Сиффин ҳодисаси мусулмонлар ўртасида ажабтовур ҳолатлари билан тилга олишга арзигулик воқеа бўлди. Ўқувчи ушбу жанг тафсилотлари билан танишиш асносида унда бўлиб ўтган воқеалар ҳақида ўқир экан, ҳар икки тарафнинг бир-бирига муносабати ва одамийлик хислатларидан ҳайратга тушмай иложи йўқ.
Бу уруш бошқа урушлардан тамомила фарқли эди. Чунки ҳар икки қўшинга мансуб аскарлар ўзлари ҳақ деб билган ва тўғрилигига қатъий ишонган ғоя йўлида жангга кирган, хато йўлда деб билган кишиларга қарши ўз истаклари билан урушаётган эди, уларни урушга мажбур қиладиган ҳеч қандай босим ва тазйиқ йўқ эди.
Бу аскарларни, уларнинг хоҳиш-истакларини умуман ҳисобга олмаган ҳолда, қўмондонлар мажбуран жангга солган эмасди. Балки бу уруш ўзининг келиб чиқиш сабабларида ҳам, олиб борилиш услубида ҳам, ортидан қолдирган натижаларида ҳам танҳо ва ўхшаши йўқ бир уруш эди.
Ҳар икки тараф бир-бири билан аёвсиз урушар экан, орада бир оз танаффус берилган пайтда биргаликда сув бошига бориб, бир-бирига ҳеч қандай зарар етказмаган ҳолда сув ичишар, шу орада бир-бирларининг олдига бориб, суҳбатлашиб ўтиришар ҳам эди[1].
Улар урушдан дам олиб турган пайтда бир-бирларига гўё аҳил биродарлар каби муносабатда бўлишарди. Уруш қатнашчиларидан бири шундай ҳикоя қилади: “Урушга дам берилган фурсатларда ҳар икки тарафга мансуб аскарлар бемалол бир-бирининг олдига келиб, суҳбатлашиб ўтираверарди”[2].
Аслида, улар бир қавм, бир қабила фарзандлари эди, ҳар бири ўз ижтиҳодига кўра тўғри деб билган йўлда урушга чиққан, бир қабила фарзандлари баъзиси у тарафда, баъзиси бу тарафда аёвсиз урушар эди, ҳар бири ўзини ҳақ деб кўрар ва унинг йўлида ўлдирилишга рози бўлган қаноатга эга эди. Икки киши ҳолдан тойгунча урушар, урушишга мажоли қолмаганда ўтириб дам олар, бир-бири билан гаплашиб ўтиришар, сўнг яна туриб, важоҳат билан урушиб кетар эди[3]. Барчаси бир динга эътиқод қилувчи диндош биродарлар эди, бу дин уларга жонларидан ҳам суюмлироқ эди. Намоз вақти бўлса, урушни тўхтатиб, намоз ўқиб олишарди. Аммор ибн Ёсир ўлдирилганида унга ҳар икки тараф жаноза ўқиди[4].
Урушда шахсан иштирок этган бир гувоҳ шундай ҳикоя қилади: “Сиффинда жангга кирдик, бир неча кун уришдик, чор-атроф одамлар ва от-уловлар ўлиги билан тўлди. Шундан сўнг Али розияллоҳу анҳу Амр ибн Осга элчи юбориб, ҳар икки тараф ўликларини йиғиб дафн этиб олиши учун жангни тўхтатиб туришга чақирди, у ҳам бу таклифни қабул этди. Одамлар жанг майдони узра юриб, ҳамма бир-бирига аралашиб кетди ва ҳар ким ўзига қарашли ўликларни қидириб топиб, ўзи тарафга олиб ўтди. Али розияллоҳу анҳунинг одамлари ўзларига тегишли бир кишининг жасадини Амрнинг ёнидан олиб ўтаётганларида, уни кўриб йиғлади ва: “Бу одам Аллоҳнинг амрларини ўрнига қўйишга жидду жаҳд кўрсатадиган, динда ўта ғайратли одам эди”, деди[5].
Улар ҳатто шундай жанг майдонларида ҳам бир-бирларини ёмон ишлардан қайтаришга ҳарис бўлдилар. Қорилар деб танилган бир жамоа ҳам келган бўлиб, улар Абдуллоҳ ибн Масъуднинг шогирдлари эди, ораларида ироқликлар ҳам, шомликлар ҳам бор эди. Улар на Али розияллоҳу анҳуга ва на Муовия розияллоҳу анҳуга қўшилган эдилар. Улар Али розияллоҳу анҳуга: “Биз сизлар билан бирга чиқамиз, лекин сизлардан алоҳида бир жойга тушамиз ва ҳар икки томоннинг – ироқликларнинг ҳам, шомликларнинг ҳам ишларини кузатамиз. Кимнинг ҳаром ишга қўл урганини ёки кимдан тажовуз содир бўлганини кўрсак, ўшанга қарши урушамиз”, дедилар. Али уларга: “Марҳабо, бу айни динда фақиҳ бўлган ва суннатни яхши билган инсонларнинг иши, ким бунга рози бўлмаса, у хоин ва золим бўлади”, деди[6].
[1] “Тарихи Табарий” (5/610). “Сияр аълом ан-нубало” (2/41).
2] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (7/270). “Диросот фий аҳдин нубувва” (423-бет).
[3] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (10/272).
[4] “Тарихи Димашқ” (8/233). “Диросот фий аҳдин нубувва” (424-бет).
[5] “Ансобул ашроф” (6/56).
[6] “Сиффин” (115-бет). “Диросот фий аҳдин нубувва” (424-бет).