Усмон розияллоҳу анҳу: Вилоятлар ва волийлар (5)

0

Саккизинчи: Басра вилояти

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шаҳид бўлган пайтда Басрада Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу волий эди. Ўша кезларда Басра жамияти аҳоли сони ортиб бораётган ва ижтимоий соҳада муҳим ўзгаришларни бошдан кечираётган эди. Басра Ислом давлатининг асосий ҳарбий марказларидан бирига айланган, унга кўплаб қабилалар кўчиб бориб жойлашган, Басра ҳарбий қўшини бир қанча муҳим фатҳларни амалга оширган, шу туфайли бу вилоят Усмон розияллоҳу анҳу халифалигининг дастлабки даврида ўзига хос аҳамиятга эга вилоят саналарди[1].

Одамлар жиҳод ва бошқа оммавий ишлар қатори ўз шахсий ишлари ва тирикчиликлари билан ҳам банд эди. Бир қанча ўлкаларни ўзига тобе этган бу улкан минтақага волийлик қилиш анчагина оғир вазифа бўлиб, уни бошқариш ўзига хос билим талаб қилар эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Мусо Ашъарийда ушбу вилоятни бошқаришга етарли қобилият ва куч-қудрат борлигини ҳис этгани учун бўлса керак, ўзидан кейинги халифага камида тўрт йил уни Басра волийлигидан бўшатмасликни васият қилган эди[2].

Абу Мусо Басра волийси бўлиб турган давр жиҳод ва курашлар даври бўлиб, уларда Басра аҳлининг иштироки яққол намоён бўлиб турарди. Абу Мусонинг қўмондонлик маҳорати Форс ўлкасининг бир қанча муҳим нуқталарини фатҳ этишида ва аввалроқ фатҳ қилинган жойларда мусулмонларнинг қадамларини мустаҳкамлашда олиб борган фаолиятида, шунингдек, айрим минтақалар аҳолиси Умар розияллоҳу анҳу вафотидан кейин қўзғолон кўтарганларида уларга қарши жанг қилиб, ўша ҳудудларда Ислом ҳукмини қарор топтиришида намоён бўлди[3].

Абу Мусо фаолиятидаги муҳим қирралар қаторида унинг Усмон розияллоҳу анҳу халифалиги даврида волий бўлиб турган кезлари Рай шаҳрини тиклаш, Басрада каналлар ва анҳорлар қаздириш каби ишларини санаб ўтиш мумкин. У канал қаздириб, Басрага ичимлик суви олиб келди, бундан кейин одамлар ичимлик суви сифатида ўша сувдан фойдаландилар. У яна бир неча канал қазиш лойиҳаларини ҳам бошлаб қўйган эди, волийликдан четлатилиши сабабли уларни охирига етказа олмай қолди. Ундан кейинги волий Абдуллоҳ ибн Омир ушбу лойиҳаларни охирига етказди[4].

Абу Мусо Ашъарийнинг Басрага волийлиги узоқ давом этмади. Аксар ривоятларда устун саналган фикрга кўра, Усмон розияллоҳу анҳу уни ҳижрий 29 йили волийликдан бўшатиб, ўрнига Абдуллоҳ ибн Омир ибн Курайзни тайинлади[5]. Тарихчилар Абу Мусонинг четлатилишига доир бир нечта ривоятларни келтиришган. Улардан хулоса ясайдиган бўлсак, Абу Мусо билан Басра қўшини ўртасида келишмовчилик юзага келган бўлиб, унинг сабаби хусусида тарихчилар ихтилоф қилишган. Басра аҳлидан бир жамоат Усмон розияллоҳу анҳу ҳузурига келишди ва ундан Абу Мусони волийликдан четлатишини талаб қилиб, шундай дейишди: “У ҳақда билган ҳамма нарсаларимизни сизга айтишни истамаймиз, сиз бизга унинг ўрнига бошқа волий тайин қилинг”. “Кимни хоҳлайсизлар?” деб сўради Усмон. Улар: “Ким бўлса ҳам фарқи йўқ”, дейишди ва ўзларига қурайшлик бирон киши волий қилинишини талаб этишди.[6]  Шундан сўнг Усмон розияллоҳу анҳу Абу Мусони бўшатиб, ўрнига Абдуллоҳ ибн Омирни қўйди. Шу ўринда Абу Мусонинг донолиги, кенгфеъллиги ва халифанинг амрига итоатли экани яққол кўринади. Баъзилар ўйлаганидек, у ҳокимликка ҳарис эмас эди. Ўзининг мансабдан олиниб, ўрнига Абдуллоҳ ибн Омир волий бўлгани хабари етганда у минбарга чиқиб, одамларга Абдуллоҳ ибн Омирни мақтади, ваҳоланки, у эндигина йигирма бешга кирган ёш йигит эди. Абу Мусо уни мақтаб, жумладан, шундай деди: «Сизларга амма-холалари, бувилари Қурайшда ҳурматли бўлган йигит келди. У ҳали сизларни мол-дунёга кўмиб ташлайди»[7].

 

[1] Солиҳ Ула, «Ат-танзиматул ижтимоийя вал иқтисодийя фил басра» 141-бет.
[2] «Сияру аъломин нубало» (2/391), «Ал-вилояту алал булдан» (1/186).
[3] «Ал-вилояту алал булдан» (1/187).
[4] «Ал-вилояту алал булдан» (1/187).
[5] «Тарихут Табарий» (5/264).
[6] «Тарихут Табарий» (5/264).
[7] «Тарихут Табарий» (5/266), «Сияру аъломин нубало» (3/19).

Изоҳ қолдиринг