Муслима аёлнинг бирламчи вазифалари (12)

0

Иймон тушунчаси остига қуйидагилар киради: Аллоҳни эслаганда қалбнинг титраши, У Зотнинг зикри ва китобини тинглаганда хушуъ ичра туриш, бу билан иймон зиёда бўлиши, Аллоҳ азза ва жаллага таваккул рўёбга чиқиши, махфию ошкор ҳолатларда Аллоҳдан қўрқувда бўлиш, Аллоҳни Раб, Исломни дин, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳнинг элчиси дея рози бўлиш… Аллоҳ ва Расулини бошқалардан кўра кўпроқ яхши кўриш, Аллоҳ йўлида муҳаббат қўйиб, Аллоҳ йўлида ёмон кўриш, Унинг йўлида сарф этиб, Унинг йўлида ман қилиш… Яна барча ҳаракатлару сукунатлар, очиқкўнгилликлар мол ва жон итоат қилган ҳолда бўлиши, яхши-савоб ишлар билан хурсанд бўлиш ва ёмон-гуноҳ ишлар сабабли сиқилиб, хафа бўлиш, мўминларни афзал кўриш.

Ва яна ҳаё ҳамда ҳусни хулқнинг кўпайиши, ўзига раво кўрган нарсани мўмин биродарлари учун ҳам соғиниш, мўминларга, хусусан, қўшниларга юпанч, далда бўлиш, мўминларга тиргак бўлиб, уларга ёрдам бериш ва уларни хафа қилган нарса сабабли маҳзун бўлиш[1].

Аллоҳга бўлган иймонни қалбига мустаҳкам жо айлаган киши Аллоҳнинг изни билан нажотга элтадиган озуқани кафолатлаб олган бўлади. У озуқа эса, қалбларни тўғри йўлга етакловчи бўлган тақводир.

Тақвонинг самараларидан бири ҳақни ҳақ деб, ботилни эса ботил деб кўрабилишдир.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло шундай дейди: Эй (Аллоҳ ва Расулига) иймон келтирган (ва Унинг шариатига амал қилган) кишилар, агар Аллоҳдан (Унинг буйруқларини қилиш ва қайтариқларидан тийилиш билан) тақво қилсангиз, У сизлар учун ҳақ билан ботил ўртасини ажратадиган ажримни қилиб бергай, сизларнинг ўтган гуноҳларингизни ўчиргай ва (ўша гуноҳлар сабабли) сизларни жазога тортмагай. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат эгасидир (Анфол сураси, 29).

Шундай қилиб, Аллоҳдан тақво қилиш мўмина аёлни Аллоҳга итоатли, Унга осий бўлмайдиган, шукр этадиган, нонкўрлик қилмайдиган аёлга айлантиради.

Агар, ногоҳ ҳавою истаклар ғолиб келиб ёки ғафлат босиб, ҳақиқатни тўсиб қўйгудек бўлса, тақвоси уни яна ўзига келтиради. Ва қилмиши учун Аллоҳдан мағфират сўраб, У Зотнинг буюк ҳидоятига қайтади. Аллоҳ азза ва жалла айтади: (Бандалари орасидан) Аллоҳдан қўрқадиган, (Унинг фарзларини адо этиш ва қайтариқларидан тийилиш билан Унинг азобидан сақланадиган) тақводор зотларга шайтондан васваса етгудек бўлса, улар дарҳол (Аллоҳ таоло ўзларига фарз қилган тоат-ибодат ва тавбани) эсга оладилар. Қарабсизки, улар онгли (равишда Аллоҳнинг маъсиятидан тийилишади, Унинг амру фармонларини тутишади ва шайтонга итоатсиз) бўлишади (Аъроф сураси, 201). Яра газак олиб, надомат соати келиб қолишидан илгари ўзига келиб, тийиладиган бўлади. Тақво ва салоҳиятга нисбатан сезги мезони махфию ошкор ҳолатларда Аллоҳнинг кузатувини ҳис қилиш билан бўлади. Зеро, қалб тақвоси аъзолар тақвосидан илгари бўлмоғи лозим.

Тақво ва солиҳ амал мезон бўлиб, мўминнинг наздида у мезоннинг аҳамияти жуда юқоридир.

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Албатта, Аллоҳ таоло сизларнинг суратингиз ва мол-дунёйингизга қарамайди. Балки, қалбларингиз ва амалларингизга қарайди»[2].

Тақво, Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ зикр қилганидек, уч мартабадан иборат.

Биринчиси: Қалб ва ташқи аъзоларнинг гуноҳлар ва ҳаром ишлардан ғазабланиши.

Иккинчиси: Макруҳ бўлган, ёқтирилмайдиган ишлардан ғазабланиши.

Учинчиси: Бекорчи, кераксиз ишлардан ғазабланиши.

Тақвонинг биринчи мартабаси бандага ҳаёт бағишлайди. Иккинчиси унинг саломатлиги ва қувватини манфаатлантиради. Учинчиси эса, бандани сурур ва хурсандчиликка эриштиради[3].

Қачонки ана шу нарса очиқ англанса, муслима аёл қўлидан келганча қалби рози ва хотиржам тақводорлардан бўлиш учун бирламчи вазифаларини тартиблаб олишга қодир бўлади.

[1]Ибн Ражаб Ҳанбалий: «Жавомиъул улуми вал-ҳикам» (30-31).

[2]Муслим 2564.

[3]Ибн Қаййим: «Ал-фавоид» (32-бет).

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг