Мўминларнинг нафслари «Ла илаҳа иллаллоҳ» сабабли ширкнинг ўша кўринишларидан тўла халос бўлгач, уларнинг қалбларида ажабтовур ўзгариш юз берди. У ўзгариш бамисоли янгидан туғилишдек эди.
У шунчаки тасдиқлаш ҳам, иқрор бўлиш ҳам эмас эди.
У гўёки тўзиб ётган нафсларини янги кўринишда қайтадан тиклаш бўлди.
Бу худди сочилиб ётган темир парчаларининг оҳанрабо – магнит атрофида қаҳрабодек жамланиши каби эди.
Ҳақ сари интилиш ҳаётларининг турли қирраларида катта таъсир қолдирди.
Шу тобда қалбларини, ахлоқларини ва руҳларини эгаллаб турган сохта худоларнинг бари заволга юз тутиб, уларни фақат ҳеч бир шериксиз, якка-ю ёлғиз Аллоҳга ибодатгина банд қилиб қўйди.
Ана шу сохта худолар билан биргаликда уларга тааллуқли бўлган барча нарса – таомиллар ҳамда уларнинг атрофида жамланган барча қизиқишлар ҳам қулади.
Улар учун қабила-ю ота-боболардан қолган урф-одатлар[1] ва мерос анъаналар пашшанинг қанотича вазнга эга бўлмай қолди, ахлоқ ва ҳиссиётларида ўзгариш қила оладиган босимлар бутунлай йўқолди. Қондошлик муносабатлари ҳам, «манфаатлар» алоқаси ҳам уларни бирлаштирадиган ё ажратадиган омил бўлмай қолди.
Балки, иймонга келишларидан аввал бор фикру хаёлларини ўғирлаган, бутун борлиғи – барча тўқнашувларию икир-чикирлари билан машғул қилган дунё энди уларни қизиқтирмай қўйди. Қадриятларни ҳам фақатгина дунёнинг ўзи охиратдан айри ҳолда белгилаб беролмай қолди.
«Ла илаҳа иллаллоҳ» бирлашиш ва ажралиш калитига айланди. У ўзига иймон келтирган қалбларни боғич мисоли боғлар, улар билан бошқа бегона қалбларнинг орасини эса узиб ташлар эди. Қалбларда эски жамланишлар ўрнини бутунлай эгаллаб олган, тўлалигича «Ла илаҳа иллаллоҳ»дан келиб чиққан, шу калиманинг атрофида айланадиган, янги борлиғини «Ла илаҳа иллаллоҳ» ҳосил қилган янги бир жамланиш пайдо бўлди.
Сўнг, уларни «Ла илаҳа иллаллоҳ»га йўллаган, Раб таоло рисолати ҳузурида мужассам бўлган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) улар билан «Дорул-Арқам»да учрашиб, умумбашарият тарихида якка шахс амалга оширган энг буюк ишни рўёбга чиқардилар: ўша нодир авлодни «Ла илаҳа иллаллоҳ» заруратлари ва ахлоқлари асосида тарбиялаб бердилар.
«Ла илаҳа иллаллоҳ» тақозоси ва ахлоқий асосига қурилган таълим, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўлларида олинган тарбия натижасида тарихдаги энг яхши уммат – саҳобалар авлоди вужудга келди.
***
[1]Бу урф-одатлар ҳозирги замонда «Жамоатчилик фикри» деб аталадиган нарсага тўла мувофиқ келади.