Сажоҳ ва Бани Тамим келишуви, Молик ибн Нувайранинг ўлдирилиши
Муртадлик масаласида Бани Тамимнинг барча уруғлари фикри бир жойдан чиқмади, ораларида диндан қайтганлар ҳам, молларининг закотини Абу Бакр Сиддиққа юборганлар ҳам, бу ишнинг охири нима билан тугашини кутиб турганлар ҳам бўлди. Шу аҳволда эканлар, Араб жазирасининг Тағлаб деган жойидан чиққан Сажоҳ бинти Ҳорис ибн Сувайд ибн Уқфон исмли бир хотин қўшин тортиб келди. Сажоҳ насроний араблардан бўлиб, пайғамбарлик даъво қилган, қўшини ва ортидан эргашган анчагина одами бор эди. У Абу Бакр Сиддиққа қарши урушиш ниятида келаётган эди. Бани Тамим диёридан ўтаркан, Сажоҳ уларни ҳам ўзига қўшилишга чақирди. Молик ибн Нувайра Тамимий, Уторуд ибн Ҳожиб ва Бани Тамим амирларидан яна бир неча киши бошлиқ кўпчилик унинг чақириғини қабул қилди. Қолганлар унинг даъватини қабул этмади, лекин у билан ўзаро урушмасликка келишиб олишди.
Молик ибн Нувайра Сажоҳни йўлга кузатиш олдидан унга мусулмонлардан кўра, Бани Ярбуъга қарши уришиш фойдалироқ эканини уқтирди. Сўнг ҳаммалари биргаликда уруш олиб боришга келишдилар ва биринчи кимдан бошлаш ҳақида маслаҳатлашдилар. Сажоҳ қофияли қилиб: «Мининглар рикобга (от-уловларга), тайёрланинг ниҳобга (талон-тарожга), ҳужум бошланг Рибобга (Бани Тамимнинг бир уруғи номи), дуч келмайсиз ҳижобга (тўсиққа)», деди.
Аммо Бани Тамим уларни дастлаб Ямомага бостириб бориб, уни Мусайлама Каззобдан тортиб олиш лозим, деган фикрга қониқтирди. Сажоҳнинг қавми Мусайламанинг куч-қудрати анча юқори эканини, унга қарши урушиш осон эмаслигини айтиб, иккиланиб туришганида Сажоҳ уларга одатича қофияли қилиб деди: «Йўл олинглар зудлик билан Ямомага, қанот қоқинг ўхшаб худди ҳамомага (кабутарга), унда бизни кутмоқдадир саромат (шиддатли жанг), сўнг сизларни ҳеч ким қилмас маломат».
Шундан сўнг улар Мусайламага қарши уруш ниятида юриш бошладилар. Мусайлама унинг бостириб келаётганини эшитиб, хавотирга тушди. Чунки у ўша пайтда Сумома ибн Усол билан уруш олиб бораётган эди. Икрима ибн Абу Жаҳл ҳам мусулмонлар қўшини билан Сумомага ёрдамга келаётган, улар йўлда бир жойда Холиднинг етиб келишини кутиб туришган эди. Мусайлама Сажоҳга элчи юборди, ундан омонлик тилади ва агар қайтиб кетса, Қурайш ерларининг ярмини унга беришини ваъда қилди, агар хоҳласа, у билан учрашмоқчилигини билдирди. Сажоҳ рози бўлгач, қавмидан қирқ киши ҳамроҳлигида унинг ҳузурига йўл олди. Сажоҳ билан учрашди, бир чодирда у билан холи гаплашди, ўзи қўлга киритажак ерларнинг ярмини унга ваъда қилди, у ҳам шунга рози бўлди. Сўнгра Мусайлама унга ўзига турмушга чиқишни ва кучларини қўшиб, биргаликда барча арабларни ўзларига бўйсундиришни таклиф этди. Сажоҳ кўнди. Кейин уч кун у билан бирга қолди, сўнг қавми ҳузурига қайтди. Қавми Сажоҳнинг Мусайламага турмушга чиққанини эшитиб, ундан: «Мусайлама сенга қанча маҳр берди?» деб сўради. «Маҳр бермади», деди у. «Сендек аёл ҳеч қандай маҳрсиз турмушга чиқиши катта айб-ку!» дейишди. Шундан сўнг у маҳр талаб қилиб, Мусайламага одам юборди. Мусайлама ундан ўз вакилини юборишини сўради. У Шабас ибн Рибъий Риёҳийни вакил қилиб юборди. «Қавмингга бориб айт, – деди унга Мусайлама, – Аллоҳнинг элчиси Мусайлама ибн Ҳабиб сизлардан Муҳаммад буюрган беш намознинг иккитасини – бомдод ва хуфтонни кечди, мана шу унинг Сажоҳга маҳридир». Шундан сўнг Сажоҳ ўз юртига қайтиб кетди, сабаби Холид Ямомага яқинлашиб келаётгани хабари келган эди. Сажоҳ Мусайламадан ваъда қилган ярим ерининг хирожини олганидан сўнг Жазирага қайтди ва то кейинчалик Муовия розияллоҳу анҳу «Жамоат йили»да уларни сургун қилгунига қадар Тағлабда яшади[1].
Молик ибн Нувайра Сажоҳ билан келишув йўлини тутган эди. Сажоҳ Мусайлама билан бирлашиб, кейин юртига қайтиб кетгач, Молик қилган ишидан пушаймон бўлди. Ўшанда у Бутоҳ деган жойда эди. Холид қўшини билан Бутоҳга қараб йўл олди. У ерга етиб келиб, Бутоҳнинг тўрт тарафига одам юбориб, қабилаларни чорлади. Бани Тамим амирлари унга пешвоз чиқиб, итоат изҳор этдилар ва молларининг закотини келтириб бердилар. Фақат Молик ибн Нувайра нима қилишни билмай тараддудда ва одамлардан четда қолган эди. Холид юборган сария (ҳарбий бўлинма) келиб, уни атрофидаги одамлари билан бирга асирга олди. Сария аъзолари Моликнинг қавми хусусида ихтилоф қилишди, Абу Қатода Ҳорис ибн Рибъий Ансорий уларнинг намоз ўқишганига гувоҳлик берди, бошқалар эса, улар азон ҳам айтишмади, намоз ҳам ўқишмади, дедилар. Айтилишича, асирлар қаттиқ совуқ кечада кишанларида тунаётган эди, Холиднинг жарчиси: «Асирларингизни иситиб қўйинглар!» деб жар солди, қавм бу гапдан қатл қилиш кўзда тутилди деб ўйлаб, асирларни қатл этдилар. Молик ибн Нувайрани Зирор ибн Азвар қатл этди. Холид шовқинни эшитиб ташқарига чиққанида иш битган эди. У: «Бўлар иш бўпти, Аллоҳ бир ишни истаса, уни тўсиш имкони йўқ», деди.
Бошқа бир ривоятда айтилишича, Холид ибн Валид Молик ибн Нувайрани чақиртириб, Сажоҳ билан иттифоқ тузгани ва закот беришдан бош тортгани учун қаттиқ дашном берди ва унга: «Закот намознинг шериги эканини билмасмидинг?!» деди. «Сизларнинг соҳибингиз шундай деб айтарди», деб жавоб берди Молик. «У фақат бизнинг соҳибимизми? Сенинг соҳибинг эмасми?» деди Холид ғазаб билан ва: «Эй Зирор, унинг бошини танидан жудо қил!» деб буюрди. Шундай қилиб, у қатл этилди.
Абу Қатода Холиднинг қилган ишидан норози бўлиб, у билан тортишиб қолди. Сўнг Абу Бакр Сиддиқ ҳузурига боришгач, унинг бу иши устидан Абу Бакрга шикоят қилди. Умар ҳам Абу Қатоданинг ёнини олиб, Абу Бакрдан Холидни қўшин амирлигидан бўшатишни сўради. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Мен Аллоҳ кофирларга қарши суғурган қилични қинига қайтармайман», деб жавоб берди. Моликнинг иниси Мутаммим ибн Нувайра Абу Бакр Сиддиқ ҳузурига Холид устидан шикоят қилиб келганида, Сиддиқ розияллоҳу анҳу унинг хун пулини ўз ёнидан тўлади[2].
[1] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (6/326).
[2] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (6/327).