Муфассирлар: Абу Бакр Жассос (2)

0

Сифати, хулқ-атвори

Абу Бакр Жассос роҳимаҳуллоҳ бошқа салафи солиҳларимиз сингари тақводор ва зоҳид олим эди. Одамлар орасида обидлиги ва художўйлиги билан танилганди. Бир неча бор қозилик мансабига таклиф қилинганда қиёматдаги сўровини ўйлаб, ундан бош тортгани унинг тақвоси ва зуҳди кучли бўлганига яққол бир мисол. Жассос роҳимаҳуллоҳ бир неча бор қозилик мансабига таклиф қилингани ҳақида кўплаб ривоятлар келган. Ҳусайн ибн Али Саймарийнинг айтишича, Жассос икки бор қозиликка таклиф қилинган экан. Келинг, бу воқеани Саймарийнинг ўзидан эшитайлик.

Саймарий айтади: “Менга Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Аҳмад Табарий Абу Бакр Муҳаммад ибн Солиҳ Абҳарийдан нақл қилишича, у[1] шундай дейди: “Халифа Мутеъ[2] мени бош қозилик мансабига таклиф қилди. Унинг номидан Абул Ҳасан ибн Абу Амр Шарроний элчи бўлиб келган эди. Мен бу таклифни рад этиб, ўрнимга Абу Бакр Аҳмад ибн Али Розийни (яъни Жассосни) маслаҳат бердим. Ушбу мансабни таклиф қилиш учун Жассосни олиб келишди. Абул Ҳасан ибн Абу Амр бунда унга ёрдам беришимни сўради. Жассосга бош қозилик мансаби таклиф қилинганда, у бош тортди. Мен у билан холи қолиб, энди гап очганимда: “Менга бу таклифни қабул қилинг, демоқчимисиз?” деди. “Йўқ, сизга бу мансабга ўтиришни маслаҳат бермайман”, дедим. Сўнг иккимиз Абул Ҳасан ибн Абу Амрнинг олдига бордик. У иккинчи бор унга бош қозилик мансабини таклиф қилди, мен ҳам унинг сўзини маъқуллаб турдим. Шунда у менга: “Сиз билан маслаҳат қилганимда, рози бўлмаслигимни айтмаганмидингиз!” деди. Буни эшитган Абул Ҳасан ибн Абу Амрнинг жаҳли чиқиб, менга деди: “Бизга бир инсонни маслаҳат бериб, унга эса бундан бош торишини маслаҳат берасизми?!” Мен: “Ҳа, бунда мен имом Молик ибн Анаснинг йўлини тутдим. Негаки, у мадиналикларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидига Қори Нофеъни имом этиб тайинлашни маслаҳат беради. Нофеъга эса бунга рози бўлмасликни насиҳат қилади. Ундан нега бундай қилганини сўрашганда: “Мен сизларга Нофеъни маслаҳат бердим. Чунки унга тенг келадиган биронтаси борлигини билмайман. Нофеъга кўнмаслигини маслаҳат бердим. Чунки агар рози бўлса, унинг душмани ва ҳасадгўйлари кўпаяди”, деб жавоб берган экан. Мен ҳам сизларга Жассосни маслаҳат бердим. Чунки унга тенг келадиган бирон кишини билмайман. Унга эса рози бўлмасликни маслаҳат бердим. Чунки бу (яъни рози бўлмаслиги) унга динини саломат сақлаб қолиши учун яхшироқдир”[3].

Илмий мартабаси ва эгаллаган мансаблари

Абу Бакр Жассос роҳимаҳуллоҳ замонасидаги ҳамда кейинги асрлардаги уламолар, хусусан, ҳанафий мазҳаби уламолари орасида олий мартабага эришади. Ҳатто баъзи уламолар уни учинчи табақа, яъни мазҳаббошидан бирор фикр келмаган масалаларда мазҳабдаги асосий қоидаларга таяниб, ижтиҳод қилишга қодир мужтаҳид олимлар қаторида зикр этган.

Имом Абу Заҳра роҳимаҳуллоҳ айтади: “Тўртинчи табақада зикр қилинадиган Розий (яъни Жассос) бундан олдинги (яъни учинчи) табақада зикр этиладиган Қозихон, Кархий ва бошқа олимлардан кам эмас. “Аҳкомул Қуръон” китоби унинг фазли ва илми нақадар баланд бўлганига далолат қилади[4].

Имом Абу Бакр Жассос роҳимаҳуллоҳ ҳижрий 344 йили устози Абул Ҳасан Кархийнинг масжидида дарс ва фатво бера бошлайди. Сўнг Сувайқату Ғолиб деган жойга ўтиб, Дарбул-мақбарада дарс беради. Сўнг ҳижрий 360 йилда Дарбу Абда деган жойга ўтиб, Дарбу Абда масжидида дарс беради”[5]. Кейинчалик Бағдод шаҳрида ҳанафий мазҳаби асосида дарс беришда тенги йўқ олим бўлиб етишади.

Шу тарзда аллома Абу Бакр Жассос роҳимаҳуллоҳ замонасида ҳанафий мазҳабининг етук олимларидан бирига айланади ва Ислом оламига донғи таралади. Натижада, унинг ҳузурига турли Ислом ўлкаларидан толиби илмлар, хусусан, ҳанафий фиқҳини ўрганмоқчи бўлган талабалар оқиб кела бошлайди.

Абу Бакр роҳимаҳуллоҳ чиндан ҳам замонасининг шу фандаги имоми бўлганида ҳеч ким шубҳа қилмаса керак.

[1] Абҳарий – Қози Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Тамимий (289 – 375 ҳижрий). Моликий мазҳабида ироқликларнинг устози. Бағдод шаҳрида яшаб, ҳадислар ривоят қилган ва мазҳаби асосида китоблар ёзган. У тақводор, солиҳ, сахий, етук олим эди. Уламолар уни қорилар қаторида зикр қилишган. Қаранг: Сафадий, “Ал-вофий бил-вафаёт”, 3\308, Иззуддин ибн Асир, “Ал-Лубоб”, (1\27) ва Ибнул Имод, “Шазаротуз-заҳаб”, (3\85).
[2] Мутеъ – Абул Қосим Фазл ибн Муқтадир ибн Мўътазид Аббосий (301 – 364 ҳижрий, 913 – 974 мелодий)  аббосий давлатининг йигирма учинчи халифаси. Ҳижрий 344 йил, халифа Мустакфийдан сўнг халифаликка сайланади. Ҳижрий 363 йил фалаж бўлиб қолгани сабабли тахтни фарзанди Тоеълиллоҳга топширади.  Иззуддин ибн Асир, “Ал-комил”, (7\253), “Тарихул хулафо”, (398 – 405 бетлар) ва Ибнул Имод, “Шазаротуз-заҳаб”, (3\48 – 49).
[3] Саймарий, “Ахбори Абу Ҳанифа ва асҳобиҳ”, (166-167 бетлар).
[4] Абу Заҳра, “Абу Ҳанифа”, (500 бет).
[5] Саймарий, “Ахбори Абу Ҳанифа ва асҳобиҳ”, (167 бет).

Изоҳ қолдиринг