16. Дафн қилиш учун баъзи жойларни хослашнинг фазилати собит бўлганми?
(Давоми)
Маккаи мушаррафага, Мадинаи набавияга, Байтул-Мақдисга ва Асқалон қабристонига ва булардан бошқа маконларга дафн этилиш фазилатли экани борасида ривоят қилинган ҳадисларнинг барчаси заифлик билан тўқималикнинг орасидадир.
Қуйида улардан баъзиларини келтириб ўтамиз:
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Энг аввал ундан ер (қабри) ёриладиган киши менман, сўнг Абу Бакр, сўнг Умар. Сўнг Бақеъ аҳлига келаман, улар мен билан маҳшарда жамланади. Сўнг Макка аҳлини кутаман, ҳаттоки икки ҳарам ўртасида ҳашр этиламан»[1].
“Бу ҳадис саҳиҳ эмас. Негаки, ҳар иккала ҳадиснинг санади Абдуллоҳ ибн Нофеъ деган ровийга бориб тақалади. Яҳё ибн Маъийн у ҳақда: «Нақл қилган ривояти ҳеч нарсага арзимайди», деган. Али ибн Мадийний: «Мункар ҳадисларни ривоят қилади», деган бўлса, Насоий: «Матрук», яъни ривояти тарк қилинадиган ровий деган. Қолаверса, ҳар иккала санадни Осим ибн Умар деган ровийгина ривоят қилган. Аҳмад ва Яҳё уни заиф санаган. Ибн Ҳиббон: «Унинг ҳадисини ҳужжат қилиш жоиз эмас», деган”[2].
Улардан яна бири: Ибн Шабба ва Ибн Забола Убай ибн Каъб Қуразийдан ривоят қилган ҳадис бўлиб, унда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бизнинг ушбу қабристонимизга дафн этилса уни шафоат қиламиз (ёки унинг ҳаққига гувоҳлик берамиз)», деганлар[3].
Ибн Забола ҳақида эса «матрук, унинг ҳадисини ҳужжат қилмасликка ижмо қилинган», дейилган[4].
Яна бир ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидагича ривоят қилинади: «Ҳажун ва Бақеъ атрофлари билан олинади-да, жаннатга сочиб юборилади».
Танқидчилар ушбу ҳадисни мавзу-тўқима деб ҳукм қилишган[5].
Улардан яна бирини Абдураззоқ Ибн Журайждан келтирган бўлиб, у шундай дейди: “Менга Иброҳим ибн Абу Хидош хабар беришича, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай деган экан: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам илк бор Мадинага келаётиб, қабристонга яқинлашганларида қўллари билан сариқлик ортига ишора қилиб: «Қандай ҳам яхши қабристон», дедилар. Шунда менга буни айтиб бераётган одамдан: «Бу билан дарани назарда тутдиларми?» деб сўрадим. У: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларининг рўпарасидаги дара ҳақида мана шундай айтганлари ҳақида эшитганмиз”, деди[6].
Бу ҳадиснинг санади заифдир.
«Баззор айтади: Бу ҳадисни ушбу лафзлар билан фақат мана шу шаклга кўра биламиз, холос. Ибн Абу Хидош эса Макка аҳлидан бўлиб, Ибн Журайждан бошқаси ундан ҳадис ривоят қилганини билмаймиз»[7].
Улардан яна бирини Баззор Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким Байтул-Мақдисда ўлса бамисоли самода ўлгандек бўлади»[8].
Бу ҳадис эса тўқимадир[9].
(Давоми бор)
[1]Термизий ривоят қилган (4024) ва: «Бу ғариб ҳасан ҳадис бўлиб, ҳадис аҳлининг наздида Осим ибн Умар Ал-Умарий ҳофиз эмас», деб айтган.
[2]Ибн Жавзий, «Ал-илалул мутаноҳия фил аҳадийсил воҳия» (2/914-915, 1527, 1528-рақамли ҳадислар). Ҳадисни Шайх Албоний ҳам «Ас-силсила аз-заифа»да (6/508, 2949-рақам) заиф санаган.
[3]Ибн Шабба, «Ахборул Мадина Ан-набавийя» (1/98).
[4]«Ал-истизкор» (7/236).
[5]Қаранг: Зайлаий, «Тахрижу аҳодийси тафсирил кашшоф» (1/199);
Али Ал-Қорий, «Ал-маснуъ фи маърифатил ҳадисил мавзуъ» (71-бет, 108-рақам);
Муҳаммад Амир Моликий «Ан-нухбатул баҳийя фил аҳодисил макзубати ала хойрил барийя» (52-бет, 105-рақам);
Шавконий, «Ал-фавоидул мажмуъа фил аҳодийсил мавзуъа» (129-бет, 29-рақам).
[6] Абдураззоқ (6734) ва Имом Аҳмад (3472) ривоятлари.
[7] Ҳайсамий, «Кашфул-астор ан завоидил-Баззор” (1179).
[8] «Кашфул-астор» (810).
[9] Ибн Жавзий, «Китобул-мавзуот» (2/605).