Ҳасан Басрий каби инсон орасида бўлган қавм қандай адашсин?!
Маслама ибн Абдулмалик
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари Умми Салама розияллоҳу анҳога чўрилари Хайра ўғиллик бўлгани ҳақидаги хушхабар келиб, мўминлар онасининг қалбларини қамраб олган шоду хуррамлик нурлик чеҳраларида ҳам намоён бўлган эди. Хушхабарни эшитгач, чилласини уйларида ўтказиш учун она-болани олиб келишга тезда одам жўнатдилар. Чунки Хайра Умму Салама розияллоҳу анҳонинг ҳузурларида ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўлгани, қалбларида муҳаббат қозона олгани сабабли янги туғилган чақалоқни кўриш завқ-шавқи онамизда кучлик эди. Кўп ўтмай, Хайра чақалоғини кўтариб кириб келди. Умми Салама розияллоҳу анҳонинг кўзлари болага тушиши билан қалбларини унга нисбатан меҳр ва мамнунлик эгаллаб олди. Чақалоқ ҳам унга қараган одамни ўзига ром қиладиган даражада юз-кўзи чиройли, тўрт мучаси соғ ва ширингина эди. Боланинг онасига юзланиб:
– Чақалоғингга исм қўйдингми? – деб сўрадилар.
Хайра:
– Йўқ, онажон, ўзингиз хоҳлаган исмни қўясиз деб, сизнинг ихтиёрингизга қолдирдим, – деди.
Умму Салама розияллоҳу анҳо:
– Аллоҳдан барака тилаб, исмини Ҳасан қўямиз, – дедилар ва қўлларини кўтариб гўдакнинг ҳаққига дуо қилдилар.
Янги меҳмон хушхабари Умми Салама розияллоҳу анҳонинг хонадонлари билан чекланиб қолмади. Бу хурсандчиликда уларга Мадинадаги яна бир хонадон аҳли шерик эди. Бу хонадон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ваҳий котиблари Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг хонадони эди. Негаки Зайд ибн Собитнинг ходими Ясор Ҳасаннинг отаси эди-да. Ясор ҳам улуғ саҳобий ҳузурларида ҳурматга сазовор, у зотнинг муҳаббатларини қозонган эди. Шундай қилиб, бундан буёғига Ҳасан Басрий бўлиб танилган Ҳасан ибн Ясор Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадонларидан бирида ўсиб-улғайиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларидан бири Умми Салама номи билан машҳур бўлган Ҳинд бинт Суҳайлнинг ҳужраларида тарбия топди. Шуни билиб қўйинг, Умми Салама араб аёллари ичидаги ақл, фазл, юксак мартаба ва олийжанобликда энг етукларидан ҳамда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ичида ҳам илм ва ҳадис ривоятида уларнинг илғорларидан бири эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан уч юз саксон еттита ҳадис ривоят қилганлар. Буларга қўшимча Исломдан аввал ёзишни биладиган камсонли аёллардан бўлганлар. Умму Салама розияллоҳу анҳога насибаси қўшилиб қолган бу чақалоқнинг боғланиши шу билан чекланиб қолмай, балки яна ҳам чуқурроқ аслида… Яъни кўпинча Ҳасаннинг онаси Хайра Умму Салама онамизнинг юмушлари билан ташқарида юрганида чақалоқ қорни очганидан йиғлаб қоларди. Йиғиси зўрайиб кетса, Умми Салама розияллоҳу анҳо болани бағриларига босиб, овутиш учун унга ўз кўкракларини тутар эдилар. Болага бўлган кучли муҳаббатлари туфайли кўкракларидан сут тўлиб чиқар, бола эмиб, йиғидан тўхтаб тинчланар эди. Ана шу билан Умму Салама розияллоҳу анҳо Ҳасанга икки жиҳатдан она бўлдилар… Бири мўминларнинг онаси сифатида ва яна эмизган она сифатида…
Мўминлар оналарининг ўзаро гўзал ва мустаҳкам алоқада бўлганлари ҳамда уйларининг бир-бирига яқин бўлгани бу бахтлик болага Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хонадонларининг барчасига кириб юриш ва ушбу хонадон эгаларининг хулқлари билан хулқланиш, тутган йўлларини ушлаш бахтига муяссар қилди. Ҳасан Басрий ўзлари айтганларидек, бу уйларни ўзининг шўхлиги, қилиқлари ва ўйинлари билан тўлдириб, ҳатто сакраб-сакраб уйларнинг шифтларига қўлини теккизиб ўйнаб юрар эди. Ҳасан нубувват хушбўйликлари билан муаттар бўлган, унинг нури билан жилвираган шундай муҳитда ҳаёт гузаронлик қилди. Уммаҳотул мўмининнинг ҳужралари тўлиб тошган ширин чашмалардан қониқиб симирди ва бундан ташқари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжиди шарифларида Усмон ибн Аффон, Алий ибн Абу Толиб, Абу Мусо Ашъарий, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Анас ибн Молик, Жобир ибн Абдуллоҳ ва бошқа улуғ саҳобаларга шогирд бўлиб илм ўрганди, улардан ривоятлар қилди. Буларнинг ичида мўминлар амири Алий ибн Абу Толибга қаттиқ муҳаббат қўйди. Алий розияллоҳу анҳунинг диндаги салобати, ибодатдаги эҳсони ва дунё зебу зийнатларига зоҳидлиги уни қойил қолдирди… Ёрқин баёнлари, етук ҳикматлари, сермазмун сўзлари ва қалбларни ларзага солувчи панд-насиҳатлари уни ўзига ром этди… Шулардан қаттиқ таъсирлангач, у зотнинг ибодат ва тақводаги хулқлари билан хулқланди… Фасоҳат ва баёндаги йўлларида изма-из юрди… Ҳасаннинг ёши ўн тўртга кириб, катталар сафига қўшилгач, ота-онаси билан Басрага кўчиб ўтиб, шу ерда истиқоматда қолди. Шу сабаб Ҳасан Басрага нисбат берилиб, одамлар орасида Ҳасан Басрий бўлиб танилди.
(давоми бор)