Рабеа ал-Раъй (2)

0

Рабеа балоғат ёшига яқинлашиб, йигитлар сафига қўшила бошлади. Баъзилар унинг онасига: “Мана, Рабеа ҳам катта йигит бўлиб қолди. Ўқиш-ёзишни мукаммал ўрганиб, тенгқурларидан ўзиб кетти. Қуръон ва ҳадисни ёдлаб олди. Энди бирон касб-ҳунар ўрганса ҳам бўларди. Бу қобилияти билан тезда яхши ҳунарлик бўлади, оилани бемалол таъминлар эди”, деди. Меҳрибон она: “Аллоҳ таолодан боламга икки дунёси учун фойдалисини бер деб сўрар эдим. Рабеа умрининг охиригача илм ўрганиш ва ўргатиш йўлини танлади”, деб жавоб берди.

Ҳа, дарҳақиқат, Рабеа ўзи танлаган йўлдан бўшашмай, илдам юра бошлади. Масжиди набавийдаги илм чашмаларига ташна одамдек талпинди. Ҳаёт бўлган саҳобаи киромларни, хоссатан, “Пайғамбар ходими” Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни маҳкам тутди. Тунни кунга улаб Саид ибн Мусайяб, Макҳул Шомий, Салама ибн Динор каби пешқадам тобеинлардан дарс олди. Илм олиш машаққати уни оздириб-тўздириб юборди. Унга: “Бунчалар ўзингни қийнама, озгина бўлса ҳам ўзингга раҳм қил” деганларга: “Сен бор-йўғингни бермагунингча илм сенга озгинасини ҳам бермайди”, деб жавоб берарди. Кўп ўтмай, Рабеанинг довруғи тарқади, дўсту шогирдлари кўпайди, қавмининг саййидига айланди. Хуллас, Мадина олимининг ҳаёти оддий ва осойишта кеча бошлади. Куннинг ярмини уйида оила аъзолари ва биродарлари билан ўтказса, иккинчи ярмини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида илм ҳалқаларида ўтказар эди. Кутилмаганда унинг ҳаётида муҳим воқеа рўй берди…

Ойдин ёз кечаларининг бирида Мадинаи мунавварага чамаси олтмиш ёшларни қоралаган бир отлиқ кириб келди. Шаҳарнинг тор кўчаларида отига минганича ўзининг ҳовлисини излаб борар эди. Аммо ҳовлиси ҳали ҳам турганми ёки йиллар ўтиб бузилиб кетганми – билмасиди. Уйидан чиқиб кетганига нақ ўттиз йил бўган эди-да. У бирма-бир хаёлидан ўтказиб борарди: “Қолдириб кетган ёш ҳомиладор хотиним қаерда экан? Ҳоли нима кечди экан? Ҳомиласи ўғил туғилганмикин ё қизми? Ҳаётмикин ё вафот этиб кетганмикин? Ҳаёт бўлса, қай аҳволда экан? Бухоро, Самарқанд ва ўша атрофдаги ерларни фатҳ қилиш учун мусулмон лашкарлари билан кетаётганимда қолдирган катта миқдордаги маблағ нима бўлган экан?” Мадина кўчалари зиёратчилар билан гавжум эди. Хуфтон намози эндигина тугаган, масжиддагилар аста-секин ташқарига чиқа бошлаган эди. Одамлар бу отлиқнинг ёнидан ўтиб кетар, аммо ҳеч бири уни танимас, на ўзига, на учқур отига ва на бўйнида осилган қиличига эътибор берар эди. Одатда, мусулмонлар Аллоҳ йўлида жиҳодга кетаётган ё қайтган мужоҳидни кўринишидан билар, унга яхши муносабатда бўлар эди. Бу ерда шу иззатни кўрмагани учун отлиқ бироз ранжиди. Мадинанинг сал-пал ўзгарган тор кўчаларида ўйга чўмганча кетаётиб, ногаҳон ўз уйининг олдидан чиқиб қолди. Оиласи билан дийдорлашиш қувончидан шошилганча уйининг дарз кетган дарвозасидан кириб, ҳовлининг ичкарисигача ўтиб борди. Эшикнинг ғижиллаганини эшитган уй эгаси тепа қаватдаги хонадан чиқди. Қараса, бўйнига қилич ва найза осиб олган киши кечаси уйга бостириб кирибди. Ёш хотинига яқин масофада турибди, унга кўзи тушиши мумкин. Ғазабдан сакраб тушиб, нотаниш кишининг олдига ялангоёқ келди. “Тунда уйимга бостириб кириб, хотинимга тажовуз қилмоқчимисан, эй Аллоҳнинг душмани”, дея ҳужумга учраган ғазабнок шердек ташланди. Нотаниш кишининг гапиришига фурсат ҳам қолдирмади. Ҳовлининг ўртасида икковлон ёқалашди. Товушлари кўтарилиб, шовқин-сурон бўлиб кетди. Дарҳол қўшнилар ҳар тарафдан ёрдамга келиб, нотаниш кишини кишанлагандек маҳкам ушлаб олди. Уй соҳиби унинг бўйнидан қаттиқ ушлаб: “Эй Аллоҳнинг душмани, Аллоҳга қасамки, сени волийнинг ҳузуридагина қўйиб юбораман”, деди. Нотаниш киши: “Мен Аллоҳнинг душмани эмасман, гуноҳга ҳам қўл урганим йўқ, бу менинг уйим, менинг мулким. Дарвозаси очиқ экан, кириб келавердим”, деди ва одамларга: “Ҳой одамлар, бу уй меники, мен уни ўз пулимга сотиб олганман. Мен Фаррухман… Наҳот ичингизда ўттиз йил муқаддам Аллоҳ йўлида жиҳодга кетган Фаррухни танийдиган бирон кимса бўлмаса?!” дея юзланди. Уй соҳибининг ухлаётган онаси шовқин-сурондан уйғониб кети. Деразадан қараса, бутун бўй-басти билан эри турибди. Даҳшатдан тили айланмай қолди. Ўттиз йилдан бери алоқаси узилган эри билан шу ерда яна қайта кўришиш хаёлига ҳам келмаган эди. Ўзига келиб: “Бу кишини қўйиб юборинглар… Рабеа, ўғлим, қўйиб юбор. Ахир, бу сенинг отанг бўлади… Эй барака топкурлар, тарқалинглар. Абу Абдураҳмон, хотиржам бўлинг, бу йигит сизнинг ўғлингиз, жигарбандингиз”, деди. Бу гапни эшитиши билан Фаррух Рабеани ўзига тортиб, қучоқлаб олди. Рабеа ҳам уни қучди, қўли, елкаси ва пешонасидан ўпди. Қўшнилар уй-уйига тарқалди. Онаси ҳам саломлашиш учун хонасидан чиқди.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг