Аллоҳ суйган бандалар: Ўртача инфоқ қилиш (2)

0

Инфоқ-эҳсоннинг фазли ва бахилликнинг ёмонлиги ҳақида

Аллоҳ таоло деди: “Сизлар не бир нарсани инфоқ-эҳсон қилган бўлсангиз, Аллоҳ унинг ўрнини тўлдиради” (Сабаъ, 39);

Не бир яхшиликни – пул-молни инфоқ қилсангиз, унинг фойдаси ўзингизга қайтади. Мўминлар фақат Аллоҳнинг Юзини истаб инфоқ-эҳсон қиладилар. Неки молни инфоқ-эҳсон қилсангиз, сизларга унинг ажру савоби тўла-тўкис, ҳеч камайтирилмаган ҳолда берилади” (Бақара, 272);

Аллоҳ йўлида қанақа пул-молни инфоқ қилсангиз, ундан ҳеч бири Аллоҳга махфий қолмайди” (Бақара, 273);

Аммо ким молига бахиллик қилса ва Аллоҳ ҳузуридаги мукофотлардан ўзини беҳожат деб билса, иймон калимаси бўлмиш “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни, унинг мазмун моҳиятини ҳамда унинг ортидан келувчи жазою мукофотларни ёлғон санаса, Биз унга бахтсизлик сабабларини осон қилиб қўямиз ва дўзахга тушган пайтида бахиллик қилган моли унга фойда бермайди” (Лайл, 8-11);

Ким бахиллигидан ва ортиқча молига қизғанчиқликдан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топувчидирлар” (Тағобун, 16).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Икки кишига ҳасад (ҳавас) қилса бўлади: Аллоҳ бир кишига бойлик берган ва шу бойликни яхши ишларга сарфлайдиган қилиб қўйган ҳамда Аллоҳ бир кишига ҳикмат (Қуръон) берган, у ушбу ҳикмат билан ҳукм қилади ва уни бошқаларга ҳам ўргатади” (Бухорий: 1/165, Муслим: 6/98 ривояти).

Яна Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қай бирингизга ўзининг молидан кўра ворисининг моли маҳбуброқ?” дедилар. Саҳобалар: “Ҳар биримизга ўз моли-дунёси севимли, ё Расулуллоҳ”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар кимнинг Аллоҳ йўлида сарфлаган моли ўзининг моли, сақлаб қўйгани эса ворисининг молидир”, деб жавоб қилдилар” (Бухорий: 11/260).

Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан ҳар бирингизга (қиёмат куни) Парвардигори гапиради, ўртада таржимон бўлмайди. Банда ўнг тарафига қараса ҳам, чап тарафига қараса ҳам, ўзининг қилган амалидан бошқа нарсани кўрмайди. Олд тарафига қараса, дўзахни кўради. Хурмонинг ярмини бериб бўлса ҳам дўзахдан сақланинглар”, дедилар” (Бухорий: 10/448, Муслим: 7/101 ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бандалар тонг оттирган ҳар бир кунда, икки фаришта тушиб, бири: “Аллоҳим, инфоқ-эҳсон қилган бандангга ўрнини тўлдириб қўй”, деб, дуо қилса, бошқаси: “Аллоҳим, бермай бахиллик қилган кимсанинг молига талофат етказ”, деб, ёмон дуо қилади” (Бухорий: 3/304, Муслим: 7/95 ривояти).

Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳ таоло деди: “Эй Одам боласи, инфоқ-эҳсон қилсанг, сенга ҳам инфоқ қилинади” (Бухорий: 11/352, Муслим: 7/89 ривояти).

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Исломда нима афзал?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Таом едиришинг ва хоҳ таниш бўлсин, хоҳ нотаниш, мусулмон биродарингга салом беришинг”, дедилар” (Бухорий: 1/55, Муслим: 2/9 ривояти).

Абу Умома розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Одам боласи, эҳтиёжингдан ортиғини Аллоҳ йўлида сарфлашинг сен учун яхши, уни ўзингда ушлаб қолишинг ўзингга ёмон. Эҳтиёжингга етарли нарсани ушлаб туришингга эса маломат қилинмайсан. Инфоқни муҳтож бўлган яқинларингдан бошла. Юқоридаги (берувчи) қўл пастдаги (олувчи) қўлдан яхшидир”, дедилар” (Муслим ривояти: 7/126).

Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Ислом учун бирон нарса сўрасалар, албатта, берар эдилар. Бир киши У зотнинг ҳузурларига келганида, унга икки тоғ орасидаги бир сурув қўйни бердилар. У қавмига қайтиб: “Эй қавмим, Исломга киринглар, чунки Муҳаммад камбағалликдан қўрқмайдиган кишидек берар экан”, деди. Агар бирон киши мол-дунё илинжида Исломга кирган бўлса ҳам, оз фурсат ўтмай Ислом у учун дунё ва ундаги нарсалардан ҳам маҳбуброқ бўлиб қолар эди” (Муслим ривояти, 15/72).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Садақа қилиш мол-дунёни камайтирмайди, Аллоҳ таоло кечиримли бўлган бандасининг иззатини кўтаради ва Ўзи учун тавозули бўлган кишининг мартабасини юқори қилади” (Муслим ривояти, 16/141).

Амр ибн Саъд Анморий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитган экан: “Уч нарсага қасам ичаман ва сизларга бир сўз сўзлайман, яхшилаб ёдлаб олинглар: ҳеч қайси банданинг моли садақа қилиш билан камаймайди, банда бирон зулмга йўлиқса ва сабр қилса, Аллоҳ таоло унга азизликни зиёда этади, тиланчилик эшигини очган кишига эса Аллоҳ қашшоқлик эшигини очиб қўяди. Энди сизларга бир сўз айтаман шуни яхшилаб ёдлаб олинглар: дунё тўрт киши учундир: бир бандага Аллоҳ таоло илм ва мол-дунё берган, у бу молни ишлатишда Парвардигорига тақво қилади, қариндошлари билан яқин алоқада бўлади ва бу молда Аллоҳнинг ҳаққини билади. Мана шу энг афзал даражадир. Яна бирига Аллоҳ таоло илм берган-у, мол-дунё бермаган, бироқ унинг нияти тўғри: “Менда ҳам мол-дунё бўлганида фалончи каби иш қилардим”, деб айтади. Мана шу қилган нияти билан иккиласининг ажри баробар бўлади. Яна бир кишига Аллоҳ таоло мол-дунё берган, лекин унга илм бермаган. Бу одам молини илмсиз ишлатади, Раббидан тақво қилмайди, қариндош-уруғлари билан алоқа боғламайди, молида Аллоҳнинг ҳаққини билмайди. Бу одам энг ёмон даражададир. Яна бирига Аллоҳ таоло мол ҳам, илм ҳам бермаган. “Менда ҳам мол-дунё бўлганида, фалончининг (яъни ёмон даражадаги одамнинг) ишини қилган бўлар эдим”, деб айтади. У ҳам ниятига яраша олиб, иккисининг гунохлари баб-баробар бўлади” (Термизий ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда келади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйидагилар қўй сўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қўйдан бирон нима қолдими?” деб сўраган эдилар, Оиша розияллоҳу анҳо: “Қўйнинг қўлидан бошқа ҳеч ери қолмади”, деб жавоб бердилар. “Қўйнинг қўлидан бошқа ҳамма жойи қолибди”, дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам” (Термизий ривояти).

Ҳадиснинг маъноси: улар сўйилган қўйнинг қўлидан бошқа ҳамма ерини садақа қилиб юборган эдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни баён қилиб, қўйни тарқатилган гўшти охиратга ажр бўлиб қолди, олиб қолингани эса, шу дунёда ейилиб тугаб кетди, деган маънода гапирдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким ҳалол-пок касб орқали топган молидан хурмочалик нарса бўлса ҳам, садақа қилса – зеро, Аллоҳ таоло фақат ҳалол-пок нарсаларнигина қабул қилади – унинг садақасини Аллоҳ таоло ўнг қўли билан олади, сўнг сизлардан бирортангиз тойчоғини парваришлаб катта қилганидек, садақа соҳибига уни каттайтираверади, ҳатто тоғдек бўлиб кетади” (Бухорий (3/287), Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган яна бир ҳадисда айтилади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бир киши саҳрода кетаётганида, бир булутда: “Фалончининг боғини суғор”, деган овозни эшитди. Шунда булут бир тарафга бурилиб, ғадир-будир қора тошлар кўп ерга сувини қуйди, сув тошлоқдаги ирмоқдан тўлиб оқа бошлади. (Ҳалиги одам) сувнинг ортидан бориб қараса, бир киши боғида кетмони билан сувни у ёқ-бу ёққа бураётган экан. Ундан: “Эй Аллоҳнинг бандаси, отинг нима?” деб сўраган эди, “Фалончи”, деб ҳалиги булутдан эшитган исмни айтди. Сўнг: “Эй Аллоҳнинг бандаси, нима учун исмимни сўрадинг?” деди. “Мен мана шу ёмғирни қуйган булутда: “Фалончининг боғини суғор”, деб сенинг исминг айтилганини эшитдим. Сен бу боғингда нима амал қиласан ўзи?” деб сўради. “Мен бу боғдан чиққан ҳосилнинг учдан бирини фақир ва мискинларга садақа қиламан, учдан бирини ўзим оилам билан ейман, қолган учдан бирини боғнинг ўзига қайтараман (парваришига сарфлайман)”, деди” (Муслим ривояти, 18/114).

Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Зулмдан сақланинглар! Чунки, зулм қиёмат кунидаги кўп зулматдир. Бахилликдан сақланинглар! Чунки, сизлардан аввалгиларни бахиллик ҳалок қилди, уларни қонларини тўкишга ва ҳаромларини ҳалол санашга олиб борди” (Муслим ривояти, 16/134).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билол розияллоҳу анҳуни кўргани бордилар. Билол розияллоҳу анҳу улуғ меҳмонга бир ҳовуч хурмо олиб чиқиб қўйдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Нима бу, эй Билол?” деган эдилар, “Сиз учун сақлаб қўйгандим, эй Расулуллоҳ”, деди Билол розияллоҳу анҳу. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сен учун жаҳаннам ўтидан бир тутун қилиб қўйилишидан қўрқмайсанми, эй Билол? Бу хурмоларни инфоқ қил, Арш Эгаси тарафидан сенга камбағаллик келиб қолишидан қўрқма”, дедилар” (Абу Яъло ва Табароний ривояти).

Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимга Аллоҳ таоло мол-дунё берсаю, бироқ у молнинг закотини бермаса, (шу бойлиги) қиёмат кунида ялтирбош, икки қора холи бўлган катта илонга айлантирилади ва бўйнига ўралиб олиб оғизлари билан тишлайди-да: “Мен сенинг бойлигинг ва хазинангман”, дейди”. Сўнгра Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ушбу: “Аллоҳ Ўз фазли марҳамати билан ато этган нарсаларда бахиллик қилаётган кимсалар бу бахилликларини ҳаргиз ўзлари учун яхши деб ўйламасинлар! Балки, бу улар учун ёмондир. Чунки, тўплаган мол-дунёлари яқинда, қиёмат куни уларнинг бўйинларига ўраладиган оловли бўйинбоққа айланади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Ўзигина мулкнинг эгасидир ва барча махлуқотлар фанога юз тутганидан сўнг боқий қолувчи ёлғиз Унинг Ўзидир! У сизларнинг барча амалларингиздан хабардор Зотдир” (Оли Имрон, 180), оятини ўқидилар” (Бухорий ривояти, 3/268).

Нажот топиш ва ютуққа эришиш йўлларидан бири бахилликнинг ҳар қандай кўринишини тарк этиш эканини Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизларга қуйидаги оятида баён қилган: “Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, ана ўшалар нажот топувчи зотлардир” (Ҳашр, 9).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Аллоҳ таоло айтди: “Эй бандам, инфоқ қил, Мен сенга инфоқ қиламан”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳнинг қўли неъматлар билан тўладир. Уни кечаю кундуз тинмай сарф этиш камайтира олмайди. Кўрмайсизларми, ахир осмонлару ерни яратгандан бери инфоқ қилса ҳам, Аллоҳнинг қўлидаги ризқлар камаймади. Аллоҳнинг Арши сув устида эди, (ризқ ва амаллар) мезони Унинг қўлида бўлиб, (уларни) туширади ва кўтаради (яъни бандалар ризқини гоҳ камайтиради, гоҳ кўпайтиради ёки хоҳлаган бандасининг мартабасини кўтариб, хоҳлаган бандасиникини туширади)” (Бухорий, 13/393, Муслим, 7/80 ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кишидаги энг ёмон хислат жазавага туширувчи бахиллик ва ўта қўрқоқликдир”, дедилар” (Абу Довуд ривояти, 3/12).

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг