Жума боби (3)

0

Бир юз ўттиз иккинчи ҳадис

 

عَنْ جَابِر بْنِ عَبْدِ الله رَضيَ الله عَنْهُمَا قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ وَالنّبيُ صلى الله عليه وسلم يَخطبُ النَّاسَ يَوْمَ الجُمُعَةِ فَقَالَ: أصَلَّيْتَ يَا فلاَنُ؟ قال: لا، قَالَ: “قُمْ فَارْكَع رَكْعَتَيْن“. وفي رواية “فَصَلِّ رَكْعَتَين“.

Жобир ибн Абдуллоҳдан (разияллоҳу анҳумо) ривоят қилинади: «Жума куни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) хутба қилиб турганларида бир киши (масжидга кириб) келди. У зот: Эй фалончи, намоз ўқидингми?” дедилар. У: “Йўқ”, деб жавоб берди. “Тур, икки ракаат намоз ўқи”, дея буюрдилар» (Бухорий, 930 ва Муслим, 875).

Шарҳ

Сулайк Ғатафоний (разияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз масжидларига кирганда Набий (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларга хутба қилаётган эдилар. Хутбага қулоқ солиш учун ўтирди. Таҳийятул масжид намозини ўқимади. Набий (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларга хутба қилиб турганларига қарамай, таълим бериш мақсадида Сулайкка юзланиб: “Эй фалончи, масжидга киргач, намоз ўқидингми?” деб сўрадилар. “Йўқ”, дея жавоб берди. “Туриб икки ракаат намоз ўқи”, дедилар.

Ушбу сўзларни кўпчилик олдида айтишларидан мақсад саҳобийга ўз ўрнида таълим бериш, бу барчага тегишли умумий ҳукм эканини билдириш ва келган одамлар орасида кенг тарқалиши эди.

Уламолар ихтилофи

Имом хутба қилиб турган пайтда масжидга кирган киши таҳийятул масжид намозини ўқийдими ёки ўтириб имомга қулоқ соладими? Бу борада уламолар турли фикр билдирган.

Имом Шофеий, Имом Аҳмад ва муҳаддис олимлар: “Бу ҳолатда таҳийятул масжид намозини ўқийди”, деб айтишган. Ўз фикрларини қўллаб-қувватлаш учун мазкур ҳадисни ҳамда “Бирортангиз жума куни имом хутба қилаётган вақтда (масжидга) келса, икки ракат намоз ўқисин”,[1] ҳадисини далил қилиб келтиришган.

Имом Абу Ҳанифа ва Имом Моликнинг фикрига кўра, хутба пайтида масжидга кирган киши намоз ўқимай, ўтириб хутбани тинглаши лозим.

Уларнинг далиллари қуйидаги оят ва ҳадис.

Қачон Қуръон қироат қилинса, унга қулоқ тутингиз ва жим турингиз” (Аъроф сураси 204-ояти маъно таржимаси). Оятда Аллоҳ таоло Қуръон оятлари ўқилганда жим қулоқ солишга буюрмоқда. Маълумки, хутба асносида оятлар ўқилади. Демак, хутба пайтида қулоқ солишдан бошқа иш билан шуғулланиб бўлмайди.

Имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайрадан (разияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Жума куни имом хутба қилаётганда шеригингга: “Жим эшит”, десанг, дарҳақиқат, беҳуда гап айтибсан[2].

Биринчи фикр эгалари юқоридаги оят хусусида бир қанча жавоблар беришган. Жумладан, “Оятда айтилган Қуръон қироатидан хутба кўзда тутилган деб фараз қилсак ҳам, бу буйруқ умумий ҳукмни билдиради. Яъни хутба пайтида унга қулоқ солишни, бошқа бирон иш қилиш жоизмаслигини англатади. Биз келтирган икки ҳадис эса бу умумий ҳукмни хословчи бўлиб, таҳийятул масжид намозини бундан чиқаради. Шунингдек, ушбу икки ҳадис хутбага қулоқ солишга буюрувчи ҳадисларни ҳам хослаб, таҳийятул масжид намозини буйруқдан истисно этади”.

Имом Абу Ҳанифа ва Имом Молик таҳийятул масжид намозини хутба пайти бўлса ҳам, ўқиш кераклиги очиқ айтилган ҳадисларга амал қилмаслик ҳақида айтган жавоблари қониқарсиз, мазкур саҳиҳ хабарларга амал қилмасликка етарли эмас.

Нававий (раҳимаҳуллоҳ) “Саҳиҳи Муслим” китобига ёзган шарҳида “Бирортангиз жума куни имом хутба қилаётган вақтда (масжидга) келса, икки ракаат намоз ўқисин”, ҳадисини изоҳлаб шундай дейди: “Ҳадис таҳийяти масжид намозини ўқиш лозимлигига очиқ далил. Уни бошқа маънога таъвил қилиб (буриб) бўлмайди. Бирон олимга ушбу ҳадис етиб борса-ю, уни саҳиҳ деб билса, унга хилоф иш тутади деб ўйламайман” .

Ҳадисдан олинадиган фойдалар

  1. Шариатимиз имом жума намозидан олдин иккига бўлиб хутба қилишини жорий қилган. Улар жума намозининг шиорларидан. Бажармаса бўлмайди.

  2. Икки ракаат таҳийяти масжид намози шариатимизда таъкидлаган мустаҳаб амал. Далили – Набий (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) хутба қилинаётган пайтда ҳам уни ўқишга буюрганлар.

  3. Масжидга кирган киши намоз ўқимай оз муддат ўтириши таҳийятул масжид намозининг вақтини ҳам, суннатлик (мустаҳаблик) даражасини ҳам кетказмайди. Сулайк масжидга киргач, намоз ўқимасдан бир муддат ўтиришига қарамай, Набий (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни туриб намоз ўқишга буюрганлари шунга далолат қилади.

  4. Эҳтиёж туғилса, имом хутба асносида намозхонлардан бирига гапириши, намозхон ҳам жавоб қайтариши жоиз.

  5. Набий (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) қай ҳолатда бўлмасинлар, хато ишни кўрсалар, унга жим қараб турмасдилар.

  6. Хутба пайтида кириб келган одам икки ракаатдан ортиқ намоз ўқимаслиги керак. Чунки у имомнинг хутбасини тинглашга буюрилган.

[1] Бухорий, 1170 ва Муслим, 875.
[2] Бухорий, 934 ва Муслим, 851.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг