Фатҳ ҳозирлиги
Султон Муҳаммад II Қустантинияни фатҳ этишни режалаштирар экан, ҳартомонлама пухта ҳозирлик кўрди. Қўшинни кўпайтирди, аскарлар сонини 250 000 (чорак миллион)га етказди. Бу адад ўша даврдаги давлатлар қўшини сонига таққослаганда жуда катта миқдор эди[1]. У шунингдек, кутилаётган ғоят оғир урушда ҳар қандай вазиятда бирдек жанг қила олишлари учун жангчиларни ҳар хил жанг услубларига ўргатишга ва қўшинни энг янги қурол-аслаҳалар билан таъминлашга ҳам алоҳида аҳамият берди. Аскарларнинг маънавий-руҳий ҳолатини кучайтиришга ва улар қалбида жиҳод руҳини уйғотишга муваффақ бўлди. Уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Қустантинияни фатҳ этадиган қўшин ҳақида айтган мақтовларини бот-бот эслатиб, ўша қўшин бўлиш бахти уларга насиб бўлиши мумкинлигини айтар, бу билан аскарларга маънавий қувват ва мислсиз шижоат бахш этар эди. Қўшин орасига олимлар ва воизлар ҳам киритилган эди, аскарларнинг азму қарорларини кучайтириш ва уларни Аллоҳ буюрганидек ҳақиқий жиҳодга ҳозирлашда уларнинг жуда катта таъсири бўлди.
Фотиҳ Султон Босфор (бўғоз)нинг энг торайган қисмида, Оврупа томонида Румели қалъасини қуришга қарор қилди. Бу қалъа бўғознинг Осиё томонида Султон Боязид даврида қурилган Онадўли қалъасининг том қаршисида тикланиши тутилган эди. Византия императори султоннинг бу ҳаракатларидан қаттиқ ташвишга тушди. У турли молиявий мажбуриятларни зиммасига олиш билан султонни қалъа қуриш ниятидан қайтаришга уринди. Бироқ уни бу қасдидан қайтара олмади. Чунки султон бу қалъа шу ўринда нақадар улкан ҳарбий аҳамиятга эга эканини жуда яхши биларди.
Шундай қилиб, баландлиги 82 метрга етган ўта мустаҳкам қалъа қад ростлади. Босфорнинг ёқасидаги эски Онадўли қалъаси билан Оврупа ёқасидаги янги қалъа орасини бор-йўғи 660 метр сувлик масофа ажратиб турарди. Бу икки қалъа кемаларнинг бўғоздан ўтишини назорат остида тутар, улардан отилган замбарак ўқи шарқ томондан, Қораденгизга қўшни давлатлардан, Трабзон қироллиги ва бошқа мамлакатлардан Қустантинияга келадиган ҳар қандай кемани тўхтатиб қолар, душман ёрдам кучлари етиб келишининг олдини олар эди[2].
Қурол-аслаҳа йиғишга эътибори
Фотиҳ Султон Қустантиния фатҳи учун зарурий барча турдаги қурол-аслаҳани йиғишга, хусусан, қалъа деворларини қулатишда ўта муҳим бўлган тўп-замбараклар қуйдиришга жиддий аҳамият берди. Можористондан шу ишнинг устаси деб ном чиқарган Урбан исмли муҳандисни махсус таклиф этди, унга молиявий ва моддий барча имкониятни яратиб берди, етарлича ишчи кучи ажратиб берди. Бу муҳандис бошчилигида “Шоҳи тўп” номи билан машҳур бир неча улкан тўп қуйилди. Ҳар бирининг оғирлиги бир неча тонна эди. Уларни тортиб юришга юзлаб кучли ҳўкизлар жалб этилди. Султон тўпларнинг қуйилишига шахсан ўзи бош-қош бўлди[3].
Денгиз кучларига аҳамият бериши
Фотиҳ Султон усмоний ҳарбий денгиз қўшинининг куч-қудратини оширишга ва уни ҳар хил кемалар билан таъминлашга ҳам жиддий аҳамият қаратди. Боиси, Қустантиния (Истанбул) денгиз бўйида жойлашган шаҳар бўлгани учун ҳарбий денгиз кучларисиз уни қамал этиш ва қўлга киритиш имкони йўқ эди. Айтишларича, бу иш учун тўрт юздан ортиқ кема ҳозирланган[4].
Бошқа давлатлар билан сулҳ тузиши
Фотиҳ Султон Қустантиния фатҳи олдидан барча куч фақат шу ҳужумга қаратилиши учун бошқа душманлари билан сулҳ келишувлари имзолади. Қустантиниянинг шарқий қўшниси, ўртани фақат Олтин Мугуз кўрфази ажратиб турувчи Ғалата амирлиги ҳамда бошқа қўшни амирликлар билан турли келишувларга борди. Бироқ Қустантинияга ҳужум бошлаган пайтда мазкур давлатлар ушбу келишувларга хиёнат қилиб, Қустантинияга мадад кучлари йўллади. Насронийлар ўз диндошларига ёрдам бериш учун султон билан тузилган келишувларни оёқости қилди.
Султон фатҳ ҳаракатини бошлаш учун сўнгги тайёргарлик ишларини олиб борар экан, Византия императори чиқмаган жондан умид қабилида уни аҳдидан қайтаришга яна бир бор ожизона уриниб кўрди: қимматбаҳо совға-саломлар йўллади, унга таъсир кўрсатишар деган умидда сарой аъёнларини ва султоннинг маслаҳатчиларини пора билан сотиб олишга ҳаракат қилди. Бироқ султон шаҳарни фатҳ этиш қарорида қатъий эди ва уни бу қароридан ҳеч нарса қайтара олмади.
Султоннинг қарори қатъийлигини билгач, энди Византия императори Оврўпа давлатларидан ёрдам чақиришга киришди. Табиийки, энг олдин католиклар мазҳаби бошлиғи Рим Папасидан мадад истади. Аммо Византия ҳудудидаги черковлар маркази Истанбулда бўлган православ (ортодаксал) черковига тобе бўлиб, католик черкови билан улар ўртасида кучли адоват бор эди. Византия императори Папанинг кўнглига йўл топиш учун унга тилёғламалик қилишга ўтди ва ўзи мансуб бўлган шарқий православ черковини Рим католик черковига тобе ўлароқ бирлаштиришга ҳозирлигини изҳор этди. Бироқ православ черкови мутасаддилари бу ишга рағбат кўрсатмади. Рим папаси Византия императорининг таклифига кўра Қустантинияга бир вакил юборди. У Аёсофия черковида Папа ҳаққига дуо билан хутба бошлади ва икки черковнинг бирлашганини эълон қилди. Бу эса шаҳардаги православ жамоасини ғазабга келтирди ва улар императорнинг католикларга ён беришига норозилик ҳаракатини бошлади. Ҳатто православ черкови пешволаридан бири: “Мен Византия диёрида лотинларнинг қалпоқларидан кўра туркларнинг саллаларини кўришни афзал санайман”, деган эди[5].
[1] Муҳаммад Фаридбек, “Тарихуд давлатил усмония” (161-бет).
[2] “Усмоний султонлар” (26-бет).
[3] “Ал-футуҳул исломия абрал усур” (361-бет).
[4] Солим Рашидий, “Муҳаммад Фотиҳ” (90-бет).
[5] Солим Рашидий, “Муҳаммад Фотиҳ” (89-бет).