Аллоҳ суйган бандалар: Ўртача инфоқ қилиш (3)

0

Бахилликнинг муолажаси

Аслида бахилликнинг сабаби мол-дунёни яхши кўришдир. Одам мол-дунёни яхши кўришига эса асосий икки сабаб бор.

Биринчи сабаб: мол-дунё билангина эришиладиган орзу-ҳавас ва нафс истакларига муҳаббат қўйиш. Инсон агар эртага ўлишини билса, мол-дунёсига бахиллик қилмаган бўларди. Чунки бир кунлик, боринг, ана бир ойлик ёки бир йиллик эҳтиёжига етарлик бойлиги бор экан, агар орзу-ҳавасга берилмаган бўлса,  бахиллик қилмаслиги мумкин , албатта. Лекин болалари кўп бўлса-чи, унда фарзандларини орзу-ҳавас мақомига қўйиб олади-да, уларнинг яшашларини ўзининг яшаши каби ҳисоблаб, фарзандлари учун мол-дунёни ўзида сақлаб қолади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фарзанд бахиллик, қўрқоқлик ва маҳзунлик (сабаби)дир”, деб айтганлар (Ибн Можа ривояти). Энди бунга камбағалликдан қўрқиш ва ризқ келишига ишончнинг озлиги қўшилса, бахиллик янада зиёда бўлади.

Иккинчи сабаб: мол-дунёни яхши кўриш. Одамлар орасида умрининг охиригача етадиган мол-дунёга эга бўлганлари бор. Одатига кўра сарфлаганда ўлгунига қадар ишламаса ҳам,  бойлиги етиб, яна мингларча пуллари ортиб қоладиган даражада бой. Ўзи қари, фарзанд йўқ, бойлик кўп, лекин бахиллиги, дунёга бўлган муҳаббати закот чиқаришдан уни тўсади, ҳатто касал бўлса, даволанишга ҳам сарфламайди. Дийнор ва дирҳамга ҳирс қўйган ошиқ пуллари қўлида туришидан, унга эга эканидан роҳатланади, лаззат олади. Ер тагига хазина қилиб кўмиб қўяди. Йўқса, яқинда вафот этишини ҳам билади, бойлиги қўлдан кетишини ёки душманлари олиб қўйиши мумкинлигини ҳам билади, шунга қарамай, бахиллиги уни еб-ичиш ёки бир сўм бўлса ҳам садақа қилишдан тўсади. Бу ўта оғир қалб касаллиги бўлиб, унинг давоси ҳам қийин кечади. Хусусан, ёш катта бўлгандан кейин тузалмас даражага ҳам чиқиши мумкин. Дийнор ва дирҳам (доллар, евро ва умуман пул бирликлари) хоҳиш-истакларга етказадиган вакил ўрнида бўлганидан одамлар уни яхши кўрадилар. Зеро, лаззатга элтувчи нарса ҳам лаззатли бўлади. Бориб-бориб нафснинг хоҳиш-истаклари ҳам унут бўлиб, пулнинг ўзи маҳбубига айланиб қолади. Залолатнинг охирги чегараси ҳам шу аслида, балки пул билан тошнинг фарқи бор деб билишнинг ўзи ҳам бир нав жоҳилликдир. Чунки эҳтиёжларни қондириш жиҳатидангина пулнинг эътибори бор, холос, йўқса, заруратдан ортиқча пул нимаю оддий тош нима, бир нарсадир.

Булар мол-дунёни яхши кўриш сабаблари эди. Ҳар бир касалликнинг муолажаси унга қарши сабабларни қўллаш билан бўлади. Нафс истакларига муҳаббат қўйишнинг муолажаси оз нарсага қаноат қилиш ва сабр билан бўлади. Орзу-ҳавасга берилишнинг давоси эса ўлимни эслаш, тенгқурларнинг бир-бир вафот этиши, уларнинг мол-дунё жамлашдаги машаққатлари ва дунёдан ўтгач, тўплаган бойликлари зое бўлганига назар солиш билан бўлади. Фарзандлар ҳақида ҳаддан зиёд қайғуришнинг муолажаси шу фарзандни берган Аллоҳ таоло у билан қўшиб ризқини ҳам яратган эканини тааммул қилиш билан бўлади. Неча-неча отасидан мерос олмаган фарзандлар бор, лекин мерос олганлардан кўра ҳаёти яхши. Яна, ота фарзандини яхши ҳолатда қолдириш мақсадида мол-дунё тўплаш билан бирга, фарзанди эса ёмон кўчаларга кириб кетишини ўйлаши ҳам муолажа йўлларидан биридир. Фарзанд агар тақводор, солиҳ бўлса, Аллоҳнинг Ўзи етарлидир. Аллоҳ сақласин, агар фосиқ бўлса-чи, унда қолдирган мол-дунёси билан унинг маъсиятига кўмаклашган бўлади, сўнгида жабрини ҳам ўзи тортади. Бахиллик қораланиб, саховат мақталган ҳамда Аллоҳ таоло бахилликка ҳозирлаб қўйган аламли азоблар ҳақидаги оят ва ҳадисларни тааммул билан кўп-кўп ўқиш ҳам муолажа қилиш йўлларидан биридир.

Бахиллик дардига фойдали даволардан бири бахилларнинг ҳолига назар солишдир. Ҳар қандай одам бахиллардан нафратланади, бахилликни ёқтирмайди. Бахил борки, бахиллиги уни бошқаларга хунук қилиб кўрсатади, ҳатто дўстларига ҳам ёқмайди. Ўзи бошқа бахилларни ёқтирмаганидек, одамлар қалбида ўзи ҳам жирканч ва ёқимсиз эканини билади.

Қалбни бахилликдан тозалаш йўлларидан яна бири мол-дунёни йиғишдан мақсад не эканини, унинг нима учун яратилганини тафаккур қилиш. Ана шунда мол-дунёдан эҳтиёжига етарлисини олиб қолиб, қолганини савоб умидида охирати учун ўзига захира бўладиган ўринларга сарфлайди.

Бу даволар илм-маърифат жиҳатидандир. Киши мол-дунёни бахиллик қилиб ўзида олиб қолишидан кўра сарфлаши дунёю охиратда ўзи учун яхши эканини англаса, инфоқ-эҳсон қилишга рағбати уйғонади. Шундан кейин яна нафс истаклари жунбушга келиб, қалбига бахиллик ораласа, хаёлига аввал келган мол-дунёни сарфлаш яхши, деган фикрга қулоқ солиши лозим бўлади, муҳими, тўхтаб қолмаслик керак. Чунки шайтон уни камбағал бўлиб қолишдан қўрқитиб, бахилликка ундайди, йўлига ғов бўлади.

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг