Уламоларнинг у ҳақда айтган мақтовлари
Хатиб Бағдодий (раҳимаҳуллоҳ) Абу Бакр Жассосни таърифлаб шундай дейди: “Аҳмад ибн Али Абу Бакр Розий – фақиҳ олим. Ҳанафий мазҳабида замонасининг пешвоси. Зуҳди ва тақвоси билан машҳур… Асрининг энг билимдони эди. Фиқҳ илмини ўрганаман деганлар унинг олдига сафар қилишарди. Бош қозилик мансаби таклиф этилганида, қабул қилмаган. Иккинчи бор таклиф қилинганда ҳам бош тортган”[1].
Ибн Жавзий (раҳимаҳуллоҳ) ҳам Абу Бакр Жассос ҳақида Хатиб Бағдодийнинг сўзига яқин мақтовлар айтган[2].
Шерозий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Абу Бакр Жассос Бағдодда ҳанафий мазҳаби олимларининг энг билимдони эди. Бағдод фуқаҳолари фиқҳни ундан таълим олишган”[3].
Ибн Асир (раҳимаҳуллоҳ) ҳижрий 370-йилда бўлиб ўтган ҳодисалар ҳақида гапирар экан, шундай дейди: “Шу йили замонасида ҳанафий мазҳаби фуқаҳоларининг имоми саналган Абу Бакр Аҳмад ибн Али Розий вафот этди. Бош қозилик мансаби таклиф қилинганда кўнмаган”[4].
Имом Заҳабий (раҳимаҳуллоҳ) Жассосни васф этиб шундай дейди: “Имом, аллома, муфтий, мужтаҳид олим, Ироқнинг билимдони Абу Бакр Розий… Етук олим бўлиши билан бирга зоҳид ва обид инсон эди”[5].
Зайлаъий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Абу Бакр Жассос усули фиқҳ, фиқҳ ва ҳадис илмларида пешво эди. Абу Довуд, Ибн Абу Шайба, Абдураззоқ ва Абу Довуд Таёлисийнинг ҳадис тўпламларидаги ҳадисларни яхши хотирлай олар, хоҳлаган пайтида мазкур китоблардан истаганича ҳадисларни ёддан айтишга қодир эди”[6].
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ Абу Бакрни таърифлаб шундай дейди: “Фақиҳ олим Аҳмад ибн Али Абу Бакр Ҳанафий Розий ҳанафий мазҳабининг имомларидан. Обид, зоҳид, тақводор инсон эди. Ҳанафий фиқҳида замонасининг энг билимдони бўлган. Ернинг турли ўлкаларидан талабалар унинг ҳузурига таълим олиш учун келишар эди”[7].
Юқорида айтилган сўзлардан маълум бўладики, Имом Аҳмад ибн Али Розий усули фиқҳ, фиқҳ ва ҳадис илмларини пухта эгаллаган имом бўлган ва илмда юксак мартабаларга эришган. Унинг таржимаи ҳолини ёритган барча олимларнинг у ҳақда айтган мақтовли сўзлари бунга яққол мисол.
Шогирдлари
Ҳанафий мазҳабидаги кўпчилик уламолар Имом Абу Бакр Розийнинг қўлида таҳсил олишган. Қуйида улардан айримларини келтирамиз:
Аллома муфтий Абу Бакр Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий. Ҳанафий мазҳаби олимларидан. Абу Абдуллоҳ Саймарий айтади: “Абу Бакр Розий (Жассос)дан сўнг ҳанафий мазҳабининг имоми ва муфтийси Абу Бакр Хоразмий бўлди. Одамлар у каби чиройли ва гўзал услубда фатво ва дарс берадиган бошқа олимни кўрмаган. Бир неча бор қозилик мансабига таклиф этилганда бош тортган”[8]. Ҳижрий 403 йили вафот этган.
Фақиҳ олим Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Яҳё ибн Маҳдий Журжоний. Ҳанафий мазҳабининг фуқаҳоларидан. Ҳақиқий фақиҳ олим эди. Ҳижрий 398 йили вафот этган[9].
Абу Фараж Аҳмад ибн Муҳаммад. Ибн Муслима номи билан машҳур. Ўта оқил, фазилатли, яхшилиги кўп деб васфланган олимларнинг бири. Ҳовлиси аҳли илмлар йиғиладиган жой эди. Ишончли олим бўлган. Ҳижрий 415 йили вафот этган[10].
Қози Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Аҳмад Насафий. Тақводор зоҳид олим бўлган. Фиҳқ илмини Жассосдан таълим олган. Фикр-мулоҳазали, соф илмли инсон эди. Ҳанафий мазҳабини пухта билган. Ҳижрий 414 йили вафот этган.
Абу Ҳасан Муҳаммад ибн Аҳмад Заъфароний. Фақиҳ ва солиҳ олим эди. Хатиб Бағдодий уни ишончли олим деб васфлаган. Ҳижрий 393 ёки 394 йили вафот этган.
Абу Ҳусайн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Таййиб Воситий. Самъоний айтади: “Абу Ҳасан ишончли ироқлик фақиҳлардан эди”[11]. Ҳижрий 417 йили вафот этган.
[1] Бағдодий, “Тарихи Бағдод”, (4\314).
[2] Ибн Жавзий, “Ал-мунтазам фи тарихил-мулуки вал-умам”, (7\105).
[3] Шерозий, “Табақотул-фуқаҳо”, (150-бет).
[4] Ибн Асир, “Ал-комил фит-тарих”, (7\106).
[5] Заҳабий, “Сияру аъломин-нубало”, (16\340).
[6] Зайлаъий, “Насбур-роя”, (1\44).
[7] Ибн Касир, “Ал-бидоя ван-ниҳоя”, (11\297).
[8] Саймарий, “Ахбору Аби Ҳанифа”, (172-бет).
[9] Қаранг: “Тарихи Бағдод”, (3\433) ва “Ал-жавоҳирул-музиа”, (3\397).
[10] Қаранг: “Тарихи Бағдод”, (9\250) ва “Ал-жавоҳирул-музиа”, (1\113).
[11] Самъоний, “Ансоб”, (5\93).