Сийрат: Пайғамбар бўлишларидан олдинги башоратлар

0

Ўтган пайғамбарларнинг башоратлари

Аллоҳ ўз ҳикматига кўра, одамларни бир неча ишлар билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нубувватларини кутиб олишга тайёрлашни хоҳлади. Жумладан:

Иброҳим алайҳиссалом араблар ичидан уларга бир пайғамбар юборишини сўраб дуо қилди ва Аллоҳ у зотнинг дуосини ижобат этиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар қилиб юборди. Аллоҳ таоло айтади: «Эсланг, Иброҳим Исмоил билан биргаликда Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтариб (дедилар): “…Пар­вардигоро, уларнинг орасига ўзларидан бўлган, уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, Китоб ва Ҳикматни (Қуръон ва Ҳадисни) ўргатадиган ва уларни поклайдиган бир пайғамбарни юбор! Шубҳасиз, сен қудрат ва ҳикмат соҳибисан» (Бақара сураси, 129).

Қуръони карим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар қилиб юборилишлари ҳақидаги башорат илгариги пайғамбарларга туширилган самовий китобларда ҳам зикр қилинганини айтади. Аллоҳ таоло деди: «Улар шундай кишиларки, уммий (саводсиз) пайғамбарга номини ўз олдларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолда топишадиган элчимизга эргашадилар. У пайғамбар уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни улар учун ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда улардан юкларини ва устларидаги кишанларини олиб ташлайди (яъни Ислом динидан аввалги динларда бўлган оғир, машаққатли ибодатларни олиб ташлаб, уларнинг ўрнига осон ва енгилларини келтиради)» (Аъроф сураси, 157).

У зотнинг пайғамбарликлари ҳақида Исо алайҳиссалом ҳам башорат берган эди. Аллоҳ таоло деди: «Эсланг, Исо ибн Марям: «Эй Ба­ни Исроил, мен Аллоҳнинг сизларга  (юборган) пайғамбариман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар берувчи бўлган ҳолда (юборилдим)», деган эди» (Саф сураси, 6).

Аллоҳ таоло у зотни пайғамбар қилишини барча пайғамбарларга билдирган ва уларга ўз тобеларига, агар ўша замонда яшаш насиб этса, у зотга иймон келтиришлари ва эргашишлари вожиблигини етказишни буюрган эди. Аллоҳ таоло деди: “Эсланг (эй аҳли китоб), Аллоҳ барча пайғамбарлардан: «Мен сизларга қандай Китоб ва ҳикмат бермайин, кейин сизларнинг пайғамбарлигингизни тасдиқ этувчи бир пайғамбар (яъни Муҳаммад алайҳиссалом) келгач, албатта унга иймон келтирасиз ва ёрдам берасиз», деб аҳд-паймон олгач, уларга: «Мана шу аҳд-паймонимни иқрор бўлиб қабул қилдингизларми?» деди. У пайғамбарлар: «Иқрормиз», деб жавоб қилишгач, Аллоҳ айтди: «Гувоҳ бўлингиз! Мен ҳам сизлар билан гувоҳ бўлувчиларданман»” (Оли Имрон сураси, 81).

Таврот ва Инжилнинг нусхаларига ўзгартиришлар киритилган ва улардаги Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмлари очиқ айтилган жойлари ўчириб юборилган, фақат Сомира Тавроти ва Барноба Инжили бундан мустаснодирки, улар Исломдан аввал мавжуд бўлган ва мелодий бешинчи аср охирларига келиб, черков уларни ўқишни ман қилиб қўйган эди. Ўлик денгиз минтақасида яқинда топилган қўлёзмалар ҳам буни тасдиқлайди. Барноба Инжилида Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмлари очиқ келган. Унинг қирқ биринчи исҳоҳида (бўлимида) шундай дейилади: “29. Аллоҳ пардаланди ва иккисини фаришта Михаил Фирдавсдан қувди. 30. Одам ўгирилиб қараган эди, эшик пештоқига “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун расулуллоҳ” деб ёзилганини кўрди”[1].

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аҳли китоблар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг белгиларини ўзларининг китобларидан билишгани ҳақидаги хабарлар мутавотирдир… У зот ҳақларида илгариги пайғамбарлар башорат беришгани ҳақидаги маълумотлар бир неча жиҳатдан билинади:

1) бугунги кунда аҳли китоблар қўлида мавжуд бўлган китоблардаги ёзувлардан;

2) мазкур китоблардаги нарсалардан воқиф кишиларнинг хабарларидан, улар ичида мусулмон бўлганлари ҳам, бўлмаганлари ҳам бор. Бу Мадина аҳли бўлмиш ансорларнинг мутавотир хабарларида билинган. Зеро, уларнинг аҳли китоб қўшнилари у зотнинг пайғамбар қилиб юборилишлари, у зот ҳақ пайғамбар бўлишлари, у зот улар ичида борлиги ва улар бу пайғамбарни кутишаётгани ҳақида айтиб юришар эди. Мана шу нарса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Исломга даъват қилган пайтларида ансорларнинг у зотга иймон келтиришларига туртки бўлди, улар у зотга иймон келтирдилар ва байъат бердилар”[2].

Бадр уруши иштирокчиси Салама ибн Салома ибн Вақаш розияллоҳу анҳу шундай ҳикоя қилади:

«Бизнинг қабиламиз Бани Абдул Ашҳалда бир яҳудий қўшнимиз бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлиб келишларидан олдинроқ бир куни у бизникига чиқди. У Абдул Ашҳал қавми йиғилиб ўтирган жойга келиб, гапира бошлади. Мен ўшанда у ердагиларнинг энг кичиги бўлиб, чопонимга ўралиб, бир четда ёнбошлаб ёт­ган эдим. У қайта тирилиш, қиёмат, ҳисоб-китоб, тарози, жан­нат ва дўзах ҳақида гапирди. У бу гапларни ўлимдан сўнг қайта тирилишга ишонмайдиган бутпараст­ ва мушрик одамларга айтаётган эди.

Шунда улар унга: «Ҳой шўринг қурғур фалончи, сен шу ишларни рост деб ўйлайсанми? Одамлар ўлимдан сўнг қайта тири­либ, дунёда қилган амаллари учун жаннат ёки дўзахга киради­ми?!» дедилар.

 У: «Ҳа, номига қасам ичилади­ган Зотга қасамки, дўзахга тушадиган кимса бунинг ўрнига шу дунёда ўта қиздирилган катта тандирга солиниб, қопқоғи маҳкам ёпилишига ва бир кундан сўнг ундан қутулиб чиқишига рози бўлган бўларди», деди.

Улар: «Шўринг қурғур, бу гапларингга исбот борми?» дейишди. У: «Исботи шуки, яқинда шу томонлардан бир пайғамбар чиқади», деб, Макка ва Яман томонга ишора қилди.

Улар: «У қачон чиқади, биз уни кўрамизми?» дейишди. У мен­га қараб: «Агар шу бола узоқ умр кўрса, албатта, у пайғамбарни кўради», деди”.

Салама дейди: «Аллоҳга қасамки, кўп ўтмай, Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар қилиб юборди ва биз у зотга иймон келтирдик. Аммо ҳалиги яҳудий ҳасад қилиб, ҳаддидан ошиб, иймон келтирмади ва кофир бўлди. Биз унга: «Шўринг қурғур, эй фалончи, у зот ҳақларида бизларга фалон гапларни айтмаганмидинг?!» десак, у: «Ҳа, айтганман, лекин бу у эмас», дерди»[3].

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мен Забур нусхаларидан бирида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмлари очиқ зикр этилганини кўрдим. Бошқа бир нусхасида эса кўрмадим. Демак, айрим нусхаларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сифатлари ҳақида бошқа нусхаларда бўлмаган гаплар бўлиши мумкин экан»[4].

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Тавротдаги сифатлари ҳақида сўралганида шундай деган эди: “Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Тавротда ҳам Қуръондаги баъзи сифатлари билан сифатланганлар: “Эй Набий, албатта, Биз сени гувоҳ, мўминларга хушхабар берувчи, кофирларни огоҳлантирувчи, уммийлар (ўқиш ва ёзишни билмайдиганлар) учун мустаҳкам қўрғон қилиб юбордик. Сен Менинг бандам ва Расулимсан. Сени Мутаваккил (таваккул қилувчи) деб номладим. Сен қўпол ҳам, бағритош ҳам, бозорларда шовқин солувчи ҳам эмассан. У пайғамбар ёмонликни ёмонлик билан кеткизмасдан, балки афв қилиб, кечириб юборади. Аллоҳ таоло бу пайғамбар сабабли эгри (куфр, ширк ва жоҳилиятга ботган) халойиқни тўғри ва ҳақ динга солмагунча, улар “Ла илаҳа иллаллоҳ” демагунларича, у билан сўқир кўзларни, кар қулоқларни ва берк қалбларни очмагунича  уни вафот эттирмайди”[5].

Каъбул Аҳбор айтади: Мен Тавротда шундай деб ёзилганини кўрганман: «Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбари, қўпол ҳам, тошбағир ҳам эмас, бозорларда шовқин солиб юрувчи ҳам эмас, ёмонликка ёмонлик қайтармайди, балки афв қилиб, кечириб юборади. Уммати кўп ҳамд айтувчидир, ҳар пастликка тушишда Аллоҳга ҳамд айтадилар, ҳар тепаликка кўтарилишда такбир айтадилар. Изорларининг этаги (пойчалари) тизза билан тўпиқлари ўртасида бўлади. Таҳоратда қўл-оёқларини ювадилар. Намоздаги сафлари билан урушдаги сафлари айнидир. Жарчиларининг (азон айтувчиларининг) чорлови самоларга таралади. Ярим тунда боларилар ғувиллашига ўхшаган овозлари бўлади. Унинг туғилган жойи Макка, кўчиб ўтадиган диёри Тайба (Мадина), мулки Шомдадир»[6].

 

[1] Умарий, «Ас-сийратун набавия» (1/118).
[2] Ибн Таймия, «Ал-жавобус саҳиҳ» (1/340).
[3] Иброҳим Али, «Саҳиҳус-сийратин-набавия» (31-бет).
[4] Ибн Таймия, «Ал-жавобус саҳиҳ» (1/340).
[5] Бухорий (2125, 4838) ва Аҳмад (2/174) ривоят қилганлар.
[6] «Саҳиҳус-сийратин-набавия» (30-бет).

Изоҳ қолдиринг