Аллоҳ суйган бандалар: Ўртача инфоқ қилиш (1)

0

Аллоҳ таоло айтади: “Улар молларидан инфоқ, эҳсон қилганларида ўта исрофга ҳам йўл қўймайдиган ва ўта зиқналик ҳам қилмайдиган зотлардир” (Фурқон, 67).

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ бу оятнинг тафсирида айтган: “Аллоҳнинг суюкли бандалари инфоқ-эҳсон қилсалар, ортиқ даражада исрофга йўл қўймайдилар, шу билан бирга, оила аҳллари ҳақларидан қирқиб, етарли таъминламай, бахиллик ҳам қилмайдилар. Балки, холислик билан ўртача бўладилар. Исрофгарлик ҳам, бахиллик ҳам эмас, ишларнинг яхшиси ўртасидир” (Ибн Касир тафсири: 3/325).

Язид ибн Абу Ҳабиб бу оят ҳақида шундай деган: “Оятдаги зотлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидир. Улар таомни лаззатланиш учун емасдилар, либосни кўрк, зийнат учун киймасдилар, балки очликни кетказиш ва ибодатларига қувват бўлиши учун овқатланар, авратларини тўсиш, иссиқ ва совуқдан сақланиш учун кийинар эдилар” (Қуртубий тафсири: 13/73).

Умар розияллоҳу анҳу ўғли Осимга шундай насиҳат қилган эди: “Ўғлим, қорнингни овқат билан тўлдирма, ярмига е. Кийимни ҳам эскиртиб-тузитмагунингча ташлама ва Аллоҳ ризқ қилиб берган мол-дунёни фақат қоринлари ва эгниларига сарфлайдиган одамлар каби бўлма” (Қуртубий тафсири: 13/74).

Ҳикматли сўзларда келади: “Агар сен қорнинг ва фаржингга сўраганини берсанг, иккиси бир бўлиб, сени мазамматга гирифтор қилурлар”; “Киши нафсига эрк берса, уни тиймаса, нафс ҳар қанақа ботил нарсани хоҳлаб қолади. Ўткинчи роҳатга чорлаган нафс кишига гуноҳ ва шармандалик олиб келади”.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг