Али розияллоҳу анҳу: Али розияллоҳу анҳунинг халифаликка лойиқлиги (2)

0

 

4) Икрима айтади: “Ибн Аббос менга ва ўғли Алига: “Абу Саид ҳузурига бориб, ундан ҳадис эшитинглар”, деди. Борсак, у деворни тузатаётган экан. Ридосини олди, сўнг тиззаларини қучоқлаб ўтирди, сўнг бизга ҳадис айтиб бера бошлади. Сўз масжиднинг қурилиши воқеасига етиб келди. У шундай деди: “Ўшанда биз битта-биттадан ғишт кўтарар эдик, Аммор иккитадан кўтарарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг эгнидан тупроқни қоқиб туриб: “Шўрлик Аммор, уни боғий тоифа ўлдиради, бу уларни жаннатга чорлайди, улар буни дўзахга чорлайдилар”, дедилар. Аммор: “Аллоҳдан фитналардан паноҳ беришини сўрайман”, деди”[1].

Имом Муслим Абу Саиддан қилган ривоятда айтилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хандақ қазиш пайтида Амморнинг бошини силаб туриб, дедилар: “Шўрлик Сумайянинг ўғли, сени боғий гуруҳ ўлдиради[2].

Ибн Таймия “боғий тоифа ўлдиради” деган сўзни зикр қилганидан сўнг айтади: “Бу Алининг халифалиги ҳақлигига ва унга итоат этиш вожиблигига, унга итоат этишга чақирувчи киши жаннатга чақирувчи ва унга қарши урушга чақирувчи киши, гарчи таъвил билан қилган бўлса-да, дўзахга чақирувчи эканига далил бўлади…”[3]

Агар: “Аммор Сиффинда ўлдирилган, у Али билан бирга чиққан эди. Уни Муовия билан бирга чиққанлар ўлдирди. Муовиянинг ёнида саҳобалардан бир жамоат ҳам бор эди. Қандай қилиб уларни дўзахга чақирувчилар деб айтиш мумкин?!” дейилса, жавоб шуки, улар ўз ижтиҳодлари билан жаннатга чақиряпмиз, деб ўйлаган эдилар, уларни гумонларига эргашишларида маломат қилинмайди. Жаннатга чақиришдан мурод жаннатга олиб борувчи йўлга, яъни имомга (халифага) итоат этишга чақириш эди. Аммор уларни Алига итоат этишга чақирарди, у ўша пайтда итоат қилиниши вожиб бўлган имом эди. Улар эса ўзлари қилган таъвил туфайли маъзур бўлганлари учун бунинг тескарисига чақиришарди[4].

Имом Нававий “Шўрлик Сумайянинг ўғли, сени боғий тоифа ўлдиради” ҳадиси шарҳида айтади: “Уламоларнинг сўзларига кўра, бу ҳадис Али розияллоҳу анҳу ҳақ ва нариги тоифа боғий эканига очиқ ҳужжатдир, лекин улар мужтаҳидлардир ва шунинг учун уларга гуноҳ йўқ. Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир неча жиҳатдан очиқ мўъжизалари зоҳир бўлди: у зот Амморнинг ўлдирилишини, уни мусулмонлар ўлдиришини, улар боғийлар эканини, саҳобалар ҳам икки гуруҳ бўлиб урушишлари хабарини бердилар ва бу воқеалар қандай айтган бўлсалар, шундай юз берди. Хоҳиш-ҳаволаридан сўзламайдиган, фақат ўзларига ваҳий қилинган хабарни сўзлайдиган зотга саловоту саломлар бўлсин[5];

5) Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мусулмонлар иккига бўлинган пайтда бир гуруҳ ажралиб чиқади, икки тоифадан ҳаққа лойиқроқ бўлгани уларни ўлдиради».

Бир ривоятда: «Умматим ичида икки фирқа бўлади, улар орасидан бир тоифа ажралиб чиқади. Икки тоифадан ҳаққа энг яқин бўлгани уларни ўлдиради»[6].

Ҳадисда айтилган мусулмонларнинг бўлинишидан мурод Али ва Муовия розияллоҳу анҳумо ўртасида содир бўлган бўлиниш эди[7].

Ажралиб чиқувчи тоифадан мурод наҳравонликлар бўлиб, улар Али розияллоҳу анҳу қўшини ичида эдилар, Али билан Муовия икки кишини ўртада ҳакам қилишга келишганларидан сўнг улар ажралиб чиқиб кетдилар ва: “Али ва Муовия куфр сари югуришда бир-бири билан мусобақалашди. Муовия Алига қарши урушиб кофир бўлди, Али эса икки кишини ҳакам қилиши билан кофир бўлди”, дедилар. Улар, шунингдек, Зубайр билан Талҳани ҳам кофирга чиқардилар. Шундан сўнг уларни Али билан бирга бўлган тоифа ўлдирди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни ҳаққа энг яқин бўлган тоифа ўлдиришига гувоҳлик берган эдилар. Бу эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан Али ва унинг одамлари ҳақда эканликларига гувоҳликдир. Шу билан бирга, у зотнинг келажакда бўладиган ишларнинг хабарини берган мўъжизалари ҳамдир. Дарҳақиқат, ҳодиса худди у зот айтганларидек бўлди. Бунда яна Али розияллоҳу анҳунинг халифалиги дурустлигига ва унга қарши чиққанлар хато қилганига аниқ далолат бор[8].

 

[1] Бухорий (447).
[2] Муслим (2235).
[3] “Мажмуул фатово” (4/437).
[4] “Фатҳул Борий” (1/542).
[5] “Шарҳи Нававий ало Саҳиҳи Муслим” (18/40).
[6] Муслим ривояти (1064).
[7] “Шарҳи Нававий ало Саҳиҳи Муслим” (7/166).
[8] Ибн Қудома, “Минҳожул қосидийн фи фазлил хулафоир-рошидийн” (75-бет).

Изоҳ қолдиринг