Фотиҳа сурасининг тафсири

0

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ (1)

1. “Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман”

Бисмиллоҳ – Аллоҳнинг барча гўзал исмлари билан бошлайман. Аллоҳ – ибодат қилишга лойиқ ягона сиғиниладиган Зот. Зеро, У мукаммал сифатлар бўлмиш илоҳлик сифатларига эгадир.

Раҳмон ва Раҳим – бу икки исм Аллоҳнинг кенг ва чексиз раҳмат соҳиби экани, Унинг раҳмати барча нарсаларни қамраб олгани ва тирик мавжудотларнинг барчасига тегишли эканига далолат қилади. Аллоҳ раҳматини анбиё ва расулларига эргашган тақводор бандаларига насиб қилишини ваъда қилган. Уларгина Аллоҳнинг тўлиқ раҳматидан баҳраманд бўлурлар. Улардан бошқа бандаларга эса раҳматдан бир улуш етажак.

Умматнинг салафи солиҳлари ва имомлари иттифоқ қилган қоидалардан бири Аллоҳнинг исм-сифатлари ва уларга оид аҳкомларга иймон келтиришдир. Масалан, улар Аллоҳнинг раҳмли ва меҳрибон экани, Унинг раҳмат сифатига эга экани ва бу сифатнинг раҳматга лойиқ барча мавжудотларга тааллуқли экани, зеро, барча неъматлар Аллоҳнинг раҳматидан келиб чиққан самаралар эканига иймон келтирадилар. Шунингдек, Аллоҳнинг “Алийм” исми тўғрисида “Аллоҳ алийм, яъни аниқ ва мукаммал илм соҳиби бўлиб,  бу илми билан барча нарсаларни билади”, дейилса, “Қадийр” исми тўғрисида “Аллоҳ “Қадийр”, яъни қудрат соҳиби ва бу қудрат билан ҳар нарсага қодир”, дейилади. Ва ҳоказо бошқа исмларда ҳам шундай эътиқод қилинади.

الْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ (2) الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ (3) مَالِكِ يَوْمِ الدِّينِ (4) 

2.3.4. “Меҳрибон ва раҳмли,  ҳисоб-китоб кунининг мулкдори бўлган оламлар Раббиси Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин”

Алҳамдулиллаҳ – Аллоҳга комил сифатлар, Унинг фазлу-эҳсон ва адолат ўртасида айланувчи ишлари билан мақтов айтишдир. Зеро, ҳар томонлама мукаммал бўлган ҳамду-сано Аллоҳгагина хосдир.

Аллоҳ бутун оламларнинг тарбиячисидир. Оламлар деганда Аллоҳдан бошқа барча нарсалар тушунилади. Аллоҳ уларни яратиш, уларга керакли шарт-шароитлар, асбоб-ускуналарни муҳайё қилиш, улкан ва сон-саноқсиз неъматларни ато этиш билан уларни Ўзи тарбия қилиб, парвариш қилади. Уларга берилган неъматлар шу қадар катта неъматларки, агар улар бу неъматлардан маҳрум бўлсалар муҳаққақ инқирозга юз тутадилар. Оламдаги ҳар қандай неъматнинг манбаи Аллоҳ таолодир.

Аллоҳнинг бандаларига нисбатан тарбияси икки тур: умумий ва хусусийдир. Аллоҳнинг умумий тарбияси махлуқотларни яратиш, уларга ризқ бериш ва уларни дунёда умргузаронлик қилиши учун лозим бўлган манфаатли ишларга бошлаб қўйишидир. Аллоҳнинг бандаларига нисбатан хусусий тарбиясига келсак, бу Унинг дўстларига кўрсатган тарбияси: уларни иймон билан тарбия қилиши, иймонга муваффақ қилиши ва мукаммаллик сари етаклаши ҳамда уларни Раббиларидан чалғитадиган машғулотлар ва Ундан тўсадиган ғовлардан сақлашидир. Бу тарбиянинг асл моҳияти – бандани ҳар қандай яхши ишларни қилишга муваффақ қилиб, барча ёмон ишлардан сақлашдан иборат. Эҳтимол, пайғамбарларнинг аксар дуолари “Раб” лафзи билан бошланишидаги сир-саноат ҳам шу бўлса ажаб эмас. Негаки, уларнинг барча талаб-хоҳишлари Аллоҳнинг хусусий тарбияси остига дохилдир. Шундай қилиб, оятдаги “Оламларнинг Раббиси” деган сўз Аллоҳнинг якка Ўзи яратувчи, бошқарувчи, неъмат берувчи экани ҳамда Аллоҳнинг тўла-тўкис бой ва беҳожатлиги, бутун борлиқ ҳар томондан ва буткул Раббисига муҳтож эканига далолат қилади.

Мулкдор мулк сифатига эга бўлган Зотдир. Бу сифатга эга Зот буюради, қайтаради, мукофотлайди, жазо беради, ўзининг мулки ва мамлакатида истаган ишини қила олади.

Аллоҳ таоло Ўзининг ҳисоб-китоб кунининг эгаси – мулкдори эканини билдирди.  Бу кун одамлар қилган яхши-ёмон амаллари эвазига ҳисоб-китоб қилинадиган қиёмат кунидир. Негаки, бу кунда халойиққа Аллоҳнинг комил мулки, адолати, ҳикмати ва ўзларининг эса ҳар қандай мол-мулкдан жудо бўлгани яққол намоён бўлади. Ўша кунда шоҳ билан гадо ва ҳур билан қул  орасини ажратиб бўлмай қолади. Халойиқнинг барчаси Аллоҳнинг улуғворлигига буйсунган, иззати ва қаҳрига бош эккан, Унинг ҳисоб-китоб қилишига мунтазир, савобини умид қилган ва азоб-уқубатидан қўрқиб турадилар. Шу боис, Аллоҳ таоло ҳисоб-китоб кунини алоҳида тилга олди. Аслида, Аллоҳ таоло ҳисоб-китоб куни бўлмиш қиёмат куни ва бошқа кунларнинг ҳам эгаси – мулкдоридир.

إِيَّاكَ نَعْبُدُ وَإِيَّاكَ نَسْتَعِين(5)

5. “Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз”

Ибодат Аллоҳ яхши кўрган ва рози бўлган амаллар, зоҳирий ва ботиний сўзларни ўзида мужассам этган сўздир. Ёрдам сўраш деганда бирон фойдани қўлга киритиш ва зарарни кеткизишда Аллоҳ таолога таяниш ва бу ишда Унга тўлиқ ишониш назарда тутилади.

Аллоҳга ибодат қилиш ва Ундан ёрдам сўраш абадий саодатга эришиш ва жамики ёмонликлардан нажот топишнинг чинакам ва ягона воситаси бўлиб, бу иккисисиз нажот топиш имконсиздир. Ибодат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олинса ва ундан Аллоҳнинг розилиги мақсад қилинсагина чинакам ибодатга айланади. Аслида ёрдам сўраш ибодатнинг ичига киради. Бироқ, банда барча ибодатларида Аллоҳдан ёрдам сўрашга муҳтож бўлгани боис ёрдам сўраш алоҳида зикр қилинди. Негаки, Аллоҳ бандага ёрдам бермас экан, у Аллоҳ буюрган ишларни бажариши, қайтарган ишлардан четланиши имконсиздир.

اهْدِنَا الصِّرَاطَ الْمُسْتَقِيمَ (6) صِرَاطَ الَّذِينَ أَنْعَمْتَ عَلَيْهِمْ غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلَا الضَّالِّينَ (7)

6.7.  “Бизларни ғазабга дучор қилинган ва адашган кимсаларнинг йўли эмас, (балки) Сен уларга инъом этган (бандаларинг)нинг йўли – тўғри йўлга ҳидоят қил

Тўғри йўл бу Аллоҳга ва Унинг жаннатига элтувчи ёрқин йўл бўлиб, ҳақни билиш ва унга амал қилишдан иборатдир. Тўғри йўлга ҳидоят қилиш ислом динига кириб, ундан бошқа динлардан воз кечишни ҳам, шунингдек, динга киргач, ундаги барча диний тафсилотлар билан танишиб, уларга амал қилишни ҳам ўз ичига олади. Бу дуо ўзида кўп маъноларни жамлаган ва бандага энг фойдали дуолардан биридир. Шу сабаб, инсон намознинг ҳар бир ракаатида у билан Аллоҳга дуо қилиши вожиб қилинди.

Эй Аллоҳ, бизларни пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлардан иборат Сен уларга инъом этган зотларнинг йўлига бошлагин. Бизларни яҳудлар сингари ҳақни билиб унга амал қилмаганлиги боис ғазабга учраганлар, шунингдек, насоролар каби нодонлигидан ҳақни тарк қилиб адашганларнинг йўлига бошламагин.

Ушбу сура қисқа бўлишига қарамай, бошқа бирон бир сурада мавжуд бўлмаган нарсаларни ўз ичига олди. У тавҳиднинг уч турини ўзида мужассам этди. Сурадаги “Оламлар Раббиси” деган сўз “рубубият тавҳиди”ни ифода этса, ундаги “Аллоҳ” ва “Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз” деган сўзлардан ёлғиз Аллоҳнинг ўзига ибодат қилишни билдирувчи “улуҳият тавҳиди” олинади. Шунингдек,  сурадаги “Ҳамд” сўзи “исм ва сифатлар тавҳиди”га далолат қилади. “Исм ва сифатлар тавҳиди”дан мақсад, Аллоҳнинг комил сифатлари борлигини тасдиқлаш. Албатта, Аллоҳнинг бундай сифатлари борлигини Қуръонда Унинг ўзи ёки пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларида баён қилган бўлиши зарур. Қолаверса, бу сифатларнинг борлиги исботини топгач, уларни йўққа чиқармасдан ҳамда  мавжудотларнинг сифатларига ўхшатмасдан тасдиқлаш лозим.

Сурадаги “Бизни тўғри йўлга ҳидоят қил” деган гапдан Аллоҳнинг пайғамбарлари борлигини тасдиқлаш келиб чиқади. Чунки Аллоҳ бизни тўғри йўлга бошлаши пайғамбарлар воситасидагина амалга ошиши мумкин.

Шунингдек, “Ҳисоб-китоб кунининг мулкдори” деган гапдан инсонларнинг қиёматда қилган амаллари эвазига мукофотланиши ёки жазоланишини тасдиқлаш ва ҳисоб-китобнинг адолат билан бўлиши келиб чиқади. Негаки, “дин” сўзи адолат билан ҳисоб-китоб қилиш маъносини англатади.

Бундан ташқари сура қадарийлар ва жабрийлар тоифасига хилоф ўлароқ тақдирни тасдиқлаш ва банда ихтиёрий равишда хатти-ҳаракатлар қилишининг исботини ўз ичига олган. Қолаверса, “Бизни тўғри йўлга ҳидоят қил деган гапда барча бидъат ва залолат аҳлига раддия мавжуд. Негаки, тўғри йўл дегани ҳақни билиб унга амал қилиш демакдир. Бинобарин, ҳар қандай бидъатчи ва залолатдаги кимсалар бу йўлга хилофдирлар. Шунингдек,  сурадаги “Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз” ояти ибодат ва ёрдам сўрашда ихлосни ўз ичига олган, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг