Муҳаддислар амири – Имом Бухорий (1)

0

Муҳаддислар амири – Имом Бухорий

Ислом Аллоҳ таоло ер юзида бандаларига танлаган охирги дин бўлгани боис уни қиёматгача сақлаб қолишни ўз зиммасига олган. Шунинг учун ҳам бу динни – Қуръон ва суннатни ҳимоя қиладиган олимларни чиқариб қўйди.

Суннат ислом қонуншунослигининг иккинчи унсуридир. Суннат Қуръондаги мужмал, мутлақ ва умумий ҳукмларнинг муфассал, муайян ва махсус ўринларини баён қилиб беради. Қолаверса, суннатда Қуръонда айтилмаган ҳукмлар ҳам бор. Шунинг учун ҳам илмнинг қадрини билган улуғ олимлар ҳадисларни ёзиш, уларни саҳиҳ ва заифга ажратиш учун умрларини бағишлаганлар. Улар бу йўлда бор кучларини сарфлаб, ўзлари учун азиз бўлган барча нарсани, ҳатто жонларини ҳам фидо қилганлар. Ҳадис илмини сақлаб қолиш учун араблар ҳам, ажамлар ҳам тенг ҳисса қўшдилар.

Биз шу ўринда муҳаддислар амири, улуғ аллома имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийга тўхталиб ўтмай иложимиз йўқ. У Қуръондан кейинги энг саҳиҳ китобнинг муаллифидир. Унинг китоби барча мусулмонларнинг қалбида иззат-эҳтиромга сазовор бўлган. Ҳаттоки бу китоб бир замонлар масжидларда Қуръон каби тиловат қилинар эди. Бухорий ўз китоби ҳақида: “Мен Саҳиҳ китобига ғусл қилиб, икки ракаат намоз ўқимасдан бирорта ҳам ҳадис ёзмадим”, “Саҳиҳни ўн олти йил мобайнида ёздим ва уни Аллоҳ билан ўртамдаги ҳужжат қилдим” – деган.

Тарихда Бухорийдек зеҳнли ва ривояти аниқ, имкониятлар оз бўлишига қарамай сабр билан изланган муҳаддис йўқ. Бухорий нафақат замондош шериклари ва устозларидан, балки ажам бўлишига қарамай, бутун араблардан ҳам ўзиб кетди.

Бухорий ва солиҳа она тарбияси

Бухорий ҳижрий 194 йил 13 шаввол жума куни Бухоро шаҳрида таваллуд топди. Оиласи диний сабоқларни боболари Муғийра ибн Бардазбадан олишган эди. Чунки Бухорийнинг боболаридан биринчи бўлиб Муғийра исломни қабул қилган. У Бухоро амири Ямон Жуъфийнинг қўлида исломни қабул қилгани учун Бухорийнинг оиласи “Жуъфийлар” дейилар эди.

Аллоҳ таолонинг тақдири экан, Бухорийнинг отаси вафот этиб, ёш етим қолди ва онасининг қарамоғида тарбия топди. Барча муслима оналар, хусусан, бева аёллар бола тарбияси қандай бўлишини, умматни ривожи учун аёл киши қандай жиҳод қилиш кераклигини кўриб қўйсинлар!

Бухорийнинг ёшлиги бошқа болаларникидан фарқли эди. У ёшлигида кўзидан ажралиб қолди. Лекин унинг солиҳа онаси Аллоҳдан умидини узмай, кечаю кундуз илтижо қилиб, ўғлига кўриш неъматини қайта ато этишини сўрар эди. Аллоҳ таоло унинг дуоларини қабул қилди. Бир куни тушида Иброҳим алайҳиссалом унинг олдига келиб: “Эй аёл! Сен кўп дуо қилганинг учун Аллоҳ таоло ўғлингга кўриш неъматини яна бир бор ато этди” – деди. Онаси Аллоҳга қаттиқ боғлангани учун ва боласининг ҳаққига қилган дуосининг баракасидан ўша куннинг тонгидан бошлаб Бухорийнинг кўзи яна кўра бошлади.

Бухорий ёшлигиданоқ заковатли эди. Аллоҳ таоло унга мисли кўрилмаган зеҳн ато этди. Унинг зеҳни бир мўжиза эди.

Онаси унга янада эътибор бериб, таълим-тарбияни ўз зиммасига олди.  У Бухорийни илмга қизиқтирар эди. Бухорий ҳаққоний, яхши хулқли, илмсевар ҳамда тақводор бўлиб улғайди. У ўн ёшга кирмай Қуръонни ёд олди ва муҳаддис шайхлардан таълим ола бошлади.

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим шундай дейди: “Мен Абу Абдуллоҳдан (Бухорийдан) сўрадим:

– Ҳадис ёдлашни қандай бошлагансиз?

– Мактабдалик чоғимдаёқ менда ҳадис ёдлашга қизиқиш бор эди.

– Ёшингиз неччида эди?

– Тўққиз-ўн ёшда эдим. Ўн ёшимда мактабни тугатдим ҳамда Дохилий ва бошқа шайхлардан дарс ола бошладим. Дохилий бир куни дарсида: “Суфён Абу Зубайрдан, у эса Иброҳимдан ривоят қилган” – деди. Шунда мен унга: “Абу Зубайр Иброҳимдан ривоят қилмаган” – дедим. У эса мени уришиб берди. Мен: “Китобингизнинг асл нусхасига қаранг” – дедим. У уйга кириб, китобга қараб чиқди ва менга: “Ҳой бола, асли қандай бўлиши керак?” – деди. “Зубайр ибн Адий Иброҳимдан ривоят қилган” – дедим мен. Шунда мендан қаламни олиб китобини тўғрилаб қўйди ва: “Тўғри айтган экансан” – деди.

– Унга раддия берганингизда неччи ёшда эдингиз?

– Ўн бир ёшда эдим.

Бухорий ўн олти ёшида Ибн Муборак, Вакеъ ва бошқа муҳаддисларнинг китобларини, ўспирин чоғидаёқ бир неча минг ҳадисларни ёдлаган эди. Ўша вақтларда Бухоро илм марказларидан бири бўлиб, у ерда кўплаб ҳадис ва фиқҳ дарслари бўлар эди.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг