Саҳобий бўлинг: Нодир авлод (12)

0

Учинчи сабаб: Саҳобаларнинг юксалиш сабабларидан яна бири Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларнинг афзал эканини таъкидлаганлари

Бу авлод мутлақо энг афзал авлод эканини Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам таъкидлаганлар. Бухорий ва Муслим Имрон ибн Ҳусойн (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дейдилар: «Энг яхшиларингиз менинг асримдагилар, сўнг улардан кейингилар, сўнг улардан кейингилар»[1]. Мана шу Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тарафидан берилган гувоҳлик бўлиб, шу билан масала ҳал бўлди. Имрон айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларининг асридан кейин икки марта зикр қилдиларми ёки уч мартами, билмадим”. Яъни «Сўнг улардан кейингилар» деб икки марта такрорладиларми ёки уч мартами. Лекин, муҳими шуки, авлодларнинг энг яхшиси ва инсонларнинг энг аълоси Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг замондошлари ёки у кишининг авлодларидир.

Яна Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дейдилар: “Асҳобларимни сўкманглар! Асҳобларимни сўкманглар! Агар сизлардан бирингиз Уҳуд тоғича тилла садақа қилса ҳам, улардан бирортасининг бир муд ё ярим муд садақасига тенглашолмайди”[2]. Тасаввур қилинг, сизнинг Уҳуд тоғича келадиган миқдорда тиллангиз бор. Сўнг унинг ҳаммасини Аллоҳ йўлида садақа қилиб юборсангиз ҳам, саҳобийнинг озгина садақасига тенглаша олмайди. Саҳобий қилган бир ҳовучгина садақа Уҳуд тоғига тенг тиллани садақа қилишдан устун келади. Чунки уларда Исломга биринчи бўлиб киришнинг ажри бор. Зотан, бизга садақа қилишни ўргатган кишилар ҳам ўшалар бўлади. Бизга Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишни ўргатган кишилар ҳам улар бўлади! Нафсимизни енгиб, Аллоҳ азза ва жалланинг йўлида молларимизни қандай сарфлашни ўргатган зотлар ҳам ана ўшалардир! Мана шу нарса уларга буюк ажрларни ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) зикр қилган улуғликни, инсонларнинг энг яхшилари, энг яхши замон эгалари ва энг яхши авлод бўлиш даражасини тақдим этади.

Юқорида ўтган сўзлардан бизга ушбу силсиламизда борлиқдаги энг юксак, намуна олишга энг арзийдиган авлод билан муомала қилаётганимиз равшан бўлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтганидек: «Кимда-ким ўзига ўрнак-андоза олишни хоҳласа, вафот этган кишилардан андоза олсин. Чунки тирик жон борки, фитналанишдан омонда эмас».

Яъни биз орамизда яшаб турган кўплаб кишиларни ва буюк инсонларни кўрамиз. Лекин улардан қайсилари ҳақда собит қоладию яна кимлар ўзгариб, бошқа шахсга айланиб қолишини Аллоҳдан ўзгаси билмайди. Вафот этган кишини эса ҳақ устида кетганини аниқ биламиз, айниқса, саҳобалар авлодини. Шундан сўнг Абдуллоҳ ибн Масъуд: «Ана ўшалар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг асҳоблари бўлиб, улар бу умматнинг энг афзал кишилари эди» деди.

Ҳеч ким «бу одам ўзини мақтаяпти ёки улуғлаяпти» деган ўйга бормасин. Йўқ, у барча мусулмонлар билиши шарт бўлган ҳақиқатни сўзлаяпти. Агар буни англасалар, катта фойдага эришган бўладилар. Шунинг учун ҳам у кишига бу ҳақиқатни айтиш вожиб эди. Уни яшириш эса жуда муҳим бўлган илмни – саҳобаларни қадрлаш, улуғлаш ва уларни тўла-тўкис ҳурмат қилиш илмини яшириш саналар эди. Чунки улар намуна авлод ҳисобланадилар. Сўнгра Абдуллоҳ ибн Масъуд сўзида давом этиб, шундай дейди: «Улар қалблари энг пок, илмлари энг чуқур, сохталиклари энг кам кишилардир. Аллоҳ таоло уларни Ўзининг пайғамбарига ҳамроҳ қилиб, Ўзининг динига тиргак қилиб танлади. Уларнинг фазилатларини эътироф этинглар, уларнинг ортидан эргашинглар, қодир бўлганингизча уларнинг ахлоқлари ва юриш-туришларини маҳкам тутинглар. Зеро, улар тўғри ҳидоят йўли устида эдилар».

Шундай экан, Аллоҳнинг изни билан бизнинг ушбу тўплам-силсиламиздан кўзлаган мақсадимиз қандай қилиб саҳобалар каби бўлиш, қандай қилиб улар каби таълим олиш, қандай қилиб ҳақиқий мусулмон бўлиш, қандай қилиб Аллоҳ азза ва жаллага ҳақиқий иймон келтириш, қандай қилиб бу динни ҳақиқий фаҳм билан идрок қилишни ўрганишдан иборат. Саҳобаларнинг (розияллоҳу анҳум) ҳаётини ўрганиш Исломни ўрганиш, саҳобаларнинг йўлидан юриш жаннат йўлидан юриш, демакдир.

Аллоҳ азза ва жалладан бизларни жаннатнинг олий ўринларида улар билан Набиййимиз ва ҳабибимиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳамроҳлигида қовуштиришини сўраймиз.

[1] Бухорий 6695, Муслим 2535.

[2] Бухорий 3673, Муслим 2540.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг