Умар ибн Абдулазиз (7)

0

Учинчи лавҳа

Обид ва зоҳидлардан бўлган Зиёд ибн Майсара Махзумий ҳикоя қилади: “Хожам Абдуллоҳ ибн Айёш баъзи юмушларини битириб келишим учун мени Мадинадан Дамашққа мўминлар амири Умар ибн Абдулазиз ҳузурига юборди. Умар ибн Абдулазиз билан ўртамизда у Мадинада волийлик қилган давридан бери самимий алоқа бор эди. Пойтахтга етиб боргач, Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурига кирдим. Унинг олдида бир котиб халифа айтаётган сўзларни ёзиб ўтирарди. Ҳужранинг остонасига келиб: “Ассалому алайкум”, деб салом бердим. Умар ибн Абдулазиз: “Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ, кел, Зиёд”, деб жавоб қайтарди. Мўминлар амири, деб салом бермаганимга хижолат бўлиб, халифа томон юрдим. Яқинлашгач: “Ассалому алайка ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, эй мўминлар амири”, дедим. Умар ибн Абдулазиз: “Эй Зиёд, биринчи саломинг учун сени айбламаймиз, иккинчи саломга нима ҳожат бор?” деди.

Халифанинг ёнида ёзиб ўтирган котиб Басрадан чопар орқали келган мазлумлар мактубини ўқиб қолди. Шунда Умар ибн Абдулазиз: “Эй Зиёд, шу ерда ўтира тур, ишимиздан бўшаб олайлик, кейин бафуржа гаплашамиз”, деди. Эшик олдидаги тахтасупага ўтирдим, котиб арзномаларни ўқир эди, Умар ибн Абдулазиз эса диққат билан тинглаб, алам билан чуқур-чуқур хўрсиниб қўярди.

Котиб ҳамма мактубларни ўқиб бўлгач, чиқиб кетди. Умар ибн Абдулазиз ўрнидан туриб келиб, мен ўтирган эшик олдида рўпарамга ўтирди ва тиззамга қўлларини қўйиб: “Хуш келибсан, Зиёд, эгнингдаги кийиминг билан исиниб, бизни бўйнимизга тушган нарсалардан роҳатда бўлиб қолдинг”, деди. Эгнимдаги жундан тўқилган кийим эди. Сўнг Мадина аҳлининг солиҳ кишилари, эркаг-у аёллари ҳақида бирма-бир сўраб чиқди. Ҳеч кимни қолдирмай суриштирди. Кейин Мадинада бизга волий бўлиб турган вақтда буюрган қилган ишлари ҳақида сўради. Сўраган нарсаларининг ҳаммаси ҳақида бирма-бир хабар бердим. Умар ибн Абдулазиз чуқур хўрсиниб: “Эй Зиёд, Умар нимага тушиб қолганини кўряпсанми?” деди. Мен: “Сиз учун бу нарсада яхшилик ва ажр-савобни умид қиламан”, дедим. Умар ибн Абдулазиз: “Ҳайҳот!” деб йиғлаб юборди. Унга раҳмим келиб: “Ўзингизга раҳм қилинг, мўминлар амири. Бу ишда мен сиз учун яхшилик бор деб умид қиламан”, дедим. Умар ибн Абдулазиз: “Қанчалик узоқ нарсани умид қиляпсан, Зиёд. Шундай куч-қудратга эга бўлиб қолдимки, мен сўка оламан, биров мени сўка олмайди. Мен ура оламан, биров мени ура олмайди. Одамларга озор бера оламан, улар менга озор бера олмайди”, деб, яна йиғлаб юборди. Менинг ҳам кўнглим юмшаб, унга ачиниб кетдим.

Мен Умар ибн Абдулазиз хожамнинг ишларини битириб бергунича, ҳузурида уч кун қолдим. Иш битгач, уйга қайтадиган бўлиб турганимда, Умар ибн Абдулазиз хожамга мени ўзига сотишини сўраб мактуб битди ва уни қўлимга тутқазди, сўнг ўриндиғи тагидан йигирма дийнор чиқариб: “Бу пуллар яшашингга ёрдам бўлади. Агар хирожда бирон ҳаққинг бўлганида эди, ҳаққингни берган бўлардик”, деди. Мен дийнорларни олишдан бош тортдим. Шунда: “Бу пуллар мусулмонларнинг молларидан эмас, ўзимнинг нафақамдан, олавер, Зиёд”, деди. Олмадим, лекин у сўзида қаттиқ турди. Ноилож дийнорларни олиб йўлга тушдим. Мадинага етиб боргач, мўминлар амирининг мактубини хожамга тутқаздим. У мактубни очиб ўқигач: “Умар ибн Абдулазиз сени унга сотишимни сўрабди. Мендан сени сотиб олиб, кейин озод қилиб юбормоқчи… Нима учун мен ўзим сени озод қилмайин?!” деди-да, мени озод қилиб юборди”.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг