Иккинчи баҳс: Аҳли суннат уламолари охирзамон фитна ва қирғинлари ҳақидаги хабарларга муносабат билдиришда тутган йўли.
Бу баҳс муқаддима ва уч мавзудан иборат.
Муқаддима
Охирзамон фитна ва қирғинларига оид бирон хабар келса ва аҳли суннат ва жамоат уламолари унинг саҳиҳ эканига амин бўлишса, унга бирон нарса қўшмасдан ёки камайтирмасдан, маъносини бузмасдан, ўзгартирмасдан Аллоҳ таоло ва Расули кўзлаган маънога мувофиқ тушунишга ҳаракат қилишади. Кўпинча, улар охирзамон фитна ва қирғинларига оид хабарни тушуниш натижасида маъно-мазмунига қараб, уни бир қанча турларга: иймон келтириладиган хабар ё амал қилинадиган буйруқ ё тийиладиган қайтариққа ажратишади.
Гоҳида далилга амал қилиш учун уни воқеликка татбиқ этиш талаб этилади. Бу ҳолатда улар ушбу масалада риоя этилиши керак бўлган шаръий қонун-қоидаларга таяниб ижтиҳод қилишади.
Келгуси уч мавзуда аҳли суннат уламолари охирзамон фитна ва қирғинлари ҳақидаги хабарларга муносабат билдиришда тутган мазкур йўли баён этилади.
Биринчи мавзу: Аҳли суннат уламолари охирзамон фитна ва қирғинлари ҳақидаги далилларни тушунишда тутган йўли.
Аҳли суннат уламолари охирзамон фитна ва қирғинлари ҳақида келган далилларни тўғри тушунишда қуйидаги еттита ишга аҳамият қаратишади.
Биринчиси: охирзамон қирғинларининг ҳар бирига тегишли далилларни жамлаш
Аҳли суннат ва жамоат уламолари Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган барча сўзлари ҳақ бўлиб, бири иккинчисини тасдиқлайди, деб эътиқод қилишади[1] ва муайян бир масалага оид саҳиҳ ривоятларни жамлаш Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу масалада айтган барча сўзларини билишга олиб боради, деб билишади. Бу эса ўз навбатида сиз моҳиятини билмоқчи бўлган ҳодиса ҳақида сизда тўғри, тўла ва мукаммал тасаввур пайдо қилишга ёрдам беради[2].
Демак, фитна ҳақида нақл қилинган ҳадисларни тўғри ўқиш учун у ҳақда келган ривоятларни жамлаш ва бир мавзудаги ривоятларни бир сиёқда (йўналишда) тушуниш талаб этилар экан[3]. Бу эса охирзамон қирғинига тегишли бир ҳодисанинг барча мазмунини тўлиқ билиш учун у ҳақда келган бир ҳадиснинг барча санади-ю, ривоятларини жамлаш, уларни бир-бири билан изоҳлаш, мутлақ келганини муқайяди билан хослашни тақозо қилади[4].
Иккинчиси: далилларда келган шаръий сўзни қўллашда чекланиш
Шаръий истилоҳ-терминларни қўллаш аҳли суннат ва жамоат уламоларини бошқа ҳавои нафсига эргашган ва бидъатчи фирқалардан ажратиб турадиган сифат саналади. Агар шариатимиз мақсадини муайян бир сўз билан таъбир қилса, ушбу танланган сўзни ишлатиш ҳамда уни ўзгартиришдан ёки бошқасига алмаштиришдан тийилиш вожиб бўлади[5].
Улар тутган мазкур йўл тўғри эканига Баро ибн Озибнинг[6] ҳадисида келган воқеа далил бўлади. Баро розияллоҳу анҳу айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар тўшагингга ётмоқчи бўлсанг, намозга таҳорат олгандек таҳорат ол, сўнг ўнг томонингга қараб ёт. Сўнг: “Аллоҳумма асламту важҳий илайка ва фаввазту амрий илайка ва алжаъту зоҳрий илайка роғбатан ва роҳбатан илайк, лаа малжаа ва лаа манжа минка иллаа илайк, Аллоҳумма аманту бикитаабикал-лазий анзалта ва бинабиййикал-лазий арсалта”. Бу дуолар охирги айтган сўзларинг бўлсин, агар шу кеча вафот этсанг, фитрат – Исломда вафот этган бўласан”, дедилар. Мен бу дуоларни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга қайта ўқиб бердим. “Аллоҳумма аманту бикитаабикал-лазий анзалта”, деган жойини ўқиб бўлгач: “ва биросуликал-лазий арсалта”, дея, “набий”ни ўрнига “росул” сўзини айтдим. Шунда у зот: “Йўқ, ундай эмас. “ва бинабиййикал-лазий арсалта”, дегин” дедилар»[7].
Дуо маъноси: “Эй Аллоҳ, юзимни-ўзимни Сенга таслим этдим. Сенинг савобингни умид этиб, азобингдан қўрққан ҳолда ишимни Сенга топширдим ва Сенга суяндим. Сендан қочсам ҳам барибир Ўзингга қайтиб бораман. Нозил этган китобингга, юборган набиййингга иймон келтирдим”.
Охирзамон қирғинлари масаласида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирзамонда мусулмонлар билан насронийлар ўртасида бўладиган катта урушни “Малҳама” деб атаганлар. Бироқ мазкур малҳама ҳақида ёзган баъзи одамлар уни ҳармажаддон (армагеддон) деб номлашган. Ҳолбуки, бу насронийлар муайян бир урушга қўйган ном бўлиб, айримлари даъво қилишича, бу уруш мусулмонларнинг заволидан дарак берар экан[8].
Мусулмон одам Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ишончли йўллар орқали нақл қилинган собит сўзни қандай қилиб бошқалардан кириб келган асоси йўқ сўзга алмаштириши мумкин?!
(Давоми бор)
[1] Қаранг: Ибн Ҳазм, “Муҳалло”, (3\142-143).
[2] Қаранг: Абул Фатҳ “Иҳкомул-аҳком”, (1\117), Ироқий, “Тарҳут-тасриб”, (4\115, 105 ва 7\169), Суютий, “Шарҳу сунани Насоий”, (3\81) ва Бозмул, “Мавқифул муслим минал-фитан”, (18-бет).
[3] “Мавсуату аҳодисул-фитан ва ашротис-соа”, (10).
[4] Қаранг, “Ал-жомеъ ли ахлоқир-ровий ва одобис-сомеъ”,(2\212) ва”Фатҳул Борий”, (6\548 ва 11\275).
[5] Қаранг: “Эъломул-муваққеийн”, (6\65), “Мадорижус-соликийн”, (3\99) ва “Маолиму ва манаротун фи танзийли аҳодисил-фитан”, (110-115).
[6] Тўлиқ исми Баро ибн Озиб ибн Ҳорис Хазражий. Куняси Абу Умора. Ёшлигидаёқ Исломга кирган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўн бешта ғазотда қатнашган. Биринчи ғазоти Хандақ эди. Ҳижрий 71 йилда вафот этган. Қаранг: Ибн Ҳиббон, “Ас-сиқот”, (3\26), “Истийъоб”, (1\239), “Сияру аъломин-нубало”, (3\194-196) ва “Таҳзибут-таҳзиб”, (1\388-389).
[7] Бухорий, 247 ва Муслим, 2710.
[8] Мазкур китобнинг 371, 386 ва 387-бетларига қаранг (арабча матни назарда тутилган).