа, буларнинг бари худди зилол сув булоқдан отилиб чиққандек, Ёқуб алайҳиссаломнинг қутлуғ хонадонидан оқиб чиқиб, канъонликлар хонадонига кириб борган.

Юқоридагиларга қўшимча ўлароқ, бу муборак оила пайғамбарлар сулоласидан иборат:

Ёқуб алайҳиссалом – набий.

Оталари Исҳоқ алайҳиссалом – набий.

Амакилари Исмоил алайҳиссалом – набий.

Боболари Иброҳим алайҳиссалом эса Аллоҳнинг энг яқин дўсти ва пайғамбари.

Шундай бўлгач, бу қутлуғ хонадонга нисбатан эл-юртнинг ҳурмати чексиз бўлиши табиий-да.

Боз устига, Ёқубнинг бир-биридан одобли, бир-биридан чиройли ўн иккита ўғли бор. Кўзни қамаштирадиган бу ўн икки баҳодир оталари Ёқуб, боболари Исҳоқ ва Иброҳим алайҳиссаломлар (ёки алайҳимуссалом) каби ёқимли феъл-атворга эга бўлиб вояга етишган…

Жўғрофияга қизиқувчи зийрак ўқувчилар Канъон деб аталмиш кўҳна ўлкани бугунги кунда жаҳон харитасидан топа олмайдилар. Шунинг учун, гарчи номи харитадан ўчиб кетган бўлса-да, тарихда муҳрланиб қолган бу ўлкага қисқа таъриф бериб кетсак.

Канъон – қадимий, тарихий ўлка. У ҳозирги кунда Фаластин, Исроил, Лубнон (Ливан), Урдун (Иордания) ва Суриянинг ғарбий ерларига тўғри келади. Рум императорлиги бу юртни ишғол этгач, Канъон исми Сурия деган номга алмаштирилган.

Ёқуб алайҳиссалом ўзларининг бахтли хонадонлари билан ана шу қадим ўлка Канъонда шод-хуррам ҳаёт кечирар эдилар. Лекин ойнинг ўн беши қоронғи, ўн беши ёруғ бўлганидек, бу оилага қоронғи кунлар яқинлашаётган эди. Хонадон соҳиби эса бундан бехабар. Ака-укалар ўртасида пайдо бўлган фитна бу қутлуғ оила бошига не-не мусибатлар, бало-офатлар олиб келишини ҳеч билмасди.

“Пайғамбарзодалар орасида ҳам фитна чиқиши мумкинми?” деб ҳайрон бўлишингиз турган гап.

Ҳа, минг афсус, шундай нохуш кор-ҳоллар рўй бериши мумкин экан. Шуни ҳам доим ёдда тутишимиз керакки, ўртада шайтон бор! Инсониятнинг очиқ душмани иблис доим пистирмада.

Ва яна шаҳват бор, ёмонликка ундовчи нафс бор, нафс! Иши бадхоҳлигу бадкорликдан иборат бадбин каслар бор. Ёмон гумон эса, инсонга соядек эргашади. Иймон нури пасайган маҳал ёмон гумон тезда қалбни ишғол қилади. Ва яна حب الذات деб аталмиш ўзини ҳаддан ортиқ севиш, манманлик, худбинлик деган иллатлар ҳам борки, шайтон ана шуларнинг барини ишга солиб, қўзғаб, безаб, нафақат ака-ука, балки ота-бола ўртасини ва ҳатто давлат ва раият ўртасини ҳам бузиши мумкин.

Аслида, ака-укалар ўртасидаги фитна тарихи Ёқуб алайҳиссалом ўғилларидан бошланмаган. Бунинг илдизи узоқ-узоқларга боради. Отамиз Одам алайҳиссаломнинг ота ва она бир икки ўғилларининг фожиавий қиссасини эсланг.

Ака-ука Қобил ва Ҳобил ўртасида гап қочади. Бундан ота-она – Одам ва Ҳаво мутлақо бехабар. Ишқ-муҳаббат сабабли Қобил ўз туғишгани, жигари Ҳобилни уриб ўлдириб қўйган. Бу иш ҳаммамизга маълум.

Агар ота бир, она бир туғишганларнинг аҳволи шундай бўлса, ота биру она бошқаларнинг аҳволи қандай бўларкин? Ўгайнинг ҳоли не кечаркин? Ўгай бари бир ўгай-ку…

Юсуф алайҳиссалом Ёқубнинг алайҳиссалом ўн биринчи ўғиллари. Юсуф ва Бинямин битта онадан. Қолган ўнта ўғил бошқа онадан. Айтишларича, Юсуфнинг онаси ҳам ҳуснда тенгсиз экан.

Шу нарсалар қўл келдими ёки бошқа сабаб ҳам борми, билмадим, ишқилиб, шайтон ака-укалар ўртасини бузишга астойдил ҳаракат қилиб, мақсадига етади.

Ҳаммаси акаларнинг ноўрин шикоятидан бошланади. Тўғрироғи, фарзандларнинг отага нисбатан ёмон гумон ва нотўғри қиёсидан бошланган эди.

«Юсуф ва унинг укаси Бинямин отамизга биздан кўра маҳбуброқ, ҳолбуки, биз кўпчиликмиз. Отамиз бу борада аниқ адашяптилар; отамиз қаттиқ янглишяптилар», дейди Юсуфнинг ўгай акалари».

Ё тавба!

Ё алҳазар!

Фарзандлар жамланиб ўз отасини, падари бузрукворни муҳокама қилса-я.

Бу қандай гап?!

Бу қандай кўргилик?!

Ота-она умр бўйи фарзандига меҳр-муҳаббат берса-ю, фарзанд ўзининг бузуқ тарозусида ота-она меҳрини ўлчаб, «унга кўп меҳр берди, менга кам», деса-я!…

Қиёсни қаранг! «Биз кўпчиликмиз», эмиш!

«Ахир биз кўпчиликмиз-ку», биз ўнтамиз, Юсуф билан укаси эса икки киши, холос. Биз кўпроқ муҳаббатга ҳақли эмасмизми?! Биз лойиқ эмасмизми?! Биз, биз, биз…

Бу ёмон гумон очиқ айтилгандан кейин «биз отамиз муҳаббатини янада кўпроқ жалб этишимиз учун нима қилишимиз керак деган фикр ўртага қўйилади.

– Юсуфни ўлдиринглар ёки бирон ерга ташлаб келинглар. Шунда отангиз сизларга юзланиб, янада кўпроқ эътибор қаратади. Ана ундан кейин тавба-тазарруъ қилиб, покланиб, яна яхши, солиҳ одам бўлиб оласизлар, – дейди акалардан бири.

– Йўқ, Юсуфни ўлдирманглар. Агар чиндан ҳам ундан қутулиш учун бирор иш қилмоқчи бўлсаларинг, уни қудуққа ташлаб юборинглар, биронта йўловчи карвон олиб кетар, – дейди улардан бири.

Шу фикр ҳаммага маъқул келди, чоғи, бошқа ҳеч қандай фикр билдирилмади. Лекин «отамиз Юсуфни бизга ишонмайди-ку», деган хавф уларни чўчитарди. «Бир гап ўйлаб топармиз», деб ўн ўғил ота ёнига кириб келади.

– Отажон, не сабабдан сиз Юсуфни бизга ишонмайсиз? Ахир, биз унга хайрихоҳмиз, уни сидқидилдан суямиз-ку?! Уни эртага биз билан айланиб келишга юборинг, у ҳам бир ўйнаб, яйраб ёзилиб келсин. Ҳеч нарсадан хавотир олманг. Бизнинг ўзимиз уни яхши қўриқлаб, ўзимиз муҳофаза қиламиз, – дейдилар.

– Уни олиб кетсангиз, мен сиқилиб қоламан. Бу мени қайғуга солади. Сизлар ўйин билан овора бўлиб, унга қарамай қолсангиз, укангизни бўри еб кетишидан қўрқаман, – дейди Юсуфни уларга қўшишни истамаган ота.

Бу билан софдил ота ўзи сезмаган ҳолда бадният ўғилларга баҳона топиб берган эди.

– Қўрқманг, укамизга тикан ҳам кирмайди. Агар биз шунча кўп акалар ичида уни бўри еб кетса, унда биз жуда ландовур, лапашанг эканмиз-да, – деб катта гапларни гапиришади.

Ёқуб ноилож рози бўлади. Ўнта ака ёш Юсуфни ўзлари билан бирга олиб шаҳардан чиқиб кетишади.

Олдиндан тузилган қора режа асосида забардаст акалар нозикниҳол укани даст кўтариб қудуққа улоқтирадилар. Юсуф акаларининг бу режасидан умуман бехабар эди. Унинг пок қалбида акаларга нисбатан заррача шубҳа, қилча гумон деган нарса йўқ эди. Ўзи ҳам, хулқи ҳам гўзал бу болакай акаларга бир оғиз ёмон сўз айтмайди.

Гўзаллик тимсоли Юсуфнинг оғир қисматлари ана шу кундан, мана шу лаҳзалардан бошланди. Қудуқ қисматлар ибтидоси эди. Бундан кейин қуллик, қамоқ, сўнг қаср, сўнг… Буларнинг бари тақдирнинг ҳали очилмаган саҳифасида яширинган эди. Буни на Ёқуб пайғамбар ва на Аллоҳга яқин малак биларди. Ахир, ғайбни фақат Аллоҳнинг ўзи билади-ку. Фаришта, пайғамбар, авлиё ғайбни билмайди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бу ҳодисаларни ваҳий орқали билганлар.

«Ушбулар ғайб хабарлари бўлиб, Биз уни сизга ваҳий орқали билдирмоқдамиз. Оға-инилар зимдан бирлашиб, маккорона режа тузган пайтда сиз уларнинг ёнида бўлмагансиз», дейди Аллоҳ.

Хуллас, кичкина Юсуф хиёнаткорона тарзда қудуққа улоқтирилади.

Бу қўтир дунёда қудуққа ташланган инсон фақат бир Юсуфнинг ўзими? Жавоб: Йўқ, албатта, Юсуфнинг бир ўзи эмас. Ундан олдин ҳам, кейин ҳам қудуққа ташланганлар жуда кўп… Нафақат қудуққа, балки ловуллаб ёнаётган, алангаси кўкка туташган оловли чоҳга ташланганлар бор…

Туҳмат билан қамалган фақат унинг бир ўзи эмас. Ундан олдин ҳам, кейин ҳам туҳматга қолиб қамалган кўп.

Бошига мусибат тушган битта у эмас. Мусибатзадалар, аламзадалар, ситамдийдалар бу оламда сон-саноқсиз.

Лекин мусибатни енгишда уларнинг ҳаммаси ҳам бир хил эмас. Бундай оғир ҳолатда одамлар, хусусан, мазлумлар, аламдийдалар икки қисмга бўлиниб кетар экан.

Биринчи қисм: Аллоҳ раҳматидан, нусратидан умидвор кишилар. Таъбир жоиз бўлса, некбин-оптимистлар.

Бу руҳдаги кишилар «معية الله» «Аллоҳ мен билан бирга» деган эътиқод моҳиятини ҳис этиб яшайдилар. Яъни Раб таоло ўз илми, фазл-марҳамати, нусрати, мадади ила улар билан бирга бўлишини жуда яхши биладилар ва ишонадилар. Бу эътиқод инсонга катта руҳий қувват бағишлайди.

«معية الله» «Аллоҳ мен билан бирга» деган тушунча қуръоний тушунча бўлиб, Аллоҳ бу ҳақда Қуръоннинг бир нечта сураларида хабар берган.

«Сизлар қаерда бўлсангиз, У ҳам сизлар билан биргадир». (Ҳадид сураси 4-оят)

«Албатта, Аллоҳ сабрбардошли кишилар билан бирга-дир». (Бақара сураси 153-оят)

«Албатта, Аллоҳ тақводорлар билан биргадир». (Бақара сураси 194-оят)

«Ва, албатта, Аллоҳ мўминлар билан биргадир». (Анфол сураси 19-оят)

«Бешак, Аллоҳ тақводору муҳсинлар билан биргадир; У яхшилик қилувчи художўйлар билан мудом бирга». (Наҳл сураси 16-оят)

Қалби ана шундай мусаффо эътиқод, ана шундай гўзал таълимот билан суғорилган киши ҳеч қачон тушкунликка тушмайди, руҳан эзилмайди.

Иккинчи қисм: Тушкинликка тушган, бадхаёл, бадгир, бадгумон, руҳи сўниклар. Нажотдан, яхшиликдан умидини узганлар. Қўйингки, тушкуннинг ҳам тушкуни. Агар бундай кишилар қудуққа ташланса, ҳали қудуқ қаърига етмасдан туриб, ичини еб адо бўлади. Пастга етиб бормасдан олдин жони чиқиб ўлади.

Юсуфни алайҳиссалом эса, бундай изтироб, тушкунлик, сўниклик четлаб ўтган. Чунки ғаддор акалар бегуноҳ укани қудуққа улоқтириш ниятида турган пайтда, улар уни даст кўтарган чоғда Аллоҳ Юсуфга далда бериб шундай деган:

 «Улар Юсуфни олиб кетиб, қудуқ қаърига ташлашга қасд қилган пайтда, Биз унга «вақти келиб сен оғала- рингга бу қилмишлари ҳақида, албатта, хабар берурсан. Ўшанда улар сенинг Юсуф эканингни сезмайдилар»,  деб ваҳий қилдик».  (Юсуф сураси 15-оят)

(давоми бор)

Изоҳ қолдиринг