Буюк имомларга қаратилган маломатларни бартараф этиш (10)

0

Кейин у (ҳадислар) иккига – далолати қатъий ҳадис ва далолати қатъий бўлмаган зоҳир ҳадисга бўлинади:

1) далолати қатъий ҳадис санади ҳам, матни ҳам қатъий бўлган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни айтганларига ва у билан айни шу маънони кўзда тутганларига аниқ ишонилган ҳадисдир. У ҳадис тақозо этган нарсага амал қилиш вожиб. Бу ҳақда уламолар ўртасида ҳеч қандай хилоф йўқ. Фақат баъзи хабарлар хусусида санади қатъийми, қатъий эмасми, далолати қатъийми, қатъий эмасми, деган ихтилофлар бор. Мисол учун, уммат қабул этиб, тасдиқлаган ёки унга амал қилишга иттифоқ қилган хабари воҳид (бир кишининг ёки озчиликнинг хабари) ҳақидаги ихтилофлар шу жумладан. Кўпчилик фуқаҳо ва мутакаллимлар (яъни илми калом аҳли) наздида хабари воҳид илмни ифодалайди, мутакаллимлардан баъзи тоифалари фикрича эса, илмни ифодаламайди.

Шунингдек, бир-бирини тасдиқлайдиган бир неча йўл билан, махсус кишилардан ривоят қилинган хабар (ҳадис) ўша йўлларни ва ўша хабар берувчиларнинг ҳолини ҳамда хабар атрофидаги қарина (далил-исбот)ларни билган одам учун яқийн (аниқ, қатъий) илмни ифодалайди, у маълумотларни билмаган кишида эса бу хабар хусусида яқийн илм бўлмайди.

Шунинг учун ҳадис илмида забардаст ва шу соҳада чуқур илмга эга бўлган уламолар баъзи хабарлар (ҳадислар) ҳақида тўла ишончга эга бўлгани ҳолда бошқа уламолар нафақат уни тўғри деб билади, ҳатто тўғри эканини ўйламайдилар ҳам. Бунинг сабаби, хабар (ҳадис) гоҳо хабар берувчиларнинг кўплигидан, гоҳо уларнинг сифатларидан, гоҳо уни етказиш услубидан, гоҳо хабар берилган кишининг уни идрок этишидан, гоҳо хабар берилган ишнинг ўзидан келиб чиқиб илмни ифода қилади. Баъзан оз сонли кишиларнинг хабарлари ҳам – уларнинг диёнатлари, ёлғон гапириш ё хато қилиш борасида шубҳага ўрин қолдирмайдиган кучли ҳофизалари туфайли – илмни ифодалайди, улардан бир неча баробар кўп бўлган кишиларнинг хабарлари эса баъзан илмни ифода қилмайди. Бу нарса мутлақ ҳақиқат бўлиб, жумҳур фуқаҳою муҳаддисларнинг ва бир неча мутакаллим тоифаларнинг сўзларидир.

Баъзи  мутакаллим тоифалар ва айрим фуқаҳолар фикрига кўра, бир масалада неча адад кишининг хабари илмни ифода қилган бўлса, бошқа ҳар қандай масалада ҳам шунча ададдаги кишининг хабари илмни ифода қилади. Бу қатъиян ботил сўздир, лекин ҳозир бу ҳақда сўз юритиш мавриди эмас.

Биз хабар билан илм ҳосил бўлишида хабар берувчилардан ташқаридаги қариналарнинг (қўшимча далилларнинг) таъсири ҳақида сўз юритмадик. Чунки бу қариналар гоҳо хабардан ажраган ҳолда ҳам илмни ифода қилади. Қарина гоҳо ўзи мустақил равишда илмни ифода этса, хабар унга тобе қилинмагани каби, у ҳам хабарга мутлақо тобе қилинмайди. Ҳар иккиси ҳам гоҳо илмга, гоҳо зонга (гумонга) олиб борадиган йўл бўлади.

Баъзан ҳар иккисидан ҳам илмни вожиб (ҳосил) қиладиган нарса жамланиб қолади, ёки биридан илмни (аниқ билимни), иккинчисидан зонни (аниқ бўлмаган билимни) вожиб (ҳосил) қиладиган нарса жамланиб қолади.

Хабарларни яхши билувчи ҳар бир киши уларнинг тўғрилигини узил-кесил айтиши мумкин, унинг даражасида бўлмаган киши бундай деб айтолмайди.

Гоҳо далолатнинг қатъийлиги хусусида ихтилоф қиладилар, бу эса, ушбу ҳадис насми ё зоҳирми, агар зоҳир бўлса, унда маржуҳ (кучсиз) эҳтимолни рад қиладиган нарса борми, йўқми, деган ихтилофларидан келиб чиқади. Бу ҳам жуда кенг қамровли мавзудир.

Гоҳо уламолардан баъзилари ҳадисларнинг бошқалар қатъий айтолмайдиган далолатини аниқ айтиб беради, чунки у ҳадис мана шу маънодан бошқасини ўз ичига олмаслигини ёки унга бошқача маъно бериш мумкинмаслигини ёки бошқа далилларни билади;

2) далолати қатъий бўлмаган зоҳир ҳадис. Мўътабар уламолар иттифоқига кўра, шаръий ҳукмларда унга амал қилиш вожиб бўлади. Агар у ваъид (яъни қўрқитув, огоҳлантирув) ва шунга ўхшаш илм билан собит бўлган ҳукмни ўз ичига олган бўлса, у ҳақда ихтилоф қилганлар. Бир неча тоифа фуқаҳолар фикрича, адолатли бир кишининг хабари агар бир ишни қилишга бўлган ваъидни ўзи ичига олган бўлса, ўша ишни ҳаром санашда унга (яъни хабари воҳидга) амал қилиш вожиб саналади, ваъидда хабарга амал қилиш учун далолат қатъий бўлиши лозим. Агар матн қатъий, бироқ далолат зоҳир бўлса, бунда ҳам гап шу. Ойша розияллоҳу анҳонинг: «Зайдга етказиб қўй, агар у тавба қилмаса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қилган жиҳодини бекорга чиқарибди»[1], деган сўзларини шунга ҳамл (таъвил) қилиб айтишадики: «Ойша ваъидни зикр қилди, чунки у ҳақда илми бор эди, биз ушбу ваъидни (яъни жиҳоди бекор бўлди деган сўзни) айтмасак-да, (Зайд қилган ишни) ҳаром санашда Ойшанинг хабари бўйича амал қиламиз, чунки ҳадис бизнинг наздимизда хабари воҳид билан собит бўлган».

Бундай деювчиларнинг ҳужжати шуки, ваъид амалий ишлардан бўлиб, у фақат илмни ифода қиладиган хабар билан собит бўлади. Бундан ташқари, агар бир иш-феълнинг ҳукмида ижтиҳод қилинган бўлса, уни қилувчига ваъид етмайди. Уларнинг сўзларига кўра, феълларни ҳаром санашда ваъид ҳадисларини мутлақ ҳужжат қилинади, ваъид эса қачонки уларнинг далолатлари қатъий бўлсагина собит бўлади.

Кўпгина уламоларнинг саҳиҳлиги баъзи саҳобалар тарафидан собит бўлган, бироқ Усмон розияллоҳу анҳунинг мусҳафида бўлмаган қироатларни[2] ҳужжат қилишлари шу йўсинда бўлган. Чунки у амал ва илмни ўз ичига олган саҳиҳ хабари воҳид эди. Амални исбот (эътироф) этишда уни ҳужжат қилдилар, лекин Қуръон деб исбот (эътироф) қилмадилар, чунки бу фақат яқийн (қатъий, аниқ илм) билан собит бўладиган илмий ишлардан эди.

[1] Абдураззоқ «Мусаннаф»да (14812), Дорақутний «Сунан»да (3/52), Байҳақий «Ал-кубро»да (5/330) ривоят қилганлар. Яъни бир аёл Ойша розияллоҳу анҳога: «Мен Зайд ибн Арқамга қулимни саккиз юз дирҳамга насияга сотдим ва олти юз дирҳам нақдга қайта сотиб олдим», деганида Ойша розияллоҳу анҳо унга шундай деганлар (Изоҳ ва қавс ичидаги сўзлар таржимонга тегишли).

[2] Мисол учун, Имом Бухорий «Саҳиҳ»да (3401) Саид ибн Жубайрдан ривоят қилишича, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай қироат қилган экан: «Уларнинг ортида барча яроқли кемаларни талон-торож қилиб, тортиб олаётган бир подшоҳ бор эди. Ҳалиги бола эса кофир, ота-оналари эса мўмин эдилар» (Каҳф сураси, 79-80-оятлар) [Изоҳ ва таъкид таржимонники].

Изоҳ қолдиринг