Қиёмат аломатларининг қисмлари

0

Уламолар (Аллоҳ таоло барчаларини раҳматига олсин) қиёмат аломатлари ҳақида сўз юритар экан, уларни бир неча қисмга бўлганлар:

  1. Баъзилар аломатларнинг зоҳир бўлиши ҳамда вақтини эътиборга олиб, уч қисмга ажратганлар.

Биринчи қисм: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хабарларига мувофиқ тарзда воқе бўлиб, ўтиб кетганлари. Масалан, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг пайғамбар қилиб юборилишлари ва вафотлари, Байтул-Мақдиснинг фатҳ этилиши, Ҳижоздан олов чиқиши каби содир бўлиб ўтиб кетган ҳодисалар ушбу қисм жумласидандир.

Иккинчи қисм – содир бўлган ва ҳозирга қадар бирин-кетин давом этиб келаётган аломатлар. Улар жуда ҳам кўп: Зилзилаларнинг кўпайиши, омонатнинг зое бўлиши, иш аҳлидан бошқага топширилиши, масжидлар йўл қилиб олиниши, илм кўтарилиши, жаҳолат кенг тарқалиши ва булардан бошқа кўплаб аломатлар шу жумладан.

Учинчи қисм ҳали зоҳир бўлмаган катта аломатлар бўлиб, уларнинг ортидан қиёмат келади. Масиҳи Дажжолнинг чиқиши, Исо ибн Марям (алайҳиссалом)нинг тушиши, Яъжуж ва Маъжуж ҳамда Доббанинг чиқиши, қуёшнинг кунботардан чиқиши ва бошқа шу каби аломатлар учинчи қисмга мисол бўлади.

Бундай тақсимотни ихтиёр этганлардан бири Ҳофиз Ибн Ҳажар (раҳимаҳуллоҳ) бўлиб, у бундай дейди: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қиёмат қойим бўлишидан аввал содир бўлишини хабар берган ҳодисалар бир неча қисмга бўлинади:

Биринчиси: У зот айтганларидек содир бўлиб ўтганлари.

Иккинчиси: Асослари бошланган, аммо ҳали комилликка етиб бормаганлари.

Учинчиси: Ҳали воқе бўлмаган, аммо келажакда содир бўладиганлари”[1].

Базранжий «Ишоъа» китобида[2], Сафорийний «Лавомеъул анвор»да[3], Шайх Солиҳ Фавзон «Иршод»да[4] мана шу тақсимотга амал қилишган.

Яна баъзи уламолар эса аломатларнинг содир бўлиш маконини эътиборга олиб, уларни «самовий аломатлар» ва «арозий – ерга оид аломатлар»га ажратган.

Самовий аломатларга Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) замонларида ойнинг иккига бўлиниши ва қуёшнинг кунботардан чиқиши мисол бўлади.

Ерга оид аломатлар эса жуда кўп бўлиб, уларга Масиҳи Дажжол, Добба, олов ва мўминларнинг жонларини қабз қиладиган шамолнинг чиқиши ва булардан бошқа аломатларни мисол қиладилар.

Бу тақсимотга Ҳофиз Ибн Касир (раҳимаҳуллоҳ) ишора қилган[5], шунингдек, Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ ҳам «Фатҳул-борий» китобида бунга ишора қилиб ўтган[6].

Яна бошқалар эса аломатларнинг ўзини эътиборга олиб, уларни икки қисмга ажратганлар:

  1. Кичик аломатлар: Улар қиёматдан узоқ муддат олдин юз берадиган аломатлар бўлиб, илмнинг кўтарилиши, жоҳиллик зоҳир бўлиши, кимўзарга баланд бинолар қурилиши ва шу каби бошқа кичик аломатларни ўз ичига олади.

  2. Катта аломатлар: Улар қиёмат қойим бўлишига яқин зоҳир бўладиган аломатлардир. Ушбу қисм Дажжолнинг чиқиши, Исо алайҳиссаломнинг тушиши, Яъжуж ва Маъжужнинг чиқиши ва булардан бошқа катта аломатларни ўз ичига олган бўлиб, навбатдаги бобларда буларнинг баёни келади, иншааллоҳ.

Ушбу тақсимотни ихтиёр этганлардан бири Ҳофиз Байҳақий (раҳимаҳуллоҳ) бундай дейди: «Бу аломатларларнинг кичиклари ва катталари бор. Кичикларига келсак, дарҳақиқат, уларнинг аксари содир бўлди. Катталарининг эса асоратлари кўрина бошлади. Биз идрок қилиш осон бўлиши учун уларнинг баъзиларини махсус бобларда батафсил зикр қиламиз»[7].

Қиёмат аломатлари ҳақида сўз юритганларнинг аксари ана шу тақсимот бўйича ҳаракатланган. Бизнинг ушбу баҳсимиз ҳам шу тақсимотга асосланган. Аллоҳ таолонинг Ўзи энг тўғри йўлга йўлловчи ва муваффақ айловчи Зотдир!

[1]«Фатҳул-борий» (13/85).

[2]Қаранг: «Ал-ишоъа ли-ашротис-соъа» (29, 153, 191-бетлар).

[3]Қаранг: «Лавомеъул анвор» (2/66).

[4]Қаранг: «Ал-иршод ило саҳиҳил эътиқод» (197-бет).

[5]Қаранг: «Ан-ниҳоя фил-фитани вал-малоҳим» (1/214).

[6]Қаранг: «Фатҳул-борий» (11/353).

[7]Байҳақий, «Ал-баъсу ван-нушур» (128-бет).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг