Болалар учун Ислом тарихидан ҳикоялар (8)

0

Қурбоннинг сўзи қотилнинг Исломига сабаб бўлди

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи одамларнинг талабига биноан бир неча саҳобани Исломга даъват қилиш учун юбордилар. Улар мусулмонларнинг энг яхшиларидан бўлган етмиш киши эди. Бу жамоатда Ҳаром ибн Милҳон исмли киши ҳам бор эди. Уни Жаббор ибн Салмо деган мушрик ўлдирган эди. Жабборнинг мусулмон бўлиши ҳеч кимнинг ақлига сиғмасди. Лекин у тез орада Исломга кирди. Одамлар ҳайратланиб, ундан Исломга киришининг сабабини сўрашган эди, у бундай деди:

“Исломга қандай кирганимни айтадиган бўлсам, мен Ҳаром ибн Милҳон деган бир мусулмонга дуч келдим ва унинг икки елкаси ўртасига найза урдим. Найзанинг учи кўкрагини ёриб чиқди. Шунда унинг: «Каъбанинг Раббига қасамки, мен зафар қучдим», деганини эшитдим. Кейин ўзимга ўзим: «Бу билан нима демоқчи? Мен туш кўряпманми ё бу алдаяптими?» дедим…”

Чунки инсон ўлаётиб ёлғон гапирмайди. Бошқа пайт ёлғон гапириб қўйса ҳам, жончиқар маҳалида алдамайди, араблардан бирор киши бу пайт ёлғон гапиргани ҳали кузатилмаган.

Ҳа, Жаббор ибн Салмонинг ажабланишга, ҳайратланишга, ўзига ўзи: “Бир кишини найза билан урсаму, найза унинг бу тарафидан кириб, у тарафидан ёриб чиқса, кейин ерга йиқилиб, қонга беланиб, охирги нафасларини олаётган жойида «Каъбанинг Раббига қасамки, мен зафар қучдим», деса-я”, деганга ўхшаш гапларни айтишга ҳаққи бор эди.

Ахир энди хотини бева, фарзандлари етим қолишини, дунёдаги барча лаззатлардан маҳрум бўлишини, энди емак-ичмак ҳам, қуёш нури ҳам, ой ёруғлиги ҳам, дўстлар суҳбати ҳам йўқ эканини, ўзи учун қабрдан бошқа нарса энди бўлмаслигини билиб турса ҳам, қайси зафар, қайси ғалаба ҳақида гапиряпти?!

Жаббор ҳикоясини шундай давом эттиради: “Кейин баъзи мусулмонлардан Ҳаром ибн Милҳоннинг бу сўзи ҳақида сўраган эдим: “У шаҳидликни назарда тутган. Чунки у Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлиб, шаҳид бўлган инсон қандай саодатга, Аллоҳнинг розилиги ва жаннат неъматларига эришишини билар эди. У ана шу неъматларни гўёки кўриб тургандай: «Каъбанинг Раббига қасамки, мен зафар қучдим», деган”, деб тушунтиришди.

Шунда мен: “Аллоҳга қасамки, ҳақиқатда зафар қучибди”, дедим”.

Шу онда Жаббор ибн Салмо бу оламнинг ортида бошқа олам борлигини, у ҳозирда ҳис қилиб турган лаззатлар ва хурсандчиликлар ортида улардан ҳам лазизроқ, буюкроқ ва кенгроқ бўлган неъматлар, хурсандчиликлар мавжудлигини, у лаззатлар ва хурсандчиликлар битмас-туганмас эканини, у ҳаёт абадий эканини англаган эди. Аллоҳ таоло айтади: Ҳеч бир жонзот (Аллоҳ таоло ўша мўминлар учун) уларнинг (солиҳ) амалларига мукофот ўлароқ ҳозирлаб қўйган, кўзлар қувончи бўлган, кўнгиллар у билан яйраб-яшнайдиган мукофотларни билмагай[1].

Яна Аллоҳ шундай дейди: (Эй Пайғамбар,) Аллоҳ йўлида ўлдирилган кишиларни (ҳеч нарсани ҳис қилмайдиган) ўликлар деб асло гумон қилманг. Балки улар (У туфайли жиҳод қилишган ва Унинг йўлида ўлган) Раббиларининг даргоҳида (барзах ҳаётида) тирикдирлар. Уларга (жаннатда) ризқлари келиб туради (ва Улар ҳузур-ҳаловатда бўладилар). Аллоҳ таоло (марҳамат қилиб,) Ўз фазлу карами (билан уларнинг кўзларини қувонтирадиган ноз-неъматлару Ўз розилиги)ни ато этган пайтда уларни бахтиёрлик қамраб олади[2].

Шундай қилиб, мўмининг қалбидан чиққан, тили эса нутқ қилган оддийгина бир сўз Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмайдиган кофирнинг иймонга келишига сабаб бўлди. У энди ўзи ўлдирган ғанимининг динига иймон келтирган, ўзи унга қарши курашиб, душманлик қилиб келган динни қабул этган эди. Гоҳида иймонли, ихлосли биргина сўз чексиз ажойиботларни юзага келтиради, қўшинларни мағлуб этади ва юртларни фатҳ қилади[3].

[1]Сажда сураси, 18-оят.

[2]Оли Имрон сураси, 169–170-оятлар.

[3]Қиссани Имом Бухорий «Ғазотлар китоби»да «Ражеъ ғазоти боби»да (4091) ҳамда Ибн Ҳишом (2/187) келтирган.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг