Ҳаром амаллар: Ёлғон ишлатиб, болани отаси бўлмаган одамга тиркаш ҳамда ўз фарзандидан тониш

0

Шариат бўйича мусулмон одам ўз отасидан ўзгани ҳақиқий отам дейиши ёки ўзига тегишли бўлмаган қавм (миллат)га қўшилиб олиши мумкин эмас. Баъзи кишилар иқтисодий манфаатни кўзлаб, расмий ҳужжатда ўзлари учун қалбаки насабни қайд эттириб олади. Гоҳида ёшлигида ташлаб кетган отасига жаҳл қилиб ҳам шундай ишга қўл урадилар, ваҳоланки, бунинг бари ҳаромдир. Бу иш маҳрамлик, никоҳ, мерос олиш каби соҳаларда фасодга ва ёмон оқибатларга олиб келади.

Саҳиҳ ҳадисларда саҳобалар Саъд ва Абу Бакра рaзияллоҳу анҳумолардан Пайғамбаримиз Муҳаммад сaллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзлари ривоят қилинган: “Ким ўзи билиб туриб ўзгага (бегонага) фарзандликни даъво қилса, жаннат унга ҳаромдир” (Имом Бухорий ривояти).

Насл-насабни аралаштириб юбориш ёки уни қалбакилаштиришнинг ҳар қандай кўриниши шариатда ҳаромдир.

Баъзи эрлар хотини билан жанжаллашганда ўчакишиб, уни бузуқликда айблайди ва пушти камаридан бўлган фарзандидан ҳеч қандай далил-исботсиз воз кечади. Шундай хотинлар борки, эрларига хиёнат қилиб, бегонадан ортирган болани эрига тиркаб юборади. Ахир Пайғамбар сaллаллоҳу алайҳи ва саллам улуғ саҳобий Абу Ҳурайра рaзияллоҳу анҳу ривоят қилган қуйидаги ҳадисда бу каби ишлардан қаттиқ кайтарганлар: “Қайси аёл бир қавмга улардан бўлмаган болани қўшиб юборса, Аллоҳдан ҳеч нарсага эга бўла олмайди ва ҳеч қачон Аллоҳ уни жаннатга киргизмайди. Ва қайси бир эркак ўз фарзандидан билиб туриб юз ўгирса, Аллоҳ ҳам ундан юз ўгиради ва аввал-у кейин ўтган (уммат)ларнинг олдида шарманда қилади” (Абу Довуд ривояти).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг