Жума боби (1)

0

Жума ҳафтанинг энг афзал кунидир. Аллоҳ таоло бу кунни мусулмонлар учун хослаб қўйди, аммо аввалги умматларга бу фазилатни бермади. Албатта, бу иш Аллоҳ таолонинг мусулмон умматига берган марҳамати ва фазлидир.

Жума кунида бажариладиган махсус ибодатлар бор. Уларнинг энг буюги жума намозидир. Зеро, жума намози қаттиқ таъкидланган фарз амаллардан саналади. Жума куни бомдод намозида “Сажда” ва “Инсон” сурасини ўқиш, кундузи “Каҳф” сурасини тиловат қилиш, кун давомида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўп саловат айтиш, ғусл қилиб, хушбўйликлар сепиб, энг яхши кийимларни кийиш, жума намозига эрта бориш, имом келгунига қадар истиғфор ҳамда зикрлар билан машғул бўлиш, имом хутбани бошлаши билан унга қулоқ тутиш мустаҳаб ишлардандир.

Бу кунда дуолар ижобат бўладиган бир вақт борки, унда дуо қилган одамнинг дуоси ҳечам қайтарилмайди.

Уламолар ушбу вақт айнан қачон эканида турли фикрларни билдиришган. Баъзи олимлар, бу вақт имом минбарга ўтирганидан бошлаб, то намоз тугагунга қадар давом этади, деган. Бошқа бирлари эса, аср намозининг охирги соатлари, деган. Шу гап кўпчилик саҳоба ва тобеинларнинг фикри бўлиб, Имом Аҳмад ҳам шу фикрни ихтиёр қилган.

Бошқа намозлардан фарқли ўлароқ, жума намозининг ўзига хос ҳукмлари бор. Жумладан, муайян миқдорда одам йиғилиши, унга қатнашишга қаттиқ таъкидланиши, ватан тутилган ерда ёки муқим ҳолатда ўқилиши шартлиги, намоздан аввал икки бор хутба қилиниши, намозда қироат жаҳрий ўқилиши, жума намозига азон айтилганидан кейин савдо-сотиқ қилиш ҳаромлиги.

Дарҳақиқат, жума намозини тарк қилиш ҳақида шундай қаттиқ таҳдид ва огоҳлантиришлар айтилганки, ҳатто бундай таҳдидлар аср намозини тарк қилишдан огоҳлантирувчи ҳадисларда ҳам айтилмаган. Шу боис барча мусулмон уламолар жума намози фарзи айн эканига ижмо қилган ва: “Жума намози Арафадан ташқари мусулмонлар жамланадиган энг афзал вақт”, деган. Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Зодул маод” китобида жума намози учун алоҳида узун бир бўлим ажратган.

Бир юз ўттизинчи ҳадис

 

عَنْ سَهْلِ بن سَعْدٍ السَّاعِدي رضيَ الله عَنْهُ: أنَّ رِجَالاً تَماروا في مِنْبر ِرَسُول الله صلى الله عليه وسلم مِن أيِّ عُودٍ هُوَ؟

فقال سَهْلٌ: من طَرْفاء الْغَابَةِ، وَقَدْ رَأيْتُ رَسُولَ الله صلى الله عليه وسلم قَامَ عليهِ فَكبَّرَ وَكبَّرَ النَّاسُ وَرَاءَهُ وَهو عَلَى المِنْبَرِ، ثُمَّ ركَع فنزل القَهْقَري حَتَّى سَجَدَ في أصلِ الْمِنبرِ، ثُمَّ عَادَ حَتَّى فرَغَ مِنْ آخِرِ صَلاَتِهِ  ثم أَقْبَلَ عَلَى النَّاس فَقَالَ: “يَا أيُّهَا النَّاسُ، إِنَّمَا صَنَعْتُ هذَا لِتَأتمُّوا بي وَلِتَعلَّمُوا صَلاَتي”.

وفي لفظ: ” فَصَلَّى وَهُوَ عَليْها ثَم كَبَّر عَلَيْهَا، ثُمَّ رَفَعَ وَهُوَ عَليْهَا ثُمَّ نَزَلَ الْقَهْقَرى “.

Абу Ҳозим ибн Динор айтади: “Бир гуруҳ кишилар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбари қандай ёғочдан ясалгани ҳақида тортишиб, Саҳл ибн Саъд Соъидийнинг ҳузурига шу ҳақда сўрагани келишди. Саҳл уларга шундай деб жавоб қилди: “Ўрмон юлғунидан ясалган[1]. Дарҳақиқат, мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни унинг устига чиқиб, такбири таҳрима[2] айтганларини, у зотнинг ортидан инсонлар ҳам такбири таҳрима айтганини кўрганман. Сўнг у зот руку қилдилар ва (рукудан турганларидан сўнг) ортга тисарилиб (минбардан) тушиб, минбар тагида сажда қилдилар. Сўнг (минбарга) қайтдилар. Намозларини ўқиб бўлгач, одамларга юзланиб шундай дедилар: “Эй инсонлар, мен бу ишимни сизлар менга эргашишингиз ва намозимни ўрганишингиз учунгина қилдим” (Бухорий, 917 ва Муслим, 544).

Бир ривоятда: “Минбар устида намозга такбир айтдилар, сўнг минбар устида рукудан туриб, сўнг ортларига тисарилиб (минбардан) тушдилар”, дейилган.

Шарҳ:

Одамлар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбарлари қайси дарахтдан ясалгани борасида баҳслашиб қолишди. Саҳл ибн Саъд ўша даврда замонасининг энг илмли кишиси эди. Чунки у ўша пайтда Мадинадаги сўнгги саҳоба эди. Шунинг учун одамлар бу масалага ойдинлик киритишни, уларни қийнаган саволга жавоб олишни истаб, унинг ҳузурига келишди. Саҳл розияллоҳу анҳу уларга Пайғамбаримизнинг минбарлари ўрмон юлғунидан ясалганини айтди ва сўзини исботлаш учун кўрганларини айтиб берди: “Дарҳақиқат, мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни намоз ўқиш учун унинг устига чиққанларини кўрганман. У зот минбарда туриб, (намозни бошлаш учун) такбири таҳрима айтдилар, ортларидан одамлар ҳам такбири таҳрима айтиб намозни бошлади. Сўнг руку қилдилар ва (рукудан тургач) орқага тисарилган ҳолда минбардан тушиб, минбар тагида сажда қилдилар. Сўнг яна қайтиб минбарга кўтарилдилар. Шу зайлда то намозларини тугатгунларича қиёмда минбарга кўтарилиб, саждага эса, минбардан тушавердилар. Сўнг намозларини тамомлаб, одамларга юзландилар ва ҳозиргина қилган бу ишларини – намоз асносида минбардан тушиб-чиқишларини – улар у зот қандай намоз ўқишларини кўриб, намоз ўқиш тартибларини ўрганишлари ва у зотга эргашишлари учун қилганини баён этдилар.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Тобеинлар илм йўлида изланганлар ва билмаган масалаларини ўзларидан катта олимлардан сўраб ўрганганлар. Бу уларнинг одоблари юксаклиги нишонасидир.

  2. Эҳтиёж бўлганда имом муқтадийларга қараганда юқорироқ ерда намоз ўқиши жоиз. Масалан, намознинг қандай ўқилишини таълим беришга эҳтиёж туғилса. Аммо бунга бирон эҳтиёж бўлмаса, у ҳолда имом муқтадийлардан юқорироқ ерда туриб намоз ўқиши макруҳ саналади. Негаки, Абу Довуд Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Бир киши одамларга имомлик қилса, уларнинг турган еридан юқорироқ ерда турмасин[3].

  3. Намозда эҳтиёж учун намозга алоқадор бўлмаган оз ва енгил ҳаракатларни бажариш жоиз бўлиб, у намозга путур етказмайди.

  4. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш вожиб ва у зотнинг амаллари (хатти-ҳаракатлари) ҳам эргашиш ва мунтазам амал қилиш лозим бўлган суннатларидан саналади.

  5. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жуда гўзал услубда таълим берар эдилар. Бу ўринда у зот сўз ва амал ила таълим бердилар. Зеро, бу иккиси маълумотнинг ҳақиқий моҳиятини аниқ тасвирлаб беради.

  6. Мазкур ҳадис таълим бериш мақсадида намоз ўқиб кўрсатиш жоизлигига ва бу нарса ихлос ва хушуъга зид эмаслигига далолат қилади. Балки ибодат устига яна бир ибодат бўлади.

[1] Бу ерда Мадинаи Мунаввара шаҳридан тўққиз мил узоқликда, Шом йўлида жойлашган ўрмон назарда тутилган.
[2] Такбири таҳрима – намоз бошида, намозга киришиш учун Аллоҳу акбар деб бир бор айтиш.
[3] Абу Довуд, 598.

Изоҳ қолдиринг