Умар розияллоҳу анҳу: Бозорлар ва савдо-сотиқ ишларига эътибори

0

 

Умар розияллоҳу анҳу бозорларда олди-сотди қилувчилар ўртасидаги муомалаларга қаттиқ эътибор берар, уларга савдони шариатга мувофиқ тарзда юритишни буюрар эди. Бозорларга назоратчилар тайинлаган, масалан, Мадина бозорига Соиб ибн Язид розияллоҳу анҳуни бошлиқ қилган эди. Абдуллоҳ ибн Утба ибн Масъуд ва бошқаларни ҳам шундай ишларга қўйганди[1].

Умар Форуқ розияллоҳу анҳу шахсан ўзи ҳам бозорчиларни назорат қилар, баъзан қўлида дарра билан расталарни айланиб юрар ва лойиқ кўрган кишиларининг адабини берар эди.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: “Умарни ўн тўртта ямоқ солинган, баъзи ямоқлари теридан бўлган изорда, эгнида на ридо ва на кўйлак бўлган ҳолда, бошида салла, қўлида дарра билан Мадина бозорида айланиб юрганини кўрдим”[2].

Ҳофиз Заҳабий Қатодадан ривоят қилади: “Умар розияллоҳу анҳу халифа пайтида эгнида ямоқ солинган жун чакмон (жубба) билан, елкасига дарра ташлаб олиб, Мадина бозорида одамларга адаб бериб юрарди”[3].

Имом Муслим Молик ибн Авс ибн Ҳадасондан ривоят қилади: «Мен бир куни: “Динорни дирҳамга (тиллани кумушга) алмаштириб берадиган сарроф борми?” деб келган эдим, Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу: “Тиллангни бер, хизматчимиз келганида кумушингни берамиз”, деди. Шу ерда ҳозир бўлган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу унга: “Йўқ, асло бундай қилмайсан! Аллоҳга қасамки, унга кумушини нақд берасан, ё бўлмаса тилласини қайтарасан! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тиллани кумушга, … фақат қўлма-қўл бўлган ҳолда алмаштиринглар, йўқса, рибо бўлади”, деганлар”, деди»[4].

Бир куни Умар розияллоҳу анҳу сутига сув қўшиб сотаётган бир одамнинг сутини тўктириб юборди[5].

Умар Форуқ розияллоҳу анҳу мусулмонларнинг бозорларида эҳтикордан (монополиядан) қайтарар эди. Бир куни у Ҳотиб ибн Абу Балтаъадан: “Қанчадан сотяпсан, эй Ҳотиб?” деб сўради. “(Бир дирҳамга) икки муддан[6]”, деб жавоб берди у. “Ҳали сизлар уйларимиздан, эшикларимиз олдидан, бозорларимиздан сотиб олиб, кейин истаган нархингизга сотасизларми?! Бир соъдан (яъни тўрт муддан) сот! Йўқса, бозоримизда сотма! Агар ерни кезиб, бошқа юртлардан келтириб сотсангиз, истаган нархингизда сотаверинглар!” деди[7].

Умар розияллоҳу анҳу бир куни бозорда кўрдики, баъзилар эҳтикор қилиш мақсадида ортиқча пулларига маҳсулот сотиб олишибди. У деди: “Йўқ, қасамки, Аллоҳ бизга савдогарлар орқали ризқ келтирса ва у бозоримизга келиб тушса, айрим одамлар пулдорлик қилиб, бевалар ва етим-есирлар тегишини сотиб олади-да, савдогарлар кетганидан сўнг уларни истаганича қиммат нархга сотади! Ундай қилманглар! Аммо қайси бир савдогар қишдами, ёздами, бозоримизга мол келтирса, у Умарнинг меҳмонидир, истаганича сотсин, истаганича олиб қўйсин”.

Муслим ибн Жундаб айтади: «Мадинага озиқ-овқат келган эди, бозорчилар уни сотиб олиб қўйишди. Умар уларга: “Бозорларимизда тижорат қиласизларми?! Одамларни ҳам шерик қилинглар ёки ўзинглар сафарга чиқиб, мол келтириб, кейин сотинглар!” деди[8].

Умар розияллоҳу анҳу эҳтикорни фақат озиқ-овқат ва чорва ҳайвонларига чекламас, балки уни бозордан йўқолиши одамларга зарар берадиган ҳар қандай маҳсулотга умумий деб қарар эди.

Имом Молик “Муватто” китобида келтиради: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу деди: “Бозоримизда эҳтикорга ўрин йўқ, баъзи одамлар бозоримизга келиб тушган маҳсулотларни қўлларидаги ортиқча пулларига сотиб олиб, бизга эҳтикор қилмасинлар! Лекин қайси бир савдогар қишдами, ёздами, бозоримизга мол келтирса, у Умарнинг меҳмонидир, истаганича сотсин, истаганича олиб қўйсин”[9].

Юқорида келтирилган мисоллардан маълумки, Умар розияллоҳу анҳу ман қилган эҳтикорнинг маъноси бозордаги нарх-навони айрим кимсалар ўз назоратида ушлаб туриши бўлиб, бу иш камбағаллар ва етим-есирлар аҳволини оғирлаштиради. Шунинг учун Умар розияллоҳу анҳу бунга қаттиқ турди ва асло унга кўз юммади.

Умар розияллоҳу анҳу баъзан зарурат тақозо этганида бозордаги нарх-навони одамларнинг аҳволига муносиб кўринишда ушлаб туришга ҳам аралашар эди. Бир марта бир савдогар ёғ келтириб, бозордаги нархдан юқори нархда сотмоқчи бўлганида Умар унга: “Ё бозор нархида сот, ё бозоримиздан чиқиб кет, биз сени бир нархга мажбур этмаймиз”, деди ва уни чиқариб юборди[10].

 

[1] «Ас-султатут танфизия» (1/408).
[2] “Ат-табақотул кубро” (3/330).
[3] “Тарихул ислом, аҳдур-рошидийн” (268-бет).
[4] Муслим (1586) ривояти.
[5] Ибн Таймия, “Ал-ҳисба фил-ислом” (60-бет).
[6] Муд – тақрибан бир ҳовучга тенг ўлчов.
[7] Қалъачи, “Мавсуа фиқҳи Умар ибн Хаттоб” (28-бет).
[8] Ўша манба.
[9] Ўша манба (29-бет).
[10] “Тарихул Мадинатил мунаввара” (2/749). “Мавсуа фиқҳи Умар ибн Хаттоб” (177-бет).

Изоҳ қолдиринг