Охирзамон қирғинлари (10): Охирзамон фитна ва қирғинларини ўрганишда аҳли суннат ва жамоат уламолари таянадиган асослар

0

Биринчи бўлим

Охирзамон фитна ва қирғинларини ўрганишда аҳли суннат ва жамоат уламолари таянадиган асослар

Бу бўлим уч баҳсдан иборат.

Биринчи баҳс: Аҳли суннат ва жамоат уламолари охирзамон фитна ва қирғинлари ҳақида келган хабарларни оладиган манбалар.

Иккинчи баҳс: Аҳли суннат уламолари охирзамон фитна ва қирғинлари ҳақидаги хабарларга муносабат билдиришда тутган йўли.

Учинчи баҳс: Аҳли суннат уламолари аҳли китобларнинг манбаларида охирзамон қирғинлари ҳақида келган хабарларга нисбатан муносабатлари.

Биринчи баҳс: Аҳли суннат ва жамоат уламолари охирзамон фитна ва қирғинлари ҳақида келган хабарларни оладиган манбалар.

Муқаддима

Аҳли суннат ва жамоат уламолари эътиқодига кўра, охирзамон қирғинлари ғайб оламига тегишли бўлиб, уни ақл билан идрок қилиб бўлмайди. У ҳақда аниқ маълумотга эга бўлиш учун асло хато қилмайдиган ва ҳеч ўзгармайдиган тўғри бир манбага қайтиш керак бўлади.

Барча диний масалаларида бўлгани каби, ушбу масалада ҳам аниқ  маълумот берадиган ягона манба хато-камчиликлардан холи бўлмиш ваҳий – Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган саҳиҳ ҳадислар ҳисобланади.

Шу сабабли аҳли суннат ва жамоат уламолари охирзамон қирғинларига тегишли эътиқодларини барпо этишда Қуръони Карим ва саҳиҳ ҳадисларни ягона манба деб олиб, фақат шуларга суянишган[1].

Имом Шотибий роҳимаҳуллоҳ[2] айтади: “Китоб ва суннат энг тўғри йўл бўлиб, уламолар ижмоси (иттифоқи) ҳам, ундан бошқа далиллар ҳам Қуръон ва суннатдан келиб чиққандир”[3].

Келгуси уч мавзуда аҳли суннат уламолари охирзамон фитна ва қирғинларига Қуръони каримда ва саҳиҳ ҳадисларда келган хабарларни далил қилишлари ҳақида қисқача сўз юритилади. Шунингдек, аҳли суннат ва жамоат уламоларининг бу масалага доир заиф ва тўқима ҳадисларни ва саҳобаларнинг сўзларини далил қилишга бўлган муносабатлари баён этилади.

Биринчи мавзу: Қуръони Каримни далил қилишлари

Қуръони Карим Ислом динида далил олинадиган биринчи манба саналади. У оламлар Раббининг китоби бўлиб, уни бутун башарият учун ҳидоятга бошловчи қилиб туширган. Шундай деб эътиқод қилмагунча бирон киши мусулмон бўлолмайди.

Аллома Санъоний роҳимаҳуллоҳ[4] айтади: “Ҳар бир мусулмонга аёнки, Қуръоннинг барчаси ҳақ, ботили йўқ; барчаси чин, ёлғони йўқ; барчаси ҳидоят, залолати йўқ; барчаси илм, жаҳолати йўқ; барчаси аниқ, шаки йўқ. Бу шундай асоски, бирон киши то шунга иқрор бўлмагунча, унинг на исломи, на иймони рўёбга чиқади[5].

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мусулмон одамнинг эҳтиёжи тушадиган ҳар бир нарсани баён қилиб қўйган. Аллоҳ таоло айтади: “Сизга ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун хушхабар бўлган Китобни — Қуръонни нозил қилдик[6].

Қуръонда баён қилинган масалаларнинг энг муҳими эътиқод масаласидир.  Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳ ва Расули инсонларнинг эҳтиёжи тушадиган барча диний масалаларни етарли даражада баён қилиб берган бўлса-ю, тавҳид ва иймон асосларига оид масалаларни баён қилмай қолдирадими[7].

Қуръонда масалалар умумий (ижмолий) кўринишда баён қилинган. Уларнинг тафсилотини эса ҳадиси шарифдан билиб оламиз[8].

Иккинчи мавзу: саҳиҳ ҳадисларни далил қилиш

Аҳли суннат ва жамоат уламолари эътиқодига кўра, Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга Қуръони Карим ва саҳиҳ ҳадисларни[9] ваҳий қилган. Бунга Аллоҳ таолонинг: “У ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган бир ваҳийдир[10], деган сўзи ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Шуни билингларки, менга Китоб (Қуръон) ва унга қўшиб, унинг мислича (суннат) берилди[11], деган сўзлари далил бўлади.

Шавконий роҳимаҳуллоҳ[12] ушбу ҳадисни изоҳлаб шундай дейди: “Яъни менга Қуръон ва Қуръон мислича унда айтилмаган масалаларни ёритиб берувчи суннат берилди[13].

Бинобарин, қачон Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирон хабар ё буйруқ, ё қайтариқ саҳиҳ йўл билан нақл қилинса, у ваҳий деб эътибор қилинади ва уни Қуръондек тасдиқлаш ва эргашиш фарз бўлади[14].

Имом Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ[15] айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динга тегишли айтган барча сўзлари Аллоҳнинг ҳузуридан бўлган ваҳий экани саҳиҳ далилларда айтилган[16].

Кўпчилик уламоларнинг фикрига кўра, ҳасан даражасидаги ҳадислар[17] диний масалаларга далилликда саҳиҳ ҳадислар қаторида туради[18].

Имом Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ айтади: “У (яъни ҳасан ҳадис) кўпчилик уламоларнинг фикрига кўра, далилликда саҳиҳ ҳадис кабидир[19].

Учинчи мавзу: Аҳли суннат ва жамоат уламоларининг заиф ва тўқима ҳадисларни ҳамда саҳобаларнинг сўзларини далил қилишга бўлган муносабатлари.

Аҳли суннат ва жамоат уламолари фикрига кўра, Аллоҳ таолонинг динида бўлмаган нарса унга нисбат берилиб қолмаслиги учун заиф[20] ва тўқима[21] ҳадисларда келган маълумотларга эътиқод қилиш ҳаром саналади[22].

Имом Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Тўқима ёки заиф ҳадисларга келсак, уни айтиш, ундаги нарсани (маълумотни) эътиқодга олиш жоиз эмас. Унинг бори билан йўғи бирдек[23].

Саҳобаларнинг[24] сўзига келсак[25], бу ерда баҳс юритиладиган нуқта саҳобий ақл билан идрок қилиб бўлмайдиган ғайбий маълумотлар ҳақида хабар беришидир. Саҳобийнинг охирзамон фитна ва қирғинлари ҳақидаги хабари мана шу турдаги маълумотлар қаторига киради.

Саҳобийнинг бу турдаги сўзи саҳиҳ йўл орқали нақл қилинган бўлса, у ҳолда унинг икки хил кўриниши бўлади:

Биринчиси: ушбу саҳобий аҳли китоблардан диний маълумотларни ўргангани маълум бўлмаслиги. Бу ҳолатда унинг сўзи ҳужжат саналишига барча уламолар иттифоқ қилишган. Сабаби, бундай хабар Пайғамбаримизга нисбат берилган ҳукмида бўлади. Негаки, саҳобий ғайбий ёки келажакда бўладиган иш ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитмаган нарсасини хабар бериши амри маҳол.

Иккинчиси: ушбу саҳобий аҳли китоблардан диний маълумотларни ўргангани маълум бўлиши. Бу ҳолатда унинг айтган сўзи марфуъ (яъни Пайғамбаримизга нисбат берилган) ҳукмида бўлмайди[26].

[1] Қаранг: “Буҳусун фи ақийдати аҳлис-суннати вал жамоати”, (32, 44, 45 бетлар), Ал-Қарний, “Ал-маърифату фил ислом”, (157, 485-572), Зинайдий, “Маноҳижул баҳс фил ақийдатил исломия”, (303-306 бетлар).
[2] Шотибий – имом, муҳаддис, кенг илм соҳиби, усулий олим, нуззор, етук олим: Иброҳим ибн Мусо Шотибий Лахмий Ҳофиз. Моликий мазҳаби имомларидан, бошқа фанларда ҳам ўзига яраша ўрни бор. Ҳижрий 790 йилда вафот этган. Қаранг: “Дурратул ҳижол фи асмоир-рижол”, (1\182), “Фиҳрисул фаҳорис”, (1\191), “Шажарату нуриз-закийя”, (231) ва “Мўъжамул муаллифийн”, (1\77).
[3] “Эътисом”, (2\252).
[4] Санъоний – Муҳаммад ибн Исмоил Ҳасаний Каҳлоний. Аждодлари сингари Амир номи билан танилган. Мужтаҳид олим. Санъо шаҳрида туғилиб, ҳижрий 1182 йилда шу ернинг ўзида вафот этган. Қаранг: “Аълом”, (6\38).
[5] Қаранг: “Татҳирул эътиқод ъан адронил илҳод”, (27 бет).
[6] Наҳл сураси, 89 оят.
[7] “Мажмуул фатово”, (17\443). Қаранг: “Мувофақот”, (3\242).
[8] Қаранг: “Мувофақот”, (3\366, 369).
[9] Саҳиҳ ҳадис – ишончли ва ҳифз-хотиралари кучли ровийлар орқали узуклсиз санад билан нақл қилинган ҳамда ҳадис матни ё санади шоз (яъни бошқа ривоят ёки ровийларга зид) бўлмаган, унда иллат ҳам бўлмаган ҳадис. Нававий, “Тадрибур-ровий”, (1\63). Қаранг: “Муқаддимату Ибни Салоҳ”, (13, 43, 51 бетлар) ва Заҳабий, “Муқиза”, (12 бет).
[10] Нажм сураси, 3-4 оятлар.
[11] Аҳмад “Муснад”да (17174) ва Абу Довуд “Сунан”да (4594) Миқдом ибн Маъдиякриб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. Албоний “Саҳиҳу Сунани Аби Довуд”да (4604) саҳиҳ деган.
[12] Шавконий – Муҳаммад ибн Али Шавконий. Яманнинг катта мужтаҳид фақиҳ олимларидан, Санъо шаҳридан. Санъо шаҳрида ўсиб-улғайган. Ҳижрий 1229 йилда ўша ернинг қозиси этиб тайинланган. Ҳижрий 1250 йилда вафот этади, ўша вақтда у Санъонинг ҳокими эди. Қаранг: Зириклий, “Аълом”, (6\298).
[13] “Иршодул фуҳул”, (1\157).
[14] Қаранг: Ибн Абдулбар, “Жомеъу баёнил-илми ва фазлиҳи”, (2\96), Ибн Таймия, “Даръу таорузил-ақли ван-нақл”, (1\138), Ибн Таймия, “Мажмуул фатово”, (3\105, 327) ва Ибн Қаййим, “Эъломул муваққиъийн”, (2\307, 408).
[15] Ибн Ҳазм – Али ибн Аҳмад Зоҳирий. Андалусдан. Зоҳид олим бўлган. Ҳижрий 451 йилда вафот этган. Қаранг: “Вафийётул аъён”, (3\325-328) ва “Сияру аъломин-нубало”, (18\184-212).
[16] “Ал-иҳком фи усулил-аҳком”, (1\121).
[17] Имом Ибн Ҳажар айтади: “Оҳод хабарлар ҳифз-хотираси мукаммал ишончли ровийлар орқали, туташ санад билан, иллатсиз ва шоз (бошқа ривоят ёки ровийларга зид) бўлмаган ҳолда нақл қилинса, унга саҳиҳун лизотиҳи дейилади. Агар ҳифз-хотираси бироз суст бўлса, ҳасан лизотиҳи дейилади” (Нукат ало нузҳатин-назар, 82, 91 бет). Қаранг: “Муқаддимату Ибни Салоҳ”, (20 бет).
[18] Қаранг: “Муқаддимату Ибни Салоҳ”, (20 бет), Ибн Таймия, “Мажмуул фатово”, (1\250), “Ал-боисул ҳасис”, (37 бет), “Тадрибур-ровий”, (1\160) ва Тоҳир Дамашқий, “Тавжиҳун-назар ило усулил-асар”, (293-297 бетлар).
[19] “Ал-боисул ҳасис”, (37 бет). Шунингдек қаранг: “Муқаддимату Ибни Салоҳ”, (40 бет) ва “Тадрибур-ровий”, (1\160).
[20] Заиф ҳадис – на саҳиҳ, на ҳасан ҳадиснинг шартлари топилган ҳадис. Қаранг: “Муқаддимату Ибни Салоҳ”, (41-бет), “Ал-боисул ҳасис”, (44-бет)  ва “Тадрибур-ровий”, (1\179).
[21] Тўқима ҳадис – матни шариатимизда маълум қонун-қоидаларга хилоф ва ровийси ёлғончи бўлган ҳадис, (Муқиза, 24-бет).
[22] Қаранг: “Муқаддимату Ибни Салоҳ”, (103-бет), “Мажмуу фатово Ибн Таймия”, (1\250) ва “Нукат ъало нузҳатин-назар”, (121-122-бетлар), Хатиб, “Усулул ҳадис”, (222-бет), “Ҳукмул-амал бил-ҳадисиз-заиф фи фазоилил-аъмол”, (47-51-бетлар) ва “Мадхал лидиросатил ақида исломия”, (166-167-бетлар).
[23] “Заммут-таъвил”, (47-бет). Қаранг, “Муқаддимату Ибни Салоҳ”, (103-бет) ва Ибн Таймия, “Шарҳу-умда”, (1\416).
[24] Саҳобий деб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга мўмин ҳолида йўлиқиб, гарчи орада бир диндан чиқиб қайтган бўлса ҳам, лекин охири мусулмон ҳолида вафот этган инсонга айтилади. Қаранг: “Ал-исоба”, (6\1), “Нухбатул-фикар”, (1\1) ва “Ал-боисул ҳасис”, (133-бет).
[25]  Саҳобаларга тегишли сўз, амал ва иқрорларга мавқуф ҳадис деб айтилади. Баъзи фуқаҳолар уни: “Асар”, ҳам деб аташади. Қаранг: “Муқаддимату Ибни Салоҳ”, (29-бет), Ал-боисул ҳасис”, (45-бет) ва “Нукат ъало китоби Ибн Салоҳ”, (1\512).
[26] Қаранг: “Фатҳул Борий”, (1\464 ва 6\407), ва “Нукат ъало китоби Ибн Салоҳ”, (2\531-533), “Фатҳул муғис”, (1\228-229), Мулла Али Қори, “Шарҳу шарҳи нухбатил фикар”, (551-552-бетлар) ва Деҳлавий, “Муқаддиматун фи усулил ҳадис”, (1\38).

Изоҳ қолдиринг